Линклар

logo-print

GM Uzbekistan Америка-Ўзбекистон қўшма корхонаси жорий йил май ойида Москвада янги Gentra автомобилининг тақдимот маросимида Ўзбекистонда Lacetti ишлаб чиқариш тўхтатилиши айтилган эди.

Озодлик мухбири суҳбатлашган қўшма корхона расмийси Ўзбекистонда октябр ойидан харидорларга Lacetti ўрнига Gentra бериш режаланганини айтди:


- Машинанинг номи Lacetti бўлмайди, Gentra бўлади. План бўйича презентация қилинади, кейин октябр ойларидан савдога чиқади. Яъни, Lacettiга пул тўлаганлар, эски шартлар сақланиб қолган ҳолда, Gentra машинасини олади, деди ўз исмини айтмасликни сўраган GM вакили.

Ширкат ходимига кўра¸ Gentra автомобили Lacettiдан асосан кўриниши ва мотор ҳажми билан фарқ қилади¸ холос:

- Лицевой томони ўзгарган. Фараси, капотлари ўзгарган. Двигатели бошқа бўлган машинани олади. Нархи ўзгармаган, деди GM расмийси.

Тошкентдаги Роҳат автосалони операторларидан бири Озодлик билан суҳбатда Gentra машинасини Lacettiнинг янгича модификацияси деб таърифлари ва унинг тежамкор бўлгани учун харидорларга ёқишига ишонишини таъкидлади:

- Янгича модификацияда Lacetti чиқади. Кузови сал ўзгартирилган ва мотори ҳажми 1,5. Автомат коробкали Lacettiнинг мотори 1,6 ва механик коробкали Lacettiнинг мотори 1,8 эди. Gentra тежамкор, ёқилғини камроқ сарфлайди. Мижозларга яхшироқ бўлади, деди автосалон вакили.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, механик қутили Gentra шаҳарда 100 километр масофага 8,46 литр, автомат қутили Gentra эса 9,46 литр ёнилғи сарфлайди.

Lacetti нархининг 85 фоизини тўлаб машина олишни кутаётганлар Gentra учун қўшимча пул тўламаслигини айта туриб Роҳат автосалони оператори¸ айни пайтда¸ Gentra нархининг Lacettiдан фарқли бўлиш эҳтимолини ҳам инкор қилмади:

- Агар ўзгартириш киритилса, ўзимиз қўнғироқ қилиб чақирамиз ва “доп соглашение” қилдирамиз, деди Тошкентдаги Роҳат автосалон вакили.

Жорий йилнинг май ойида Москвада Gentra тақдимотини ўтказган GM Uzbekistan вакиллари Россия бозорига чиқариладиган энг арзон Gentra нархининг 399 минг рубл бўлишини билдирган эди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган автомобиллар нархининг Россия ва Украинада ўзбекистонликларга сотилаëтганидан қарийб икки баравар арзо экани кузатилади. Ҳозирча Gentraнинг ўзбек мижозига қанчага сотилиши ҳақида автосалон ходимлари маълумот беришни истамадилар.

Йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга экани айтиладиган GM Uzbekistan қўшма корхонасида Nexia, Cobalt, Lacetti, Malibu, Gentra каби седан, кичик ҳажмдаги Matiz ва Spark, Damas кичик автобуси ва Captiva русумидаги автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG