Линклар

АҚШ Давлат котиби Жон Керри кимёвий қурол қўллагани айтилаётган Сурияга қарши зарбалар бериш борасидаги Вашингтон режаси Европа давлатлари томонидан қўллаб-қувватланишига эришмоқчи.

Жон Керри жума куни Литва пойтахти Вильнюс шаҳрига ташриф буюрди. АҚШ дипломатияси раҳбари бугун Вильнюс шаҳрида Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари билан Сурия мавзусини муҳокама этмоқда.

Якшанба куни Жон Керри Париж шаҳрида бир қатор араб давлатлари дипломатлари билан ҳам учрашади.

АҚШ президенти Барак Обама ўтган ҳафтада Сурия режими кимёвий қурол қўллаганига жавобан бу мамлакатга қарши зарбалар бериш ҳақида қарор қабул қилганини айтган ва бу масала Конгресснинг ҳар икки палатасида овозга қўйилишини ҳам билдирганди.

Конгрессда урушга эътирозлар кучли

Айни пайтда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг кўпчилик аъзолари Сурияга қарши ҳарбий амалиётларни бошлаш ҳақидаги резолюцияни қўллаб -қувватламасликлари, бу режага қарши овоз беражакларини айтмоқда.

Бу ҳақда жума куни "The Washington Post" газетаси ҳамда "Associated Press" агентлиги хабар берди.

"The Washington Post" нашрининг билдиришича, жума оқшомида Вакиллар палатасидаги 443 депутатдан 223 нафари Сурияга зарбалар бериш режасига қарши овоз беришини айтган.

Резолюция қабул қилиниши учун камида 217 овоз зарур бўлади. Резолюция лойиҳаси келаси ҳафтада АҚШ Конгрессида овозга қўйилиши кутилаяпти.

Чоршанба куни АҚШ Сенатининг Халқаро алоқалар қўмитаси Сурияга қарши ҳарбий чора қўллаш резолюцияси лойиҳасини маъқуллаган эди.

Айни резолюцияда амалиётнинг 60 кун ичида, бир ойга узайтириш имкони билан ўтказилиши таклиф этилган.

Амалиётлар вазиятга қараб бир ойга узайтирилиши мумкинлиги айтилган.

АҚШ Сурияга ҳужум қилса, Москва Сурияга ёрдам беради

Айни пайтда Россия президенти Владимир Путин АҚШ Сурияга ҳужум қилса, Москва Ассадга ёрдам беришини билдирди.

Санкт Петербург шаҳрида ўтган Катта йигирмалик саммити доирасида ўтказилган матбуот анжуманида Путин Сурияга ҳам ҳарбий, ҳам инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилишини айтди.

- Сурияга ёрдам берамизми? Берамиз. Ҳозир ёрдам бераётганимиз каби қурол-аслаҳа етказамиз. Ҳозир иқтисодий соҳада ҳам ҳамкорлик қилаяпмиз. Умид қиламан, гуманитар соҳада, жумладан, инсонпарварлик ёрдамлари етказишда ҳам ҳамкорлик кенгаяди, - деди Путин.

Россия президенти Путин Катта йигирмалик саммити доирасида АҚШ президенти Барак ОБама билан Сурия масаласида сўзлашгани, лекин бу борада ўзаро келишмовчиликларни бартараф қилиш имкони топилмаганини ҳам айтди.

Санкт Петербургда ўтказилган икки кунлик саммит якунида гапирган Путин "Яқин Шарқда вазиятни беқарорлашитириш “контрпродуктив” бўлади", дея таъкидлади.

АҚШ расмийларига кўра, 21 август куни Дамашқ шаҳри яқинида уюштирилган кимёвий ҳужум оқибатида 1429 киши қурбон бўлган, улардан 426 нафари болалардир.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри буни инсониятга қарши қилинган жиноят деб атаган ва дунё ҳамжамиятини бу жиноятга бефарқ бўлмасликка чақирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG