Линклар

Куни кеча Тошкентда тўрт паҳлавонни дунёга келтирган Гулшан Ҳайдарова ўғилларига Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим, деб исм берди. Аммо булар бугунги кунда Ўзбекистонда энг кўп тарқалган исмлар эмас.


FactorName.ru сайтининг Ўзбекистонда ёш йигитлар исмлари бўйича тадқиқот ўтказган ташкилотлар ҳисоботига таянган ҳолда ёзишича, мамлакатда Сардор деган исм энг кўп тарқалган исм бўлиб ҳисобланади. Бу хулосага 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган 5 минг йигитга оид маълумотлар тадқиқ этилганидан кейин келинган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда туғилган ҳар қирқ ўғилдан биттасига Сардор исми берилади.

Гарчи Сардор исми “раҳбар”, “бошлиқ” маъносини англатса-да, ўзбекистонликлар мустақиллик йиллари арафасида ҳам, ундан кейин ҳам бу “раҳбар”ликни мамлакат президенти Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлаб қўймаган, дея тахмин қилиш мумкин. Нафақат давлат раҳбарининг, балки Ўзбекистондаги аксар аҳоли эътиқод қилувчи диннинг ҳам номи бўлган Ислом исми мазкур рейтингда машҳурлик шоҳсупасининг 9-поғонасига чиқолган, холос.

Машҳурлик бўйича иккинчи ўринда эса Бекзод, учинчида Достон, тўртинчида Шерзод каби замонавий исмлар туради.

Ўтмишдаю ҳозирда яшаб ўтган давлат раҳбарлари ичида Бобур (Заҳириддин Муҳаммад), афтидан, ўзбекистонликлар кўнглига яқинроқ кўринади. Бу исм машҳурлик поғонасида 5-ўринни эгаллаган.

Таниқли шахслар орасида “Ўткан кунлар” қаҳрамони Отабек (7-ўрин) ва Мовароуннаҳр ҳукмдори Улуғбек (8-ўрин) ҳам, исмлар рейтингига кўра, Ўзбекистонда Ислом деган исмдан кўра машҳурроқдир.

Айни пайтда ўзбеклар фахри бўлган Навоий мулаққаб ҳазрат Алишер исми (10-ўрин) сўнгги пайтларда урфдан қолаётгани кузатилади.

FactorName рейтингига ишонилса, ўзбекистонликлар яна ўз ўғилларига Жасур, Нодир, Дилшод, Анвар, Жаҳонгир, Азиз, Ойбек, Сирожиддин, Жавоҳир, Жамшид, Рустам каби исмларни ҳам кўп қўядилар.

Албатта, бу ва бошқа исмлар фақат шу ҳолича эмас, балки жон, бой, ёр, бек, мир, абду каби қўшимчалари билан ҳам учрайди.

FactorName нашри машҳур Google ва Yandex қидирув тизимларида энг кўп қидирилган ўзбек эркаклари исмлари рўйхатини ҳам келтиради. Маълум бўлишича, интернет фойдаланувчи учун энг матлуб исм Рустамдир. Шунингдек, глобал тармоқ фойдаланувчилари ўзбекларга хос бўлган Азамат, Анвар, Нодир ва Бахтиёр каби исмларни ҳам кўп қидирар эканлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG