Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:02

Навальний сайлов натижалари сохталаштирилганини иддао қилмоқда


Рус мухолифатчиси Алексей Навальний.
Рус мухолифатчиси Алексей Навальний.

Якшанба куни Москва мэри лавозимига номзод ўлароқ қатнашган рус мухолифатчиси Алексей Навальний овоз бериш натижалари сохталаштирилганини даъво қилиб чиқди.


Навальний ўз рақиби Сергей Собяниннинг якшанба кунги овоз бериш чоғида 50 фоиздан кўп овоз олганига ишонмаслигини айтди. Мухолифатчи сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилишини талаб қилди, акс ҳолда, ўз тарафдорларини кўчага чиқишга чақиражагини билдирди.

- Биз сайлов участкасидан ташқарида берилган овозларни тан олмаймиз. Биз участкалар ташқарисидаги овоз бериш натижалари бекор қилинишини талаб қиламиз. Биз сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилишини талаб қиламиз, - деди Алексей Навальний.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, 8 сентябр куни Москвада бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Москва мэри вазифасини бажарувчи Сергей Собянин 51 фоиздан ошиқроқ, Навальний эса 27 фоиздан кўпроқ овоз олган.

Навальний штаби вакиллари аввалроқ ўзлари ўтказган сўров натижаларига асосланган ҳолда, москвалик сайловчиларнинг 46 фоизи Собянинни, 35,6 фоизи эса Навальнийни қўллаётгани ҳақида маълум қилгандилар.

Маҳаллий сайлов қонунчилигига кўра, мэрликка номзодлардан ҳеч бири 50 фоиз овоз жамғаролмаса, сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши лозим.

Кеча кечқурун ўз штабида брифинг берган Алексей Навальний сайлов бир босқичдаёқ якунланса, ўз тарафдорларини норозилик намойишига чиқишга даъват этди.

- Агар Москва мэрияси ўзини ножўя тутадиган бўлса, эртага албатта сизлар билан ажобий шаҳримиз кўчаларида учрашамиз, - деди Навальний.

Айни пайтда Навальнийнинг асосий рақиби, Кремл тамсилчиси Сергей Собянин мэрликка номзодлар тарафдорлари ўртасида қарама-қаршилик йўл қўймасликка чақирди.

“Сайловнинг иккинчи босқичини ўтказиш бўйича Навальний талабига қандай қарайсиз?” деган саволга Собянин: “Бу саволни менга эмас, сайлов комиссиясига беринг”, деб жавоб берди ва ҳозирги пайтда номзодларнинг тарафдорлари тўқнашиб кетмаслиги муҳимлигини урғулади.

- Шаҳарни қисмларга бўлиб олиб, одамларни бир-бирига қарши қайрамаслигимиз жуда муҳим. Бу менга ҳам боғлиқ, аммо бу менга рақиб бўлган бошқа номзодларга ҳам дахлдордир, - деди Сергей Собянин.

Бу орада Алексей Навальнийнинг тарафдорлари бугун оқшом соат 7 да Болотная майдонида йиғиладиган бўлди.

РБКнинг хабар қилишича, шаҳар расмийлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда уюштирилаётган бу тадбир 2,5 минг киши иштирокига мўлжалланган.

Мухолифатчи Навальний меҳнат муҳожирларига, хусусан, ўзбекларга қарши экани ҳақидаги баёнотлар билан чиққан. Москва мэри вазифасини бажараётган Сергей Собянин эса, кузатувчиларга кўра, бундай қарашда экани сўзда эмас, балки амалда исботлаяпти.
XS
SM
MD
LG