Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:11

KNOC Ўзбекистондаги уч йирик лойиҳасини ёпмоқчи


KNOC – Корея миллий нефт корпорацияси Чуст-Поп ва Наманган-Тергачин нефт-газ манбаларига доир лоиҳалар бўйича уч йилга келишилган геологик қидирув ишларини якунлагани ва Оролбўйида ишлаётган ширкатлар консорциумидан чиқиши ҳақида Ўзбекистон ҳукуматини хабардор қилгани айтилмоқда. Бироқ, ширкат расмийлари бу хабарни ҳозирча изоҳламаётир.



Корея миллий нефт корпорацияси - KNOC Фарғона водийсидаги иккита йирик нефт ва газ конларидаги қидирув ишлари бўйича лойиҳаларини якунлагани ҳақида Ўзбекистон ҳукуматини хабардор қилгани айтилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, Trend.az нашрининг хабар қилишича, ширкат Чуст-Поп ва Наманган-Тергачин нефт-газ манбаларида уч йилдан беш йилгача давом этиши кўзда тутилган геологик қидирув ишларини якунлаган.

KNOC билан "Ўзбекнефтгаз" ширкатлари ўртасида имзоланган ва қиймати 61 миллион АҚШ долларига тенг бўлган бу лойиҳа 2009 йилнинг августида бошланган эди.

Ҳозирча шартномада келишилган минимум муддатда лойиҳани ёпиш ҳаракатига тушган KNOC ширкати ўз қарори сабабларини очиқламаяпти.

Озодлик мухбири ширкатнинг Тошкент ва Сеулдаги идоралари, шунингдек, Жанубий Кореянинг Тошкентдаги элчихоналаридан ҳозирча аниқ жавоб ололмади.

Фақатгина ширкатнинг Сеулдаги қароргоҳи Осиё давлатлари бўйича геологик-қидирув лойиҳалари бўлими ходими, мухбир билан микрофонсиз суҳбатда, ҳукуматлараро келишувлар асосидаги лойиҳаларга оид маълумотлар "ўта конфиденциал" эканини эслатди.

Шунингдек, бу расмий Ўзбекистондаги шўъба корхона ҳануз ишлаётгани ва бир неча йирик лойиҳалар амалга оширилаётганини қўшимча қилди.

Айни пайтда, Ўзбекистон ҳукуматидаги манбасига таянган Trend.az нашри KNOC ширкатининг 20 фоизлик улушга эга бўлган Aral Sea Operating Company консорциумидан ҳам чиқиши ҳақида хабар қилмоқда.

2007 йилда "Ўзбекнефтегаз", Petronas (Малайзия), Lukoil (Россия), KNOC ва CNPC (Хитой) ширкатлари сармояси асосида ташкил қилинган консорциумда Корея ширкати 20 фоизлик улушга эга.

Бунга қадар 2011 йилда Petronas ширкати консорциумдан чиққан ва умуман, Ўзбекистондаги бизнесини тўхтатган эди.

2009 йилда Устюртдаги Урга, Қуаниш ва Ақчалақ конларини ўзлаштириш бўйича 25 йилга мўлжалланган келишувни имзолаган Малайзия ширкати Ўзбекистондан чиқишини тижорий сабаблар билан боғлаган, лекин бу борада аниқ расмий изоҳ бермаган эди.

Ўзбекистондаги икки йирик лойиҳасини минимум муддатда якунлаган ва айни пайтда Оролбўйидаги консорциумни ҳам тарк этгани айтилаётган KNOC ширкати ҳам Ўзбекистондаги лойиҳалари доирасини торайтиришга туртки бўлган сабабларни ҳозирча изоҳлаётгани йўқ.

Муҳими шундаки, Корея ширкати ҳам, худди Petronas ширкати каби, Ўзбекистон президентининг 2012 йил сентябр ойида Сеулга қилган давлат ташрифидан сўнг Ўзбекистондаги лойиҳаларини кенгайтиришга қарор қилган эди.

Жанубий Кореянинг собиқ раҳбари Ли Мён Бакнинг 2011 йил августида Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувлар асосида KNOC ширкати Фарғона водийсида амалга ошираётган иккита йирик лойиҳа эса давом этмоқда.

Булардан бири Ғарбий Фарғонадаги газ ва нефт манбаларида геологик-қидирув лойиҳаси бўлса, яна бири айни вилоятда жойлашган Чинобод сармоя блокидаги лойиҳадир.

Умумий қиймати қарийб 90 миллион АҚШ долларига тенг бўлган бу лойиҳаларни ҳам камида уч, кўпи билан эса 5 йилда якунлаш кўзда тутилган.

Яъни, уч йил муддатга мўлжалланган ва қиймати қарийб 30 миллион АҚШ долларига баҳоланган дастлабки лойиҳа 2014 йилнинг август ойида якунига етади.

Бу лойиҳалар ҳам минимум муддатда ёпиладими ёки давом эттирилади - бу ҳақда ҳозирча бирор маълумот йўқ.

Корея миллий нефт корпорацияси - KNOC Ўзбекистонга катта сармоялар билан кириб келган сўнгги йирик ширкатлардан биридир.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Тошкент ва Сеул ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан 20 йил ўтиб, Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизган сармояси 10 миллиард доллардан ошган.

Ўзбекистонда Жанубий Корея инвестицияси иштирокида 400 дан зиёд корхона фаолият юритаётгани, улардан 66 таси тўлиқ Корея ширкатлари сармояси билан ишлаётгани қайд этилган.

Бироқ, булар орасида энг катта сармоя киритган ва энг йирик лойиҳаларни олиб бораётган ширкат айнан Корея миллий нефт корпорацияси — KNOC ширкатидир.
XS
SM
MD
LG