Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:13

Президент очган Хадра фаввораси бузиб ташланди


Хадрадаги фаввора президент Ислом Каримов
Хадрадаги фаввора президент Ислом Каримов
Тошкентнинг Хадра майдонидаги янги қурилган фаввора ишга туширилганига бир ҳафта бўлмасдан демонтаж қилинди.

Тошкент циркида ишловчи Озодлик манбасига кўра, муҳташам фаввора шаҳар ҳокимияти қурувчилари тарафидан кейинги икки кун ичида бузиб ташланган.

- Фаввора атрофидаги яшил чимзорлар зудлик билан тротуарга айлантирилиб, тош тўшалмоқда, фонтан эса бузиб ташланди, - дейди исми очиқланишини истамаган Озодлик манбаси.

"Тошкент марказидаги давлат бюджети ҳисобидан қурилган фаввора нега икки кун ишламасдан бузиб ташланди? Нега фаввора атрофидаги яшил чимзор кўмиб ташланиб, троутарга айлантирилди?" деган савол жавобини қидириб, Тошкент шаҳар ҳокимиятига қўнғироқ қилдик.

Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар ҳокимияти қурилиш департаментининг ўзини таништирмаган мулозими бу ўзгариш Ўзбекистон президентининг Хадра майдонидаги фаввора очилишига борганидан кейин амалга оширилганини айтди.

Мулозимнинг айтишича, "Тошкент марказидаги фаввора Ўзбекистон президенти таклифига кўра, мусиқа янграйдиган фонтанга айлантириш учун бузилган”.

Суҳбатдошга кўра, пойтахт марказидаги Хадра майдони президент насиҳати асосида яна янги қиëфа касб этади ва Навоий проспектига олиб чиқувчи шоҳ кўча майсазор ва гулзорга айлантирилади.

Тошкент шаҳар ҳокимияти қурилиш департаменти мулозимининг Озодликка билдиришича¸ президент тавсиясига биноан Хадра майдонида яна қўшимча декоратив дарахтлар ва гуллар ўтқазилади, болалар майдончалари қурилади.

- Буларни ҳаммаси шаҳарликлар манфаатлари учун қилинмоқда, - деди суҳбатдош.


Куйлайдиган фаввора ва сакура дарахти

Тошкентдаги “ЕВРО-САД” кўкаламзорлаштириш ширкатида ишлайдиган ва ўзини Жамшид деб таништирган 24 ёшли боғбоннинг Озодликка айтишича¸ шу кунларда Хадра майдонидаги хиëбонга сакура, каштан каби декоратив дарахтлар зудлик билан экилмоқда.

Суҳбатдошга кўра, бу дарахтларни ўтқазиш бўйича буюртма мустақиллик байрамидан кейин келиб тушган.

Жамшиднинг айтишича, Хадра майдонидаги фонтан ва унинг атрофидаги хиëбон президентнинг танқидига учраган.

Хадра майдонидаги ранг-баранг диод чироқлари воситасида фавворадан отилган сувларга уйғун тарзда чарақлайдиган 12 метрлик фонтан 29 август куни фойдаланишга топширилган эди.

Навоий шоҳ кўчаси туташган цирк биноси олдидаги хиëбонга қурилган янги фавворани 29 август куни Ўзбекистон президенти тантанали тарзда очиб бергани мамлакат телеканалларининг асосий хабар мавзусига айланган эди.

Бу фаввора очилиши арафасида ҳайдовчиларни Хадра майдонидан Навоий кўчасига зудлик билан элтган йўл устига тупроқ қатлами солиниб, дарахтзорга айлантирилганди.

Фавворани очиш тантанасида Ўзбекистон президентининг кўзи тушиши мумкин бўлган Хадра майдонидаги иккита катта автомобил йўли тантанадан бир кун олдин бир кеча ичида арча ва каштан дарахтлари ўсган боққа айлантирилган эди.

Фаввора очилиши тантанасида гапирган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ўзининг нафақат сиëсат ва иқтисод, балки меъморлик соҳасида ҳам билгич эканини кўрсатишга тиришгани кузатилди.

Тошкент марказидаги Хадра майдонида амалга оширилган қурилиш ишлари билан танишиш пайти Ислом Каримов Тошкент яна асл қиëфасига қайтиши керак, деган фикрни ифода қилди:

- Тошканни - кўҳна шаҳар, 2000 йилдан кўпроқ тарихи бор бу гўзал шаҳарни яна эски ҳолатини қайтарамиз. Мисол учун, дарвозаларни, бошқаларни ҳаммасини яна қайтаришга имкон пайдо бўлади, деди президент Ислом Каримов. (Каримов гапларининг эга-кесими ўзгартирилмасдан ëзилди - таҳр.)

Эски Тошкентни қўмсаш

29 август куни очилганидан бир неча кун ўтиб бузиб ташланган фаввора Хадра майдонида илк бор барпо қилингани йўқ.

Хадра майдонида 1975 йилда таниқли совет меъмори Глеб Мосягин тарафидан яратилган мармар фаввора ўша давр архитектура намунаси ҳисобланган.

Глеб Мосягин барпо қилган эски фаввора айланма шаклидаги цирк биноси меъморчилигининг узвий ва уйғун давоми сифатида яратилган эди.

Хадра майдонини мутахассис бўлмаган турли мулозим ва раҳбарлар хархашаси бўйича меъморий “таҳрир” қилиш, шаҳарсоз архитекторларга кўра¸ фақат салбий оқибатларга олиб келган.

Тошкентлик ҳайкалтарош Улуғбек Усмоновнинг айтишича, Тезиковка, Ташсельмаш, Геология музейи, Олой ва бошқа бозорларда бузиш ишлари пойтахтнинг сўнгги юз йилда шаклланган қиëфасини тарихдан сидириб ташлаган.

Суҳбатдошга кўра, Тошкентда 1898 йили таниқли меъмор А. Бенуа лойиҳаси бўйича қурилган Александр Невский черкови биносининг 2010 йилда бузилиши ҳам “мулозимлар хархашаси туфайли содир қилинган ва шаҳар учун салбий оқибат касб этган” ҳолатдир.
XS
SM
MD
LG