Линклар

Башар ал-Ассад Вашинтонни оқибатлардан огоҳлантирди


АҚШнинг CBS телеканалида эфирга берилган интервьюсида Сурия Президенти Башар ал-Ассад Америка ҳарбий ҳужумни бошласа, бунинг учун “ҳақ тўлашига” тўғри келади, дея таъкидлади.

АҚШнинг CBS телеканалида эфирга берилган интервьюсида Сурия Президенти Башар ал-Ассад Америка ҳарбий ҳужумни бошласа, бунинг учун “ҳақ тўлашига” тўғри келади, дея таъкидлади.

Сурия Президенти Башар ал-Ассад Вашингтонга огоҳлантирув эълон қилиб, Қўшма Штатлар Сурияга ҳужум қилгудек бўлса, бунга жавобан “ҳар нарсани кутишингиз мумкин”, дея баёнот берди. Обама маъмурияти АҚШ Конгрессини Сурияда ҳарбий интервенцияни бошлаш ваколатини беришга кўндиришга уринмоқда. Россия эса Сурияга ҳарбий ҳужум қилишнинг ҳалокатли оқибатларидан огоҳлантирмоқда.




Душанба куни АҚШнинг CBS телеканалида эфирга берилган интервьюсида Сурия Президенти Башар ал-Ассад Америка ҳарбий ҳужумни бошласа, бунинг учун “ҳақ тўлашига” тўғри келади, дея таъкидлади.

- Ҳар нарсани кутишингиз мумкин. Бу Сурия ҳукумати тарафидан бўлиши шарт эмас. Яъни фақат ҳукумат тарафидан эмас. Сурия ҳукумати минтақадаги ягона ўйинчи эмас. Турли партиялар, турли фирқалар ва турли мафкуралар бор, деди Башар ал-Ассад.

Ассад ўз ҳукумати тарафидан кўрсатиладиган қаршилкдан ташқари, ҳарбий амалиёт минтақада “вазиятни беқарорлаштириши ва террорчиликнинг тақалишига ҳисса қўшиши”дан огоҳлантирди.

Ассад режими Эрон тарафидан қўллаб-қувваталанди. Бундан ташқари Дамашқ Ливанда жойлашган Ҳизбуллоҳ шиа жангари гуруҳининг асосий ҳомийси ҳисобланади.

Инглиз тилида берган интервьюсида Ассад “Энг ёмон ҳодисаларни кутишимиз мумкин”, дея қўшимча қилди.

Сурия президентининг бу сўзлари АҚШ Президенти Барак Обама маъмурияти конгрессни Сурия ҳукуматига қарши чекланган ҳарбий ҳужумни уюштиришга рухсат беришга кўндириш уринишларини давом эттираётган пайтда янгради.

Вашингтон 21 август куни Дамашқ яқинида 1400дан ортиқ одамни ўлдирган кимёвий ҳужумда Сурия ҳукуматини айбламоқда.

Лекин Ассад душанба кунги интервьюсида бу айбловларни яна бир бор рад этди.

Душанба куни Европага сафарини якунлаган АҚШ Давлат котиби Жон Керри Ассаднинг раддиясини “фактлар инкор қилмоқда”, дея таъкидлади.

Лондонда Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг билан учрашувдан кейин қилган чиқишида Керри Сурия режимини кимёвий қурол ишлатгани учун жазолаш кераклигини яна бир бор таъкидлади.

- Бу вазиятдан юзимизни ўгирмаслигимиз лозим. Бу вазиятда ҳаракат қилмаслик, ҳаракат қилишдан кўра таҳликалироқдир, деди Керри.

Керри шунингдек, Ассад режими ихтиёридаги кимёвий қуролларнинг барчасини халқаро ҳамжамиятга топширса Сурияга ҳарбий ҳужум қилиниши олдини олиши мумкинлигини таъкидлади. Лекин, деди у, Сурия президенти бундай қилишни истамаётир.

Душанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Қўшма Штатларнинг Сурияга ҳарбий ҳужум уюштириши “террорчиликнинг авж олиши” ва қочқинларнинг янги тўлқинига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Лавров бу фикрни Москвада Сурия Ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллим билан учрашувдан кейин билдирди.

Ал-Муаллим Россия Президенти Владимир Путиннинг қўллови учун унга президент Башар ал-Ассаднинг шахсий миннатдорчилигини ҳам етказди.
XS
SM
MD
LG