Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:47

Тошкент мактаблари пахта теримига "команда" олди


Бу йилги пахта мавсумида ҳам миллионлаб ўзбекистонлик далаларга олиб чиқиладиган кўринади.
Бу йилги пахта мавсумида ҳам миллионлаб ўзбекистонлик далаларга олиб чиқиладиган кўринади.

Тошкентдаги умумий таълим мактаблари пахта теримига жалб қилина бошлади. Шаҳардаги бир неча мактабдан олинган маълумотга кўра, 9 сентябр куни мактаблардаги техник ходимлар – фаррошлар, қоровуллар, котибаларни кундалик равишда Тошкент вилоятига пахта теримига юбориш ҳақида топшириқ бўлган.



Тошкент шаҳридаги умумий таълим мактабларининг бир нечтасига боғланган Озодлик мухбири ходимларни пахта теримига тайёрлаш ҳақида 9 сентябрда шаҳар ҳокимлигидан топшириқ бўлгани ҳақида маълумот олди.

“Бизга ҳозирча фақат техник ходимлар ҳақида айтишди, шу уборщица, секретарщалар шунақада основном. Ўқитувчиларга ҳали ҳеч нарса дейишмади”, деди Тошкент шаҳридаги 13-сонли мактаб ходими Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Юнусобод туманидаги мактаблардан бирининг ходими бу маълумотни тасдиқлар экан, ҳозирча ходимлар пахта теримига жўнатилмагани, бироқ жўнаб кетишга тайёр туриш сўралганини айтди.

Айни пайтда, бу ходим тез орада ўқитувчиларни йўллаш ҳақида ҳам топшириқ бўлиши мумкинлигидан гапирди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили унинг мактабидан кундалик равишда 6 ўқитувчини пахтага йўллаш сўралган.

“Бу йил пахта эрта очилганмиш, кўпмиш, дейишяпти. Шунга қараб турибмиз биз ҳам. Чиқасан, дейишса - чиқамиз, тайёрмиз”, деди Юнусобод туманидаги умумий таълим мактабларидан бири ходими.

Тошкентдаги мактаб ва боғчалар ходимларининг пахта теримига сафарбар қилина бошлаганини хабар қилган Uzmetronom Интернет нашри теримга боришни истамаганлар учун мажбуриятни пул билан ёпиш имкони таклиф қилингани ҳам ёзди.

Нашрнинг ёзишича, давлат идораларининг пахта теримига боролмайдиган ходимлари тегишли ташкилотларга 400 минг сўм пул тўлаши лозим. Ўтган йил эса бу сумма 300 минг сўмни ташкил қилган.

Пулни йиғиб олаётган давлат идоралари раҳбарлари эса бу пулга пахта теримига боришга рози бўлган мардикорларни ёллаши кузатилади.

Шайхонтоҳур туманидаги умумий таълим мактабининг Озодлик билан микрофонсиз гаплашган ходими ўтган йиллардаги каби теримга бора олмайдиганлар мардикор ёллашини тасдиқлар экан, мардикор учун бу йил йиғилаётган маблағни очиқ айтишдан чўчиди.

"Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик компанияси ходимидан эса Тошкентдаги давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларига 10 сентябрдан пахта теримига олиб чиқиш мумкинлиги айтилганини маълум қилди.

Тошкент шаҳридаги давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари сўнгги йиллар давомида Тошкент ва Сирдарё вилоятларига теримга олиб чиқилмоқда.

Айни пайтда, Тошкент вилоятининг ўзида ҳам давлат идоралари, банклар ва ҳатто, маҳалла аҳолиси ҳам пахта теримига шай турибди.

Ҳар икки вилоятда бу йилги йиғим-терим мавсуми 10 сентябрдан бошланиши айтилган.

Хусусан, Бўка туманидаги мутасадди идоралардан бирининг ходими бу туманда ҳар бир маҳалладан 5 тадан теримчини пахтага ҳозирлаш топширилганини айтган.

"Лекин шунақа қаттиқ турибди. Бизгаям ҳар бир маҳаллага бештадан одам бергану. Қийин бўладида, чунки биздагиларам ёш болаликда. Шу, бола пули бўлмайди, бошқа, деб бир амаллаб олиб чиқамизда энди! Бу йил қаттиқ бўлади, деяпти бир амаллаб бир ой чидасак, ўтиб кетади", деди Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги мутасадди идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Ҳозирча Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида пахта терими бошланди.

Навоий вилоятидаги касалхоналардан бирининг ҳамшираси 6 сентябрдан буён ҳамкасблари вилоятининг Қизилтепа туманида ётоқда қолиб, пахта тераётганини айтди.

“Шу уч кунча бўлди, бизнинг қизларимиз ётоққа чиқиб кетган. 10-15 кунда келади, кейин бошқалар ўрнига кетади. Кейин яна кундалик теримга чиқаришса, кунига бориб териб келамизда”, деди Навоий шаҳридаги касалхоналардан бирининг ходими.

Сурхондарё вилоятида эса 6 сентябрдан бошлаб жанубий туманлардаги корхона ва ташкилотлар ходимлари пахта теримига сафарбар этилган.

Озодликнинг Жарқўрғондаги манбаси у яшаб турган ҳудудлардаги давлат ташкилотлари ходимлари Жиззах вилоятига ётоққа олиб кетилаётганини айтган.

Жарқўрғон тумани ҳокимлиги мутасаддиси бу хабарини тасдиқлаган.

- Ташкилотлар, корхоналар уже бугундан пахта теримига чиқишни бошлади. Эртадан оммавий сафарбарлик бўлади, деган эди 5 сентябр куни боғланган мухбирга жавобан ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистоннинг жанубий туманларида пахта теримига сафарбар этиладиган ҳашарчиларга жой тайёрлаш бу йилги мавсумда ҳомий ташкилотларга тақсимлаб берилди.

Ҳар бир ташкилот ҳашарчиларнинг ётоқ жойини таъмирлаб, уларнинг қозонию самоваригача таъминлаши лозим.

Ўзбекистонда бу йил уч миллион тоннадан ортиқ пахта териш режалаштирилган.

Кейинги икки йил давомида мажбурий болалар меҳнатини тўхтатиш борасида кучайган халқаро босимлар остида Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда Болалар мажбурий меҳнатини тугатишга қаратилган қонун қабул қилган.

Бундан ташқари, 2011-2012 йиллар давомида хусусий фермерларга болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳам қаттиқ тақиқланди.

Шу боис, 2011-2012 йиллардаги пахта йиғим-терими мавсумида, ҳатто Тошкент шаҳридаги хусусий боғчалар, клиникалар, савдо муассасалари зиммасига ҳам пахтага теримчи йўллаш топшириғи юкланди.

Теримчи йўллай олмаганлар эса бир кунда териладиган пахта нормаси ҳамда ёлланган теримчининг ётоғию емагига кетадиган ҳаражат миқдорида пул беришга мажбурланди.

Озодлик Тошкент шаҳридаги касалхоналар шифокору-ҳамшираларининг пахта теримига олиб чиқилиши ва улар маошларидан пул ушлаб қолинаётгани ҳақида ҳам хабарлар берган.

Расмий идоралар ва Озодлик манбалари йўллаган хабарлар мазмунига кўра, Ўзбекистонда бу йилги пахта ҳам, асосан, давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусий корхоналар ва айниқса, таълим муассасалари ходимлари, талабалари қўли билан териб олиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG