Линклар

Москвада Навальний тарафдорларининг митинги бўлиб ўтди


Навальний тарафдорлари митингига, маълумотларга кўра, ўн минглаб одам келган.

Навальний тарафдорлари митингига, маълумотларга кўра, ўн минглаб одам келган.

Кеча оқшом Москванинг Болотная майдонида шаҳар мэри лавозими учун ўтказилган сайловда, расмий маълумотларга кўра, иккинчи ўринни эгаллаган мухолифатчи Алексей Навальний тарафдорлари митинг ўтказди.

Йиғилганлар олдида чиқиш қилган Навальний тунов кунги сайловларда ҳақиқий сиёсат дунёга келганини билдирди.

- Биз Москвада сўнгги 20 йил ичида истаган мухолифат намояндасидан кўпроқ овоз ололдик. Бунинг учун сизга раҳмат, бу ҳақиқий ғалабадир, - деди Навальний.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, митингда ўн минглаб киши иштирок этган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра эса, Болотная майдонига 9 минг чоғли одам келган.

Шаҳар мэрияси ходими Алексей Майоров Интерфакс агентлигига Москва расмийлари митинг иштирокчилари сони ошиб кетгани юзасидан текширув ўтказиш ниятида эканини айтган. Аввал хабар қилганимиздек, мэрия билан келишиб ўтказилган бу митингда 2,5 мингтагача одам иштирок этиши мумкин эди. Навальний сайлов штаби вакиллари шу муносабат билан ўзларига жарима солинганини маълум қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, Москва шаҳар сайлов комиссияси кеча эълон қилган расмий натижаларга кўра, якшанба куни ўтказилган мэр сайловида Алексей Навальний 27,2 фоиз овоз жамғарган. Ғалаба эса 51,3 фоиз овоз жамғармиш Сергей Собянинга насиб этган.

Айни пайтда Навальний сайлов натижаларидан норози эканини билдирди. У ўз тасарруфида сайлов натижалари сохталаштирилганига оид далиллар борлигини иддао қилмоқда.

Навальний сайловда ғолиб топилган Сергей Собянин, агар овозлар қайта саналишига рози бўлмаса, қонуний равишда сайланган мэр бўлиб ҳисобланолмаслигини қайд этди.
XS
SM
MD
LG