Линклар

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилотининг билдиришича, Тожикистон фуқароси Абдумавлон Абдураҳмонов Ўзбекистонда беш ойдан буён тергов изоляторида қолмоқда, унга адвокат билан ҳам, қариндошлари билан ҳам кўришиш имкони берилмаяпти.


Ташкилотга кўра, Тожикистон элчихонаси вакиллари Абдураҳмоновни кўриш учун қамоқхонага борганлар, лекин унинг қариндошларига ва адвокатига бу имконият ҳали берилмаган.

Тожик фуқаросининг қамалиши сабаблари ҳам номаълум бўлиб қолмоқда.

Абдураҳмоновнинг қариндошлари шу пайтгача унинг қаерда эканидан хабарсиз эди.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, Абдураҳманов ҳозирда пойтахт Тошкентда, Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхонасида ушлаб турилибди.

Ташкилот фаолларидан бири Гитти Данҳам Озодлик билан суҳбатда Абдураҳмоновнинг тақдиридан ташвиш билдирди.

- Ташкилотимиз Абдураҳмонов тақдиридан ниҳоятда ташвишда. Сабаби - Ўзбекистонда махбуслар, айниқса, тергов изоляторида сақланаётган пайтда кўпроқ қийноққа солинади ва таҳқирлашларга дуч келишади, - дейди Данҳам.

Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси расмийлари ҳозирча Абдураҳмонов билан қамоқхонадаги учрашув тафсилотларини очиқлашмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, 38 ёшли Абдумавлон Абдураҳмонов шу йилнинг 25 апрел куни биринчи оиласидан туғилган фарзандини кўриш учун Ўзбекистонга борган.

Орадан уч кун ўтгач, Абдураҳмоновнинг собиқ хотини Тожикистондаги унинг қариндошларига телефон қилиб, собиқ эрини Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари қўлга олганини маълум қилган. Ўшандан бери унинг тақдири тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ эди.

Дастлаб Абдураҳмонов Тошкентдан 150 километр нарида жойлашган Бекобод туман ички ишлар бўлимида сақланди.

У билан изоляторда бирга ўтирган шахс июл ойида Тожикистонга телефон қилиб, бу ҳақда маълум қилган эди.

Айни пайтда Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматига инсон ҳуқуқлари бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини эслатиб, расмий Тошкентни Абдураҳмоновнинг тақдири тўғрисида аниқ маълумот беришга чақирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG