Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:31

ЮНЕСКО Самарқанддаги таъмир ишлардан ташвишда


Самарқанддаги Бибихоним масжиди.
Самарқанддаги Бибихоним масжиди.

ЮНЕСКО раҳбари Ирина Бокова ўз ташкилоти кўҳна Самарқанднинг тарихий ва меъморий ёдгорликларини сақлаб қолишда ўзбек расмийларига ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Бир пайтлар соҳибқирон Темур асос солган улкан давлатнинг пойтахти бўлган бу шаҳарда анчадан буён кўҳна обидаларни таъмирлар бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, бироқ танқидчилар бу таъмиротдан сўнг меъморий ёдгорликлар тарихий қиёфасидан мосуво бўлаётганини таъкидламоқдалар.


Қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган Самарқанд Амир Темур даврида қатор меъморий обидалар қурилганидан сўнг ўзгача салобат ва шукуҳ касб этган.

Шаҳарда кўп йиллардан бери кўҳна обидаларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Самарқанд президент Ислом Каримовнинг ватани бўлиб ҳисобланади ва аксар танқидчилар унинг Амир Темур каби буюк қурилиш орқали мустақил Ўзбекистон ютуқларини кўз-кўз қилишга уринаётганини урғулайдилар.

ЮНЕСКО Самарқанддаги таъмир ишлардан ташвишда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:22 0:00


Айрим мутахассислар бу ерда тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ўрнига маданий меросни йўқ қилиш ҳолати кузатилаётганини, таъмир чоғида замонавий, сифати паст материаллар ишлатилаётганини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистонда таъмирлаш соҳаси ҳақидаги саволларга ЮНЕСКО раҳбари Ирина Бокова Самарқандга ташрифи чоғида жавоб берган. Директор хоним бу жабҳада сезиларли ютуқларга эришилганини, бироқ экспертларда таъмир ишларининг сифати бўйича кўплаб саволлар туғилаётганини қайд этди.

- Баъзан биз қайта тиклаш ишларини шошиб амалга оширамиз. Ниятимиз жуда яхши, биз ҳамма нарсани тез орада тиклаб, сақлаб қолишни истаймиз. Айни пайтда аслга мувофиқлик масалалари назаримиздан сал четроқда қолиб кетади, - дейди ЮНЕСКО раҳбари.

Ирина Бокова обидаларни аслий ҳолатда сақлаб қолиш учун ЮНЕСКО ўзбек ҳукумати билан бирга ишлашга тайёр эканини билдирди. Бироқ таъмир ишлари охирлаб бораяпти ва аксар маданий мерос объектларининг тарихий қиёфасини эндиликда қайтариб бўлмайди.

Улардан бири ўта ошиғич суръатда (1399 йилдан 1404 йилгача) барпо этилган Бибихоним масжиди бўлиб ҳисобланади.

Марказий Осиёдаги энг катта бўлган бу масжид деворлари ромб шаклидаги фигуралар ва кўфий ёзувлар билан безалган, бино ғиштлари нақшинкор қилиб терилган, аркларга эса сирланган сопол билан зеб берилган.

Дастлаб масжид бизнинг кунларгача етиб келмаган девор билан ўралмиш, бурчакларида эса тўрт минораси бўлган йирик иншоот эди. Қурилмаларни ўнлаб устунлар тутиб турадиган ёпиқ хонақоҳ бирлаштириб турарди.

Аммо ҳукмдорга ёқиш ва қурилишни тезроқ битказиш истагида бўлган усталар бино тузилиши ва пойдевор қўйилишида хатога йўл қўйганлар. Зилзилалар уларнинг хатосини юзага чиқариб қўйган ва масжид Амир Темур ҳаётлигидаёқ нурай бошлаган.

Экспертлар замонавий таъмирдан кейин қурилишнинг аслидан кам нарса қолганини тахмин қилмоқдалар ва масжиднинг янги биноси тақдири ҳам Амир Темур давридаги меъморий ёдгорлик тақдири каби бўлиши мумкинлигидан ташвишланаётирлар.
XS
SM
MD
LG