Линклар

Ўзбекистонда хитой тилига қизиқиш ортмоқда


Аввалари инглиз, француз, испан тилларига қандай қизиқиш бўлган бўлса, бугун хитой тилига ҳам шундай қизиқиш пайдо бўлган, дейди мутахассислар.

Аввалари инглиз, француз, испан тилларига қандай қизиқиш бўлган бўлса, бугун хитой тилига ҳам шундай қизиқиш пайдо бўлган, дейди мутахассислар.

Хитой иқтисодининг юксалиши ва халқаро майдонда Хитой сармояснинг ортиши баробарида Ўзбекистонда хитой тилини ўрганишни хоҳловчилар сони ҳам кўпаймоқда.


Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Тошкентга сафар қилаётган ва ташриф давомида икки мамлакат ўртасида умумий қиймати қарийб 15 миллиард АҚШ долларилик шартномалар имзоланган бир пайтда Хитойнинг расмий Синхуа агентлиги Ўзбекистонда хитой тилига қизиқиш ортиб бораётгани ҳақида хабар қилди.

Тошкентдаги Хитой-Ўзбекистон маданият маркази вице-президенти Исматулла Бекмуротов агентлик мухбири билан суҳбатда хитой тили шу кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб оммалашгани ва бу соҳада ҳам ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини айтган.

Тошкентдаги Шарқшунослик институти қошидаги халқаро Конфуций институти ҳозирги кунда Ўзбекистондаги хитой тилини ўрганувчилар учун асосий билим дарогоҳларидан бири ҳисобланади.

Конфуций институтининг ташкилий бўлими ходимаси ҳам Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда хитой тилига қизиқиш ортаётганини айтади.

- Хитой тилини ўрганишни хоҳловчилар йил сайин кўпайиб бормоқда. Келаётганлар асосан ўқувчи ва талабалар. Баъзида кекса ёшдаги тадбиркорлар ҳам “хитой тилини ўрганмоқчиман”, деб келиб қолади. Беш йил аввал институтимизда хитой тилини ўрганаётганлар юздан ошмас эди. Ҳозир мана ўрганаётганлар сони уч-тўрт марта ошди,- дейди илмий ходима.

Хитой тили ва адабиётини ўргатиш бўйича ихтисослашган ушбу институт Тошкентда 2005 йилда фаолият бошлаган.

Ҳозирги кунда ўқувчи ва талабалар, бизнесменлардан иборат 350 дан зиёд тингловчи у ерда хитой тили ва маданиятини ўрганяпти.

Тошкентдаги Шарқшунослик институтининг Хитой тили ва хитойшунослик факултетида ҳам юздан зиёд талаба таҳсил олмоқда.

Институтнинг илмий ишлар бўлими ходимининг Озодликка айтишича, факультетга ўқишга киришни хоҳловчилар сони йил сайин ортиб бормоқда.

- Ҳақиқатан хитой тилига қизиқиш жуда кучли ва айнан бизни институтда бу тили жуда яҳши ўқитилади. Шундай талабалар борки, хитой тилида ҳудди ўзини она тилиси, ўзбек тилида гаплашгандай гаплашишади, айримлари Хитойда ҳам ўқиб қайтишди, бошқалари Ўзбекистонни ўзида хитой тилини ўрганяпти,- дейди у.


Ўзбекистонда хитой тили стандарт тилга айланмоқда


Хоразмлик Кумушбиби яқинда Тошкентдаги Шарқшунослик институтнинг хитой тили факультетида тўрт йил бакалаврликда ўқиб, магистратурага ўқишга кирди.

- Мен юздан зиёд талаба орасидан саккизта магистрлик ўрнидан бирига қабул қилинганимдан жуда ҳурсандман. Ўтган йили Пекинда ҳам бир йил ўқиб қайтдим. Хитой тили ва маданиятига жуда қизиқаман. Бу муҳим мен учун. Ҳозир қаранг дунёда ҳар беш одамнинг бири хитой тилида гаплашади. Хитой билан ҳамкорлик ҳам кучаймоқда, имкониятлар очиляпти,- дейди Дилрабо.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университетида ҳам яқинда Хитой тили маркази очилди.

Тошкент Жаҳон тиллари университетида ҳам хитой тили ўқитилмоқда. Университетнинг хитой тили ўқитувчиси Эркин Умарбековнинг айтишича, талабалар орасида инглиз, француз, испан тилларига қандай қизиқиш бўлган бўлса, бугун хитой тилига ҳам шундай қизиқиш пайдо бўлган.

- Ҳозир хориж тиллари орасида хитой тили ҳам ўрганилиши керак бўлган стандарт тиллардан бири бўлиб қолди. Ҳозир Хитой ва Ўзбекистон орасида ҳамкорлик кенгайиб кетяпти, шунга ҳозир кўпчилик хитой тилини ўрганишга интиляпти. Олдин инглиз тилини билганлар иш топиши осон бўлади деб айтишар эди, ҳозир энди бу кифоя эмас, хитой тили ҳам керак бўлиб қоляпти. Ҳатто айрим ота-оналар қўшимча пулга репититор ёллаб фарзандларига хитой тилини ўргатишяпти. Ҳозир Ўзбекистондаги Хитой билан очилган кўпгина қўшма-корхоналарда институтимизни тамомлаган мутахассислар ишлашяпти,- дейди Умарбеков.

Ўзбекистонлик талабалар учун Хитойда ўқиш имконлари ҳам кенгаймоқда. Хитой ҳар йили ўзбекистонлик талабалар учун ҳукумат гранти асосида 120та ўрин ажратади.

Шарқшунослик институтининг илмий ишлар бўйича ходими гапиради.

- Хитой билан талаба ва стажер алмашиш бўйича дастурлар бор. Сўнгги беш йил ичида ўнлаб талабамиз Пекин ва Шанхайда ўқиб қайтишди, ҳозирги кунда 20та талабамиз Хитойда ўқимоқда,- дейди у.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқалар, шу жумладан, таълим соҳасидаги ҳамкорлик 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин Хитой расмийлари ўзбекистонлик ҳамкасбларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирганидан сўнг кучайган ва бу жараён ҳамон давом этмоқда.

Хитой сўнгги ўн йил мобайнида Ўзбекистон иқтисодига 6 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритди.

Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш эса 50 баробарга кўпайди.


Челноклар ҳам хитой тилига қизиқяпти


Хитойдан мол келтириб сотадиган ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам ҳозир ушбу мамлакат тилини ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Тошкентдаги Хитой-Ўзбекистон маданият маркази қошида ташкил этилган хитой тили қурслари ўқитувчиси бу ҳақда гапиради.

- Шунақалар жуда кўп. "Ҳеч бўлмаса оддий сўзлашув тилини ўрганмоқчиман", деб келишади. Кўпчилиги Хитойга тез-тез бориб турадиган савдогарлар. Кекса ёшдагилари эса болаларини олиб келишади. "Хитой тилини ўрганса менга таржимонлик қилади", деб олиб келишяпти, - дейди ўз исмини айтмаган тошкентлик хитой тили қурслари ўқитувчиси.

Хитой тилини ўрганишга қизиқиш фақат Ўзбекистонда кузатилаётгани йўқ. Хитой иқтисоди ўсишда давом этар экан дунё бўйлаб бу мамлакат тилини ўрганмоқчи бўлганлар сони ҳам ошиб бормоқда.

Айрим кузатувчилар яқин йилларда оммабопликда хитой тили инглиз тилини етиб олади, демоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG