Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:46

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Ми-8Т вертолётларини сотувга қўйди


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Ми-8Т русумидаги вертолётлар ва ТВ2-117АГ русумидаги двигателларни сотувга қўйди. Авиакомпания вертолётлар нархи ва уларни ким харид қилиши мумкинлигига доир маълумотни ошкор қилмади.



“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг ўзини таништирмаган расмийси Озодлик билан суҳбатда Ми-8Т русумидаги вертолётлар сотувга қўйилганини тасдиқлади.

- Ми-8Т русумидаги иккита вертолёт ва уларга мўлжалланган 10 та ТВ2-117АГ двигател сотиляпти. Улар Ўзбекистон ҳудудида уларни эксплуатация қилишга эҳтиёжи бўлмагани сабабли сотиляпти,- деди суҳбатдош.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” расмийси Ми-8Т вертолёти қанча пулга сотилиши ва уни кимлар харид қилиши мумкинлиги ҳақида маълумот бера олмаслигини айтди.

Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролик авиацияси ўз ихтиёрида бўлган охирги иккита Ми-8Т вертолётини сотмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг расмий сайтида, "эксплуатация қилинадиган ҳаво кемаларини унификация қилиш (турини камайтириш-таҳр.), уларнинг сонини ва русумини оптималлаштириш мақсадида, шунингдек, миллий авиакомпаниянинг самарасиз ҳаражатларини қисқартириш учун Ми-8Т вертолётлари ва двигателлари соталаётгани" билдирилган.

Россияда чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц Озодлик билан суҳбатда Ми-8Т вертолётлари эскиргани ва уни таъмирлаш қимматга тушаётгани боис “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ундан воз кечишга қарор қилган дея тахмин қилди.

- Бу юк ташувчи вертолёт. Ундан одамлар ва юк ташишда фойдаланиш мумкин. Бу анча эскириб қолган вертолёт. Уни 1960-йиллар ўрталарида ишлаб чиқара бошлашган. Россия яқин орада Ўзбекистонга янги вертолётлар етказиб берганини эслай олмайман. Шу сабабли бу вертолётлар ресурслари тугаган бўлиши мумкин. Бу жуда эски вертолёт ва уни таъмирлаш қимматга тушади. Шунинг учун авиакомпания уларни сотишга қарор қилинган,- дейди россиялик таҳлилчи.

Маълумотларга кўра, Совет Иттифоқи ҳарбий ҳаво кучлари 1968 йилдан бошлаб икки двигателли Ми-8Т русумидаги вертолётлар билан қуроллантирила бошланган.

Ўша вақтдан бошлаб СССР ҳудудида бирорта йирик ҳарбий тадбир Ми-8Т вертолёти иштирокисиз ўтмаган.

Афғонистондаги урушда ҳам Совет қўшинлари Ми-8Т вертолётидан кенг фойдаланган.

Ми-8Т вертолёти Совет Иттифоқида энг кўп ишлаб чиқарилган вертолётётлардан бири ҳисобланади.

СССР 2800 дона Ми-8Т русумидаги вертолётни дунёнинг 40дан ортиқ давлатига экаспорт қилган.

Ўтган ойида Ўзбекистон ўзига қарашли Россияда ишлаб чиқарилган 16та Ми-8 ва 16та Ми-24 русумидаги ҳарбий вертолётларини модернизация қилишни режалаётгани хабар қилинган эди.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлигига кўра, замонавий тунгги кўриш воситалари ўрнатишни ҳам назарда тутган модернизация лойиҳасини “УЗРОСАВИА” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси амалга ошириши режаланган.
XS
SM
MD
LG