Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:38

Сурия кимёвий қуролларини топширишга рози бўлди


Сурия ТИ вазири Валид ал-Муаллим (ч) ва Россия ТИ вазири Сергей Лавров, Москва, 2013 йил 9 сентябр.
Сурия ТИ вазири Валид ал-Муаллим (ч) ва Россия ТИ вазири Сергей Лавров, Москва, 2013 йил 9 сентябр.

Сурия ҳукумати ўз ихтиёридаги кимёвий қуролларни халқаро ҳамжамият назоратига топшириш ва кейинчалик уларни йўқ қилиш ташаббусига розилик берди.


Сешанба куни Москвада Россия Давлат Думаси аъзолари билан учрашувдан кейин сўзлаган Сурия Ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллим Дамашқ “АҚШ агрессиясини бартараф қилиш” учун “Россиянинг ташаббусига рози бўлгани”ни билдирди.

10 сентябр куни эрталаб Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Сурия ҳукумати ихтиёридаги кимёвий қуролларни халқаро ҳамжамият назоратига ўтказишига қаратилган “аниқ, конкрет” режа устида иш олиб бораётгани ва мазкур режа кейинроқ бошқа давлатларга тақдим этилишини айтган эди.

- Россия томони айни пайтда истиқболли, аниқ, конкрет режани ишлаб чиқиш устида иш олиб боряпти. Ҳозир Сурия томони билан мулоқот давом этяпти. Яқин фурсатда биз бу режани халқаро ҳамжамиятга тақдим этмоқчимиз. Шундан сўнг БМТ Бош котиби, Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти вакиллари ва Хавфсизлик кенгаши аъзолари иштирокида уни кўриб чиқишга тайёр бўламиз,- деди Сергей Лавров.

АҚШ ҳарбий ҳужумининг олдини олиш мақсадида Москва душанба куни илгари сурган Суриядаги кимёвий қуролларни халқаро назоратга олиш таклифи Вашингтон тарафидан эҳтиёткорлик билан қабул қилинди.

АҚШ Президенти Барак Обама мамлакат телеканалларига берган интервюсида Давлат котиби Жон Керрига Россия расмийлари билан мазкур режани муҳокама қилиш тўғрисида кўрсатма берганини билдирди.

Барак Обаманинг Сурия бўҳрони масаласида сешанба куни кечқурун Америка халқига мурожаат қилиши режаланган.

Оқ уй матбуот котиби Жей Карни президент Обама Конгресс аъзоларидан кимёвий қуроллар қўллагани гумон қилинаётган Сурия ҳукуматига қарши чекланган ҳарбий зарба бериш ваколатини беришга кўндириш ҳаракатларини давом эттиришини билдирди.

Сурия ўз ихтиёридаги кимёвий қуролларни халқаро ҳамжамият назоратига топшириш ташаббусига розилик бергани халқаро ҳамжамият томонидан олқишланмоқда.

10 сентябр куни Берлинда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле бу Сурия бўҳронини сиёсий йўл билан ҳал қилиш имконини оширишини урғулади.

- Охирги соатларда амалга оширилган саъй ҳаракатлар Сурия масаласини сиёсий ҳал қилиш имконини оширди,- деди Германия Ташқи ишлар вазири.

Парижда ўтказилган матбуот анжуманида Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус ўз мамлакати Сурия кимёвий қуролларини халқаро ҳамжамият назоратига топшириши шартларини белгилаб берадиган резолюция лойиҳасини БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этишини билдирди.

- Бугун Франция БМТ Хавфсизлик кенгашидаги ҳамкорларига ташкилот хартиясининг еттинчи бандига мувофиқ, Суриянинг кимёвий қуролларини халқаро ҳамжамият назоратига топшириш ғоясини амалга кўчиришни назарда тутган резолюция лойиҳасини таклиф қилади,- деди Лоран Фабиус.

Франция Ташқи ишлар вазири агар Сурия келишув шартларини бузса, бу Дамашқ учун ёмон оқибатларга эга бўлишидан огоҳлантирди.

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг Лондон Сурия бўҳронининг ҳар қандай ишончли ечимни қўллаб-қувватлашини аммо бу куч қўллашни назарда тутган бўлмаслиги кераклигини билдирди.
XS
SM
MD
LG