Линклар

Тожик мухолифатини президентлик сайловида Бобоназарова тамсил этади


Ойниҳол Бобоназарова.

Ойниҳол Бобоназарова.

Тожикистон ислоҳотчи кучлари бирлашмаси ноябр ойида ўтказилажак президентлик сайловида иштирок этиш учун таниқли ҳуқуқ фаоли Ойниҳол Бобоназаровани ягона номзод ўлароқ танлади.


Бу қарор мазкур бирлашмага кирган партия ва ташкилотларнинг 10 сентябр куни Тожикистон Ислом Уйғониш партияси идорасида ўтказилган қўшма мажлисида қабул қилинди.

Президентликка ягона номзод сифатида кўрсатилган ҳуқуқ фаоли Тожикистонда ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўлиши истаги билан сайловга қатнашаётганини билдирди.

- Мен бу масъулият юкини мамлакатда муаммолар кўплиги ва расмийлар уларни ҳал қилмаётгани учун ўз зиммамга олишга қарор қилдим. Давлат муроса ичра умргузаронлик қилиши керак, - деди Ойниҳол Бобоназарова.

Ҳуқуқ фаоли Бобоназарованинг мухолифатдан ягона номзод этиб кўрсатилиши Тожикистон сиёсий доираларида ижобий қабул қилинган бўлса-да, “Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раҳбари (ТИУП) Муҳиддин Кабирий ёки Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров нега ўз номзодини қўймади?” деган савол кўпчиликни ўйлантирмоқда.

Раҳматулло Зоиров шу йил баҳорида ислоҳотчи кучлардан ягона номзод ўлароқ президентлик сайловида иштирок этишга тайёр эканини билдирганди. Бошқа кузатувчилар пойгага Муҳиддин Кабирий ҳам қўшилишини кутгандилар.

Кабирийнинг эътирофича, Тожикистондаги ҳозирги вазиятни, шу жумладан, ТИУПга бўлаётган босимлар ва Раҳматулло Зоировнинг “Ўзбекистон агенти” экани ҳақида миш-мишлар урчитилаётганини ҳисобга олган ҳолда, Тожикистон ислоҳотчи кучлари бирлашмаси Ойниҳол Бобоназарова номзодини қўллаш қарорига келган.

Муҳиддин Кабирий Тожикистон Ислом Уйғониш партияси унинг номзодини таклиф қилган тақдирда ҳам, жамият уни қабул қилмаслиги мумкин, деган андиша борлиги учун ўз номзодини қўймаганини қайд этди. Айни пайтда ТИУП раҳбари, мавжуд қийинчиликлар қарамай, Ойниҳол Бобоназаровани кўпчилик қўллаб-қувватлашига умид билдирди.

“Ўзбекистон агенти” сайловда иштирок этмайди

Тожикистон Социал-демократик партияси раҳбари Раҳматулло Зоиров ҳам ўз номзоди қўйилмаслигининг бир неча сабаби борлигини айтди. Шулардан бири, Зоировга кўра, Бобоназарованинг ягона номзод ўлароқ таклиф этилишидир. У мазкур қарорни бирлашмада якдиллик сақланиши учун қабул қилгани айтди. Тожикистон Социал-демократик партияси раҳбари бу қарорга келишига уни давлат оммавий ахборот воситаларида “Ўзбекистон агенти” сифатида обрўсизлантириш кампанияси олиб борилгани ҳам таъсир этмай қолмаганини урғулади.

Ўз навбатида, мухолифатдан ягона номзод ўлароқ кўрсатилаётган Ойниҳол Бобоназарова: “Агар Раҳматулло Зоиров ўз номзодини олиб қўймаса, президентликка номзодимни қўйишга рози бўлмасдим”, дея таъкидлади.

У Зоиров ва Кабирий президентлик курсисига лойиқроқ экани қайд этди.

- Аслида мен уларнинг ўзаро рақобатлашишини, сайловлар шаффоф ўтишинию аҳолида танлов имкони бўлишини орзу қилардим, - деди Ойниҳол Бобоназарова.

“Перспектива плюс” ташкилоти раҳбари Бобоназарова келажакда улкан ишларни амалга ошириши мумкин бўлган Тожикистон ислоҳотчи кучлари бирлашмасини сақлаб қолиш учун оила аъзолари ва айрим дўстларининг қаршилигига қарамасдан, президентлик сайловида иштирок этишга рози бўлганини айтди.

Бу Тожикистонда аёл кишининг президентлик лавозими учун курашда илк марта иштирок этиши бўлади.

Тожикистонда галдаги президентлик сайлови шу йилнинг 6 ноябрига белгиланган. Мамлакатни 21 йилдан буён бошқариб келаётган Имомали Раҳмон аввалги уч сайловда ғолиб чиққан. Ҳокимият тепасида яна 7 йил қолиш учун бу сафар ҳам унинг номзоди Тожикистон Халқ-демократик партияси томонидан кўрсатилиши кутилмоқда. Ҳукмрон партиясининг сайловолди қурултойи 4 октябрда ўтказилади.

Мухолифатдан ягона номзод Ойниҳол Бобоназарова сайловлар шаффоф ва эркин ўтадиган бўлса, ўзида ғалаба қозониш имкони борлигини билдирди. Унинг бу сўзлари “Тожикистон шароитида аёл кишининг президентликка номзод сифатида кўрсатилиши нақадар ўзини оқлайди?” каби иддаоларга жавоб ўлароқ янгради.

Бобоназарова ўтган асрнинг 80-йилларида тузилган Тожикистон Демократик партияси асосчиларидан бири эди.

1993 йили у давлат тўнтаришини тайёрлаганлик ва Ватанга хиёнатда айбланиб, ҳибсга олинган.

Ойниҳол Бобоназарова Тожикистондаги илк сиёсий маҳбус бўлиб ҳисобланади.

Озодликка чиққач, у ҳуқуқ ҳимоячиси ўлароқ фаолиятини давом эттирди ҳамда 10 йилдан ортиқроқ ЕХҲТнинг Душанбедаги ваколатхонасида инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлади.

Сўнгги бир неча йилдан буён у қамоқхоналардаги вазият мониторинги билан шуғулланувчи “Перспектива плюс” жамоатчилик ташкилотига раҳбарлик қилиб, қийноқларга қарши курашмоқда, аёллар ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG