Линклар

“Пахтакор”да чироқ ўчди...


Сурат Бобомурод Абдулланинг блогидан олинди.

Сурат Бобомурод Абдулланинг блогидан олинди.

Чироқ ўчиши Ўзбекистоннинг чекка жойларидаги қандайдир “Пахтакор” жамоа хўжалиги ёки фермерлар уюшмасида эмас, мамлакат пойтахти Тошкентдаги “Пахтакор” марказий стадионида рўй берди. Рўй берганда ҳам миллий чемпионат ёки Осиё чемпионлари лигаси ўйинларида эмас, Жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўтказилган плей-офф ўйинида рўй берди. Ўзбекистон-Иордания учрашувига тайёргарлик кўрган стадион раҳбарияти ва электриклари Ўзбекистонни бутун оламга “чироқ воқеаси” билан “кўз-кўз” қилишди.



“Стадионинггаям, стадионингнинг директоригаям!..”

Бу гаплар меники эмас, раҳматли Ҳожибой Тожибоевники. Агар у киши 10 сентябрь куни “Пахтакор”да содир бўлган “чироқ воқеаси”га гувоҳ бўлганида, менимча, ўша гапларини яна такрорлаган бўларди.

Кечаги ўйин пайти “Пахтакор” стадиони матбуот ложасидаги журналистлар ўтириши керак бўлган ўриндиқларда нотаниш, журналист бўлмаган кимсаларнинг муқим ўтиришларини, журналистларимизнинг эса ўйинни тик туриб томоша қилаётганини кўриб, раҳматли қизиқчининг гапларига ўхшатма қилгим келди.

“Бу одамлар кимлар? Нега журналистларнинг жойини эгаллаб ўтиришибди?” – деб сўраганимда, ЎФФ матбуот маркази ходимларидан бири: “Ака, тссс! Булар ваҳимали идораларнинг вакиллари. Улар хоҳлаган жойида ўтиришади. Уларни на сиз, на биз ва на Федерация раҳбарияти безовта қилолмайди. Так что, тинчгина тик туриб кўраверинг ўйинни” – деб менга ўзбекона ва “оқилона” маслаҳат берди.

Гап қайси идора вакиллари ҳақида кетаётганини фаҳмлагандай бўлдим. Шу нотаниш кимсаларнинг халқаро ўйинларда ҳар сафар пайдо бўлиши ва айнан журналистларнинг орасида ўтириб футбол кўриши қайси мақсадларга хизмат қилар экан-а?! Журналистларнинг фикрларига “қулоқ” тутиб, ўз идораси учун ахборот йиғиш учунми ёки журналистларни “ёвуз” кучлардан ҳимоя қилиш учунми? Ёки мазза қилиб, футбол томоша қилиш учунми?

Бу саволларга жавоб тополмаганимдан: “Пресс-ложанггаям, пресс-ложангнинг нотаниш кимсаларигаям!..” – деб юбордим. Ичимдан, албатта! Мен ҳам ўзбекман-да: миллатдошларим каби бор дардимни ичимга ютиб, фикрларимни ҳам ичимдан айтаман! “Оч қорним, зато тинч қулоғим”, - деган ўзбекона миллий тарбия кўрганман, ахир. Ахир, фикрларимни биров, айниқса, “ваҳимали идоралар”нинг вакиллари эшитиб қолса, мени ваҳимали аҳволга солиб қўйишлари мумкин.

Стадионларимизда халқаро ўйинлар пайти мунтазам содир бўладиган бу ҳолат аслида давлат томонидан йўлга қўйилган “ҳамма ерга бурун ва қулоқ тиқиш” ишларининг бир кўринишидир. Эронга ютқазгандан кейин Абрамов бир қўнғироқ билан ишдан олиниб, ўрнига зудлик билан Қосимов тайинлангани – бурун тиқиш ишларига мисол бўлса, пресс-ложага “нотаниш кимсалар”ни жойлаштириш – қулоқ тиқишдан бошқа нарса эмас.

Ўзи “қулоқ”лар журналистларнинг ичида ҳам тиқилиб ётибди. Лекин “ваҳимали идоралар” “журнақулоқ”ларнинг “қулоқчилик” фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмайдилар ёки уларга ишонмайдилар, шекилли, журналистларнинг ичига ҳар сафар ўзларининг “штатний” ходимларини ҳам сафарбар қиладилар.

Профессионал идоралар “қулоқ”ларни ҳеч кимга сездирмасдан ва билдирмасдан тиқиштиришади, “ваҳимали идоралар” эса ҳаммага кўз-кўз қилиб, журналистлар учун мўлжалланган ўриндиқларга жойлаб, тиқиштиришади. Бундай вазиятда “кутилмаган меҳмонлар”нинг ташрифидан чўчиган журналистлар пресс-ложада оғизларига маҳкам бўлиб ўтиришади.

Профессионализм танқислиги

Ҳа, бизда профессионализм тобора танқислашиб бормоқда. 10 сентябрь куни ўтказилган Ўзбекистон-Иордания ўйинида бу ҳол ҳар томонлама намоён бўлди: пресс-ложага “нотаниш кимсалар”нинг жойлаштирилиши, чироқ ўчиб қолиши, футболчиларимизнинг яқин масофалар ва қулай вазиятлардан гол ура олмаганликлари, ҳатто пенальтини эплаб тепмаганликлари ва ҳоказо.

Жасур Ҳасанов деган ўйинчи қанотдан югуриб бориб, рақиб жарима майдонида шериги бўлса-бўлмаса пас ошираверади. Ушбу футболчи дарвозага 5-6 метр масофадан зарба бермайди, лекин 25-30 метр узоқликдан бир тепишда гол уришга ҳаракат қилади. Унда калла ишламайдими ёки гол уриш хоҳиши йўқми? Тушуниб бўлмайди: хоҳиши йўқ десанг - жон жаҳди билан югуради, хоҳиши бор десанг – яқин масофадан дарвозага тепгиси келмайди.

Санжар Турсунов эса рақиб дарвозасига 7-8 метрдан туриб, тўпни юқорига тепиб юборди. Қийшиқ тепганига ачинмади ҳам. Ҳеч нарса бўлмагандек югуриб кетаверди.

Темур Кападзе ҳар томонлама “ўлиб” бўлибди. Терма учун ўйнагиси келмаётганини ҳар бир вазиятда кўрсатди: тўпларга югурмади, пасларни ноаниқ оширди, кўзида олов кўринмади.

Сервер эса бурчак тўпларини тепа олмай ҳаммани асабини бузди. Атиги 450 грамм оғирликдаги футбол тўпи нимжон Жепаровнинг оёқлари учун нақд 45 килограмм бўлиб туюлса керак. Акс ҳолда 10 бурчак тўпидан камида 6 тасини футболчиларнинг бел қисмига оширармиди?! Футболчи фақат нимжон бўлганда эмас, ўйнагиси келмаса ёки Жаҳон чемпионатига чиқишига ишонмаса ҳам, тўпни шундай оғир оширади.

Профессионализм танқислиги хоҳиш ва ишонч танқислиги билан туташиб кетди. Термамизнинг бир гуруҳ футболчилари Миржалол Қосимов қўли остида ўйнагилари келмаганини очиқдан-очиқ намоён қилишди. Ўйнагилари келганларининг эса КОНМЕБОЛнинг бешинчи жамоасини ютишига ишончлари йўқ эди.

Ўзбекистон-Иордания ўйинидан олдинги матбуот анжуманига ташриф буюрган Амир Дииб деган футболчи ҳамкасбларимиздан бирининг: “Нега охирги пайтларда Иордания термасининг ўйинлари чиқмаяпти? Кутилмаганда мураббий алмашгани учун шундай бўляптими?” – деган провокацион саволига ажойиб жавоб берди.

“Профессионал футболчи ва қолаверса ватанпарвар инсон сифатида биз мураббий танламаймиз. Ўз юрти термасида ўйнайдиган футболчи бош мураббийнинг шаънини эмас, ўз ватанининг шаънини ҳимоя қилади”, - деди иорданиялик футболчи. Ўзининг аниқ ва ҳақ жавоби билан араб ўйинчиси нафақат ватнапарварлигини, балки керакли китобларни кўп ўқишини кўрсатди. Амир Диибнинг бу сўзлари китоб ўқимайдиган, саводсиз ва айрим саботажчи футболчиларимиз учун ўзига хос жавоб бўлди.

Иорданиялик футболчилар ўзларининг тарихий ғалабаларини қандай нишонлаганлари ҳам эътиборга лойиқ. Пенальтилар серияси тугаши биланоқ улар бутун жамоа бўлиб, қиблага қараб сажда қилишди ва эришилган ғалаба учун Яратганга ҳамду-сано айтишди. Иорданияликларнинг кучи шунда эмасми?

Заифланган, 5-6 етакчисиз қолган жамоанинг ўйин охиргача курашиши ва ўзидан анча кучли рақибни енгиши ҳар қандай тахсинга сазовордир. Иорданияликлар Ўзбекистон термасини кучли руҳият ва катта шижоат эвазигагина ютишди.

Бизнинг футболчилар эришган ғалабалари учун Яратганга сажда қилишганми ҳеч? Ёки улар, раҳматли Ҳожибой Тожибоев айтганидек, ютишса: “Ўзимиз ютдик!”, ютқазишса эса: “Об-ҳавонинг ноқулай келганлиги туфайли...” – дейишадими? Ёки бундай ютуқлардан кейин улар мақтовларнинг барчасини Яратган бир четда қолиб, Яратганнинг бандаларига айтишадими?

Латта руҳият ва шилта шижоат

Миржалол Қосимов истеъфога чиқишини маълум қилди. Абрамовдан қолган футболчиларни ортиқ ўйната олмаслигини тушуниб етди. Қосимовга раҳмим келяпти: ўзи футболчи сифатида чиқа олмаган Жаҳон чемпионатига шогирдларини олиб чиқмоқчи эди. Лекин шогирдлари Жаҳон чемпионатига чиқишни исташмади. Бечора Қосимов саботаж қурбони бўлди.

Рақибларга қарши тўп тепишга келганда латта руҳият намойиш этадиган айрим футболчилар мураббий масаласида латталик қилишмади: мунтазамлик ва қатъиятлик намойиш қилиб, мураббийга қарши бор “имкониятлари”ни ишга солишди. Кечагина, яъни аввалги мураббий қўл остида шижоат билан тўп тепиб юрган футболчиларнинг янги мураббий қўл остида бирдан “шижоатсизланиб” қолишларини яна қандай тушуниш мумкин?

Бундай айирмачи ва саботажчи футболчиларга терма, терманинг ортида турган Ватан ва халқ керакмайди. Уларга мураббий керак! Ватан, халқ ва мухлислар уларни руҳлантирмайди, уларни фақат мураббий руҳлантиради. Улар Яратганга эмас, мураббийга “сажда” қилишади.

Клубларида мураббийларидан тонналаб сўкишларни эшитадиган ва эшитганда ҳам мулла минган эшшакдай юрадиган юзиқалин футболчиларимиз термага келганда нозик қалбли ва кўнгли гул, ор-номусли ва ғурурли инсонларга айланиб, озгина даккидан таъсирланадиган бўлиб қолишади. Бундай вазиятда улар ҳушмуомала ва ширинсўз мураббийларни истаб қолишади.

Кеча “Пахтакор” стадионига йиғилган бечора мухлисларга, халққа ачиниб кетдим: уларнинг орзу ва умидлари бир зумда саробга айланди. Халқдан фақат Миржалол Қосимов узр сўради. Футболчилар-чи? Мухлисларга, халққа етказилган руҳий азоб учун футболчилар узр сўрашдими? Йўқ, албатта. Улар ўз клубларига хотиржам равона бўлишди.

Термани кимга топшириш керак?

Бизда футзал термасига хориждан малакали мураббий олиб келиш урфга кирган. Натижалар ёмон эмас. Лекин футбол бўйича миллий термага хориждан мураббий олиб келишга келганда негадир одатда кўринмайдиган миллий ғуруримиз ишга тушиб, “Хорижликларнинг ўзимизнинг мураббийлардан ортиқ жойи йўқ” – деймиз.

Гап йўқ. Шундай экан Қосимовнинг ўрнига ўзимиздан кимни тайинлаш мумкин? Менимча, бугунги вазиятда термани яна Вадим Абрамовга қайтариб берган яхшироқ. Иложи борича зудлик билан Карленовичга қайтариб бериш керак. Чунки ҳозирги терма аъзоларини ўзимизни мураббийлардан фақат шу инсон шижоатлантира ва ўйната олади. Футболчиларнинг қалбига йўл топишни билади, уларни сўкмайди, урмайди. Терма аъзолари ҳам уни қайтишини исташади.

Шу сабабдан термани Вадим Абрамовга қайтариб бериш энг тўғри йўл бўлади. Кеча Ўзбекистон-Иордания учрашуви тугугач мухлислар ҳам бироз вақтгача: “Абрамов! Абрамов!” – дея ҳайқириб, олдинги мураббийни қайтаришни талаб қилишди. ЎФФ раҳбарияти ушбу илтижоларга қулоқ солса, бас.

Футбол чироғи қачон ёнади?

10 сентябрь куни “Пахтакор” стадионида ўчган чироқ, 15-20 дақиқалардан кейин яна ёнди. Аммо кечаги ўйиндан кейин ўзбек футболида сўнгган чироқ энди қачон ёнади? Яна тўрт йилдан кейинми? Термамизга нисбатан мухлис ва халқ илиқлиги қачон қайтади?

ЎФФ мана шу масалалар устида кўпроқ бош қотириши керак. Фақат билет тақсимоти ва сотуви ҳақида қайғуравермасдан, термага етарли шароитлар яратиб бериш, ўртоқлик учрашувларини ташкил қилиш каби бевосита вазифалар устида ҳам ишлаши керак.

Акс ҳолда, ўзбек футболида кеча, 10 сентябрь куни, ўчган чироқ ҳали бери ёнмайди. Акс ҳолда, ўзбек қишлоқларида чироқ ўчиши мунтазам бўлгани каби ўзбек футболидаги чироқсизлик ва қоронғулик ҳам доимийлик касб этади.

Бобомурод АБДУЛЛА

Блог муаллиф изни билан Озодлик сайтида эълон қилинди.
Манба: www.bobomurodabdulla.blogspot.com

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG