Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:04

“Ўзнефтмаҳсулот” автомобиллар учун метанол ёнилғиси ишлаб чиқармоқчи


Ўзбекистоннинг “Ўзнефтмаҳсулот” ширкати хитойлик нефт ишлаб чиқарувчилардан ўрнак олган ҳолда бензинга метанол (метил спирти)ни қўшиб, ундан автомобил ёнилғиси сифатида фойдаланиш тажрибасини йўлга қўймоқда.



Ўзбекистондаги нефт махсулотлари ишлаб чиқарувчи ширкат шу йўл билан мамлакатдаги ёнилғи тақчиллигига барҳам беришни режаламоқда.

“Ўзнефтмаҳсулот” ширкатининг ўз исмини айтмаган мухандисларидан бири Озодлик билан суҳбатда бензин ва метанол аралашмасидан иборат ёнилғи ширкатнинг ички машиналарида аллақачон синаб кўрила бошлаганини айтди.

- Заводларимиздаги, нефт базаларимиздаги машиналарда ҳозир шу ёнилғидан фойдаланилмоқда. Яъни ўзимизни машиналарда буни синаб кўряпмиз. Ҳозирча ҳеч қанақа муаммо йўқ,- дейди “Ўзнефтмаҳсулот” мухандиси.

Бензин ва метанол аралашмасидан хитойликлар бир неча йилдан буён автомобил ёнилғиси сифатида фойдаланиб келишади.

Таркибининг 85 фоизи метанол ва 15 фоизи бензиндан иборат М85 индекси берилган ёнилғининг бу туридан АҚШнинг бир қанча штатлари, жумладан Калифорнияда ҳам фойдаланилади.

“Ўзнефтмаҳсулот” ширкатининг Ёнилғини қайта ишлаш бўлими мутахассиси Рустам Собиржоновга кўра, метанол ёнилғисидан кенг кўламда фойдаланишни йўлга қўйиш учун автомобилларни шу ёнилғига мослаштириш шарт эмас.

- Бензинда юрадиган ҳамма автомобиллар шу ёнилғида юриши мумкин, метанолга мос ўзи,- дейди Собиржонов.

“Ўзнефтмаҳсулот” ширкатига кўра, яқин келажакда Ўзбекистонда метанолни Бухоро вилоятидаги махсус газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқариш режаланмоқда.

Дастлабки босқичда завод негизида йилига 500 минг тонна метанол ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.

Мутахассисларга кўра, метанол бензинга қараганда беш марта секин ёнади. Ҳавога заҳарли моддалар, жумладан диоксинларни бензинга қараганда камроқ чиқаради.

Шу боис ҳам АҚШ ва Хитойдаги атроф-муҳит ҳимоячилари автомобил ҳайдовчиларига шу ёнилғидан фойдаланишни тарғиб қилиб келишади.

Шунингдек, бензин ва метанол аралашмасидан иборат ёнилғининг таннархи ҳам бошқа тур автомобил ёнилғиларига қараганда арзонга тушади.

Бундай ёнилғидан кенг фойдаланиш нефтга тобеъликни ҳам камайтиради.

Охирги йилларда нефт ишлаб чиқариш ҳажми қисқарган ва нефтни қайта ишлаш заводлари ҳам тўла қувват билан ишламаётган Ўзбекистон учун бу жуда қўл келиши мумкин.

Айни пайтда пойтахт Тошкент ва вилоятларда бензин тақчиллиги йил сайин кучаяр ва ёнилғи нархи қамматлар экан кўпгина енгил машиналар, шунингдек автобус ва юк машиналари газ билан юришга аллақачон ўтиб олишган.

Бензиннинг қимматлиги сабабли кўпчилик автомобилларига газ баллон ўрнатиш учун бир неча миллион сўмни аяшмаяпти.

- Ҳозир газ баллон ўрнатиш 1500 доллар атрофида бўляпти. Ўрнатсангиз узоғи билан бир йилда чиқариб оласиз. Чунки бензин қиммат, газ уч-тўрт баравар арзонга тушяпти,- дейди хоразмлик ҳайдовчилардан бири Музаффар.

Лекин, газ баллон ўрнатилган машина хавфли. Ўзбекистонда бундай машиналар авария пайти портлаб кетиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кўп бўлган.

Мутахассислар метанол ёнилғиси бензиндан ҳам хавфсизроқ эканини айтишади. Бухоролик ҳайдовчилардан бири Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукуматининг муқобил ва хавфсиз ёнилғи манбаалари ишлаб чиқариш уринишларини олқишлайди.

- Бизга арзон бўлса, машина юрса бўлди. Метанолми, этанолми, барибир,- дейди бухоролик бошқа бир ҳайдовчи.

Ҳозирда Ўзбекистонда АИ-80 бензинининг нархи 1645 сўм қилиб белгиланган, лекин чайқовчилар қўлида 2500 сўмда сотилаётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG