Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:34

"Пахтакор" стадионида ўйин пайти чироқ ўчгани тергов қилинмоқда


Халқаро спорт шарҳловчиларининг мутоибасига сабаб бўлган Ўзбекистон-Иордания терма жамоалари учрашуви пайтида Пахтакор стадионида чироқ ўчиб қолгани билан боғлиқ ҳодиса Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарафидан тафтиш қилинмоқда.



Футбол бўйича 2014 йил Бразилияда бўладиган жаҳон чемпионати Осиë қитъаси плей-офф босқичи жавоб учрашувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Пахтакор стадионида Иордания терма жамоаси билан ўйнаëтган пайтда чироқ ўчиб қолганини Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус гуруҳи тафтиш қилмоқда.

Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги Озодлик манбаси билдирди.

Манбанинг айтишича¸ чироқ ўчганлиги ҳодисаси юзасидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мулозимлари ҳам баëннома тузишган.

- Ҳозир бу инцидент энг юқори даражада тафтиш қилинмоқда¸- деди Фавқуллода вазиятлар вазирлигидаги Озодлик манбаси.

Ўйиннинг асосий вақти 1-1 дурранг натижа билан яукнланганидан кейин берилган қўшимча вақтда Пахтакор марказий стадионида чироқ ўчиб қолгани сабаблари аниқланмоқда¸ дейди суҳбатдош.

10 сентябр кунги ўйинда футбол майдонини ёритиб турувчи прожекторлар 15 дақиқа давомида ўчиқ қолди.

Футбол мухлисларига кўра¸ бу ҳолат стадионнинг халқаро даражадаги мусобақага техник жиҳатдан тайëр эмаслигига мисол бўлди.

Ўйиннинг қўшимча белгиланган вақтида Пахтакор марказий стадионида чироқ ўчиб қолиши ўйинчиларнинг дам олишига шароит яратган бўлса ҳам¸ бу ҳолат стадиондагилар орасида руҳий саросима яратгани айтилмоқда.

Футбол ишқибозларига кўра¸ чироқ ўчишидан олдин 100 минут майдонда ўйнаб чарчаган ўйинчилар учун свет кетиб қолиши дам олиб¸кучни тиклаш учун имкон бўлган.

Чироқ атайлаб ўчирилдими?

Бу аснода “Чироқ атайлаб ўчирилмадими?” деган савол ҳам ўртага чиқди.

Пахтакор стадиони мутасаддилари Озодлик мухбирининг бу саволини эшитиши билан телефонни ўчириб қўйишди.

Ўзбекистон футбол федерациясининг исмини айтмаган мулозими¸ чироқ ўчиб қолгани борасида суриштирув олиб борилаëтганини айтди. Айни мулозимга кўра¸ саботаж мақсадида атайлаб чироқ ўчириб қўйилиши версиясини федерация кўриб чиқмаяпти.

Шунингдек мулозим чироқ ўчиб қолгани чарчаб қолган ўйинчилар учун дам олиш имкони бўлди деган иддаоларни ҳам рад қилди.

- Бу нотўғри гап. Ўзбек терма жамоаси чироқ ўчганида дам олган бўлса Иордания терма жамоси ўйнаб турдими? Чироқ ўчганида коментаторларнинг аччиқ тизиқ гаплари ўйинчилар руҳини туширди деган гап ҳам нотўғри. Ўйинчилар футбол шарҳловчилари гапини эшитишмади. Чироқ ўчган бўлса қанақа эшитади¸ дейди мулозим.

Ўзбекистон Фавқуллода вазиятлар вазирлигидаги Озодлик манбаси “Чироқ атайлаб ўчирилди” деган версия ҳам ўрганилаëтганини билдирди.

- Электр таъминоти учун масъул бўлганлар сўроқ қилиняпти. Сўроқ мобайнида бу борада оддий электрикларнинг айби йўқдай кўринмоқда. Электриклик қилиб бола-чақасини боқаëтганлар бу ғалвага аралашиб ризқи кесилишини истамайди¸- деди манба.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот катиби Санжар Ризаев Озодлик билан суҳбатда “чироқ ўчиши“ инцидентидан сабоқлар чиқарилаëтганини айтди.

- Бу юзадан чора кўрилиши борасида ҳеч нарса дея олмайман. Бу юзадан махсус идоралар шуғулланяпти¸ фақат бу идоралар чора кўрганидан кейин бу ҳақда маълум қилишади¸- деди Санжар Ризаев.

Озодлик радиосига мактуб билан чиққан муштарийлардан бири стадионнинг техник жиҳатдан халқаро мусобақага тайëр эмаслигини ëзади.

- Пахтакор стадиони маъмурлари ўриндиқларни артиб тозалаб қўймагани дилимизни хира қилди. Зотан стадион ишчиси деган белги таққан одамлар эски газеталарнинг донасини 1000 сўмдан сотишди. Одамлар чанг ўриндиқларга ўша газеталардан сотиб олиб тўшаб ўтиришди. Стадионнинг тайëр эмаслигидан ҳамма сўкинди¸ деб ëзади Озодлик муштарийси.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот катиби Санжар Ризаев Озодлик билан суҳбатда бу фактни қисман тасдиқлаб¸ ўриндиқларнинг чанг бўлиши стадион ëнидаги қурилиш билан боғлиқлигини айтди.

Айни пайтда мулозим стадионнинг техник жиҳатдан нуқсонсиз бўлганини ҳам урғулади.

Пахтакор ва Жар стадионларида кейинги 5 йил ичида футбол мусобақаси ўтаëтган пайтда чироқ ўчиб қолгани кузатилмаган.

Футболни Евроспорт халқаро спорт каналида шарҳлаган футбол коментаторлари чироқ ўчиб қолганини истеҳзо билан шарҳлашди.

Халқаро шарҳловчилардан бири ўйин пайти стадионда чироқ ўчганига илк бора гувоҳ бўлганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG