Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:10

Калтакланган таксичи мелисани жавобгарликка тортмоқчи


Таксичи Жаҳонгир Турсунов
Таксичи Жаҳонгир Турсунов
Жиззах шаҳрида қонуний киракашлик қилаётган Жаҳонгир Турсунов Жиззах вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори томонидан калтакланди. Такси ҳайдовчисининг айтишича, у йўл ҳаракати қоидасни бузмаган бўлсада, инспектор уни калтаклаган ва кийимини йиртган. Бироқ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бу иддаони рад этмоқда.

Жиззах шаҳрида истиқомат қиладиган 41 ёшли такси ҳайдовчиси Жаҳонгир Турсунов 5 сентябр куни куппа-кундуз Жиззах вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори Аслиддин Садриддинов томонидан калтакланди.

Озодлик бу воқеани суриштириш жараёнида такси ҳайдовчиси Жаҳонгир Турсуновни топишга муваффақ бўлди. Киракашнинг Озодликка айтишича, у қоидани бузмаган бўлса ҳам инспектор ўзини сўкиб¸ урган:

- Мен “Жиззахэскпресстранс” ташкилотида лицензияли таксистман. Ҳамма ҳужжатларим жойида. Йўл ҳаракати тўғрисидаги қоидаларда тўхташни тақиқловчи 3.27 белги бор. Биз лицензияли таксичи эканмиз, қоидага кўра бу белги бор жойда, остановкаларда тўхташ ҳуқуқимиз бор. Мен Ором деҳқон бозори бекатида одам тушириб, одам олаётган пайтимда ГАИ ходими келиб ҳужжат сўради. Ҳужжатларни бердим. Сенга тўхташ мумкин эмас, оформит қиламиз, мошинанингни штрафплошадкага қўямиз деб айтди, дейди Жаҳонгир Турсунов.

Ҳайдовчи шундан кейин ўзининг қоида бузмагани, протокол тузишга инспекторнинг ҳаққи йўқлигини изоҳлаб, тортишганини айтади:

- Мен унга айтдим, мана қанча лицензиясиз таксистлар тўхтаб одам олаяпти, тушираяпти. Нега уларга индамайсану, мен ҳақ бўлсамда жазолайсан, деб. Мошинани ҳужжатларини бермаганимдан кейин, у менинг қорнимга муштлаб, икки-уч марта урди. Шимимдан тортиб, уни йиртиб ташлади. Энг ёмони¸ мени онангни... деб ҳақорат қилди. Онадан келгандан кейин мен уни кечирмайман, дейди Жаҳонгир Турсунов.

Жиззахлик таксичи Жаҳонгир Турсунов инспектор томонидан калтакланганидан сўнг шундай аҳволга тушганини айтади.
Жиззахлик таксичи Жаҳонгир Турсунов инспектор томонидан калтакланганидан сўнг шундай аҳволга тушганини айтади.
​Ҳайдовчи шундан сўнг, машинасини ташлаб биринчи ёрдам олиш учун вилоят марказий касалхонасига мурожаат қилган. Касалхонада участка инспектори уни ким урганлиги ҳақида тушунтириш хатлари олиб ҳужжатлаштирган ва ишни прокуратурага топширишини айтган.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш мақсадида Жиззах вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан боғланиб, инспектор Аслиддин Садриддиновни топишга ҳаракат қилди.

Ўзини таништирмаган бошқарма мулозими Аслиддин Садриддиновнинг бугун ишдан жавоб олганлигини айтар экан, икки соатдан сўнг яна боғланишимизни ва бу воқеани суриштириб жавоб беришини айтди.

Икки соатдан сўнг яна Озодлик билан суҳбатлашган бошқарма мулозими инспектор Аслиддин Садриддиновнинг такси ҳайдовчисини урганлигини рад қилди:

- Аслиддин Садриддиновни ўзини тополмадик, қўл телефони ўчирилган. Лекин у билан ўша куни бирга хизматда бўлган инспектор билан гаплашдим. Унинг айтишича, ўша таксист йўлнинг ўртасида туриб одам олаяпти экан, ҳаракатни чеклаб қўйибди. Тортишув ўшандан чиққан экан. Лекин урган, сўккан йўқ, деяпти. Энди қолганини ўзи эртага ишга келгандан кейин биламиз, деди вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими.
XS
SM
MD
LG