Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:43

Ижтимоий тармоқларда сохта Юлдуз Усмоновалар 325 тага етди


Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013
Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013

Фарғонада тадбиркорларнинг ҳаққини туя қилган мансабдорлар гуруҳи қўлга олинди. Олий Мажлис депутати Бухородаги қўшиб ёзишларни танқид қилди. Санитария-эпидемиология маркази вакили қутуриш вирусидан огоҳлантирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Олий Мажлис депутати: Бухорода қўшиб ёзиб аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда”

“Фуқаролар мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг Бухоро вилоятидаги ижросини ўрганиш пайти қатор муаммолар аниқланди (“Ҳуррият”, 21 сентябр).

Муаммолар, аввало, фуқароларнинг мутасадди идораларга мурожаати кўпайганида намоён бўлмоқда.

“Жумладан, коммунал соҳада аҳолига кўрсатилаётган хизматларда талайгина камчилик ва нуқсонлар мавжуд. Айниқса, хонадонларни иситиш тизимидаги узилишлар, кўп қаватли уйлардаги оқава қувурларнинг носозлиги оқибатида ертўлаларда антисанитария ҳолатининг рўй бериши, шунингдек, газ таъминоти бўйича хонадонларда тўловларнинг нотўғри ҳисобланиши, қўшиб ёзишлар фуқароларнинг ҳақли норозилигини келтириб чиқармоқда”, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Арслон Эшмуродов.

“Тошкент бозорларида ёнғин. Масъуллар қаерга қараяпти?”

30 август куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги “Қатортол” бозоридаги ёнғингак электр симларидаги носозлик сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда (“Новый век”, 12 сентябр).

Носозликлар туфайли электр ўчиши “Ўрикзор”, “Чорсу” бозорларида ҳам бот-бот кузатилмоқда. Газета бозорларда ёнғин кўп рўй бераётгани, хусусан, 2008 йилда Тошкентдаги “Аския” бозори бутунлай ёниб битганини эслайди.

“Ўз-ўзидан савол туғилади: ёнғин нозирлари қаерга қарамоқда? Ахир эски-туски симлар, сифатсиз электр ускуналар, ёнғин хавфсизлигининг бирламчи қоидаларига амал қилмаслик яхшиликка олиб келмаслиги мутахассис бўлмаган одамга ҳам аён-ку!” деб ёзади “Новый век”.

“Фарғонада тадбиркорларнинг пулини еб кетган мансабдорлар гуруҳи қўлга олинди”

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси раҳбари Юсуфжон Фозилов катта миқдорда маблағ ўзлаштиришда айбланди (“Ҳуқуқ”, 12 сентябр).

Бу ишда Фозиловга инспекция расмийлари, шунингдек, туман солиқ инспекцияси бошлиғи ва ўринбосарлари ёрдам берган. Инспекция мутасаддилари, аввало, тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтиши учун тўлаган катта миқдордаги бож пулини ўзлаштирган. Бундан ташқари, қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида ҳеч қандай тўлов олинмаслигига қарамай, 70 дан ошиқ тадбиркордан ноқонуний равишда бож ундиришган ва у маблағни ҳам ўзаро бўлишиб олишган.

Жиноий гуруҳ 100 га яқин тадбиркор фаолиятини тўхтатди, деган сохта маълумот тайёрлаб, аслида фаолият юритаётган ишбилармонлар тўлаган солиқларни ўмарган. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси раҳбари Фозиловга 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ва энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида жарима тайинланган.

Жиноят ишининг туман солиқ инспекцияси раҳбари ва ўринбосарларига тааллуқли қисми алоҳида юритувга олинган.

“Ижтимоий тармоқларда Юлдуз Усмонова номидан 300 дан зиёд сохта саҳифа очилган”

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик таниқли хонандалар номидан очилган сохта саҳифалар сони ошиб бормоқда (“Даракчи”, 12 сентябр).

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова номидан “Одноклассники”да 300 та, “Фейсбукда” 25 та, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков номидан “Одноклассники” тармоғида 275 та, “Фейсбук”да 16та, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева номидан “Одноклассники”да 158 та, “Фейсбук”да 6 та, хонанда Муниса Ризаева номидан “Одноклассники”да 311 та, “Фейсбук”да 10 та сохта саҳифа очилган.

Газетанинг ёзишича, бу каби маълумотларни бошқа хонандалар мисолида ҳам келтириш мумкин.

“Санитария-эпидемиология маркази вакили қутуриш вирусидан огоҳлантирди”

Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология маркази вакили Зулфия Шомуҳамедова уй ҳайвонларини қутуришга қарши эмлашга чақирди (“Тошкент оқшоми”, 11 сентябр).

Шифокорга кўра, қутуриш асосан сут эмизувчиларда учрайди. Қутуриш одамга ҳайвон тишлаганда, сўлак орқали ўтади. Касалликнинг бошланғич даври 1-3 кун давом этади. Эътиборсиз қолдирилган вирус одамнинг бош ва орқа миясига кириб, мия яллиғланишига олиб келади ва 100 фоиз ўлим билан ниҳояланади.

Мутахассиснинг уқтиришича, қутуриш касали юққан одам зудлик билан қутуришга қарши эмланса, унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.

“Ўндан ошиқ юртдошини Пекинда фоҳишаликка мажбурлаган аёл 8 йилга қамалди”

Жиноятлари ишлари бўйича Олмазор тумани суди одам савдосида айбланган Олеся Пискуновани 8 йилга озодликдан маҳрум этди.

Бош прокуратура расмийси Умар Файзиевнинг “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, Пискунова ўзбекистонлик ўндан ошиқ аёлни “меҳмонхонада ишлайсизлар”, деган ваъда билан Хитой пойтахти Пекинга юборган. Пекинда аёлларнинг ҳужжатлари олиб қўйилиб, улар ойлар давомида фоҳишаликка мажбурланган.

Қайд этилишича, айрим қизлар ўзи билгани ҳолда фоҳишаликка рози бўлган ва ота-онасини алдаб Хитойга кетган.

“Ўзбекистонда миссионерлик ҳаракати фаоллашгани танқид қилинди”
Тернопол миссионерлик институти Ўзбекистонда фаоллашди. Бу ҳақда “Даракчи” газетаси хабар беради.

“Афсуски, бу мудҳиш таълимотнинг макрига учганларнинг сафи кенгайиб бораётир. Ўтган тўрт йилга яқин вақт мобайнида 700 дан кўпроқ собиқ мусулмонлар ўз эътиқодини ўзгартириб, ТМИ тузоғига тушиб қолган.
Миссионерлар эса бу билан чекланиб қолмоқчи эмас” деб ёзади газета.

“Даракчи” мазкур ҳаракат вакиллари жавобгарликка тортилишидан огоҳлантиради. Маълумотларга қараганда, Тернопол миссионерлик институти 2000 йилда Украинада ташкил этилган. Ҳаракат марказий осиёлик мусулмонларга насроний динига ўтишни фаол таклиф қилиб келмоқда.

“Эйхорния ўсимлигидан муқобил энергия олиш режалаштирилмоқда”

2014-2015 йилларда Андижон вилояти Асака туманида эйхорния ўсимлигидан биогаз олиш қурилмаси ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Адолат” газетаси хабар беради.

Ватани Бразилия бўлган мазкур ўсимлик устида Андижондаги илмий лабораторияда изланишлар олиб борилган. Эйхорниядан катта миқдорда биогаз олиш мумкин. Қайд этилишича, йил давомида ўсимлик ёрдамида бир гектар сув тиндиргичидан 4000 тоннадан зиёд кўк масса ёки 280 минг метр куб биогаз олиш имкони бор. Бу эса 250 минг метр куб табиий газ қувватига тенг.

Таҳлиллар бир гектарга тенг сув ҳавзасидан 100 минг долларлик маҳсулот олиш мумкинлигини кўрсатган. Тез кўпайиш хусусиятига эга эйхорния қисқа муддатда оқава сувни санитария талабига жавоб берадиган яроқли ҳолатга келтириш хусусиятига ҳам эга.

“Кетмон сопи узуми олтин кубок олди”

Украинада ўтказилган “Узумнинг олтин шингиллари” (“Golden Bunch of Grapes-2013”) халқаро кўргазмасида ўзбекистонлик узумчилар олтин кубокни қўлга киритишди (“Правда Востока”, 12 сентябр).

Ўзбекистон вакиллари тадбирда 17 та узум нави намуналари билан қатнашган. Хўжаобод туманидаги “Мадиёр боғлари” агрофирмаси узумзорида парваришланаётган оқ ҳусайни, кетмон сопи, нимранг кишмиш, келин бармоқ навлари юқори баҳоланган. Халқаро кўргазмада 70 дан ошиқ қатнашчи 200 дан зиёд узум навини намойиш қилган.
XS
SM
MD
LG