Линклар

logo-print

Хитой маҳкамаси уч уйғурни ўлимга ҳукм қилди


Шинжонда хан хитойлар ва уйғурлар ўртасида миллий асосдаги тўқнашувлар тез-тез юзага чиқади.

Шинжонда хан хитойлар ва уйғурлар ўртасида миллий асосдаги тўқнашувлар тез-тез юзага чиқади.

Хитой давлат матбуотининг хабар қилишича¸ Шинжондаги зўравонликни уюштирганликда айбдор деб топилган уч уйғур йигити суд томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Маҳкама 35 одам ўлимига сабаб бўлган Лукқундаги қонли воқеаларни “террор ҳужуми” деб баҳолади.

Уч уйғурни маҳкамага келтирган воқеа жорий йилнинг 26 июн куни Шинжон мухтор ўлкаси маркази Урумчидан 200 километрча масофада жойлашган олис Лукқун шаҳарчасида содир бўлган эди.

Хитой расмийлари иддаосича¸ пичоқ билан қуролланган оломон маҳаллий полиция бўлимига ҳужум қилган ва полициячилар ўзини ҳимоя қилиш учун ҳужумчиларга қарата ўч очган.

Шинжон маҳкамаси томонидан ўлимга ҳукм этилган уч уйғур йигити – Аҳматниëз Сидиқ¸ Урайим Эли ва Абдулла Эсрапил ана шу ҳужумни ташкиллаштирганликда айбдор деб топилди. Маҳкамага тортилган яна бир уйғур йигитига 25 йиллик қамоқ жазоси берилди.

Хитой истилосида қолаëтган Уйғур мухтор ўлкасида уйғурлар ва Пекин томонидан минтақага кўчириб келинган хан хитойлар ўртасида миллий асосдаги тўқнашувлар тез-тез содир бўлади ва кўп ҳолларда зўравонликка айланиб кетади.

Аксар ҳолларда ўзи ва миллатдошлари ҳақларини талаб қилган уйғур фаоллари минтақа бошқарувини эгаллаган ханлар томонидан сепаратчи ва террорчи сифатида оғир жазога ҳукм этилади.

Пайшанба куни ўлимга ҳукм қилинган уч уйғур фаолига ҳам диний экстремистик ғояларни тарқатиш¸ хориждаги террор ташкилотлари ҳозирлаган зўравонлик акс этган видеоларни томоша қилиш каби айблар қўйилди.

26 июн куни Лукқун шаҳарчасида аслида нима содир бўлганига оид аниқ маълумот олишнинг имкони йўқ – минтақадан чиқадиган ҳар қандай ахборот Хитой расмийлари томонидан кучли назорат қилинади.

Воқеалар эртасига давлат матбуоти кичик шаҳарчада рўй берган қонли воқеалар оқибатида ҳужумчилардан 11 нафари¸ оддий аҳолидан 24 киши ўлдирилганини иддао қилган эди.

Мустақил журналистларнинг умуман Хитой¸ айниқса¸ Шинжон уйғур минтақасига кириши ва бу ердан хабар йўллаши Пекин томонидан қаттиқ назоратга олинган.
Хитой ҳукуматининг хан хитойларни Шинжонга кўчириш сиëсати натижасида ҳозирга келиб бу минтақанинг туб аҳолиси бўлган уйғурлар жами аҳолининг 45 фоизини ташкил қилади ва уйғур фаолларига кўра¸ уларнинг диний ва маданий ҳаëти тобора кундалик ҳаëтдан сиқиб чиқарилмоқда.

Шинжонда тез-тез юзага чиқадиган миллий тўқнашувлар учун Пекин расмийлари минтақада мустақил уйғур давлати қуришни режалаштираëтган сепаратчиларни айблаб келади.

Аксар етакчилари Ғарбдан бошпана топган уйғур сиëсий гуруҳлари эса Хитойни мустамлакачилик сиëсатини кучайтириб¸ уйғурлар ҳақ-ҳуқуқини мунтазам топтаб келаëтганликда айблайдилар.

2009 йилда минтақада рўй берган миллий тўқнашув кейинги йиллар давомида кузатилган энг қонли воқеаларга асос бўлган ва ўшанда камида 200 одам нобуд бўлган ва Шинжонда узоқ муддатлик комендантлик соати жорий қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG