Линклар

"Эрон ядровий дастури тинч йўналишда эканига кафолат беришга тайёр"


Эрон президенти Ҳасан Руҳоний (ўнгда) ШҲТ саммитида кузатувчи қаторида иштирок этди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний (ўнгда) ШҲТ саммитида кузатувчи қаторида иштирок этди.

Бишкекда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Эроннинг янги сайланган президенти Ҳасан Руҳоний мана шундай баёнот берди. “Бироқ ядровий дастур юзасидан кафолат муайян шартлар асосида берилади”, деди Эрон раҳбари.

Ҳасан Руҳонийнинг айтишича, Эрон халқаро майдонда тинчликни ва барқарорликни сақлаш мақсадида ядровий қуролни тарқатмаслик ғоясини қўллаб-қувватлайди.

-Эрон ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага амал қилади ва шартномада белгилангани каби ядровий технологияларни тинч мақсадда ишлатиш юзасидан рад этиб бўлмайдиган ҳуқуққа эгалигини таъкидлайди, -деди Руҳоний.

Эрон президенти БМТга аъзо кўпчилик давлатлар, жумладан, бетарафлик сиёсатини олиб бораётган мамлакатлар ҳам Эронга нисбатан айрим давлатлар томонидан жорий этилган асоссиз санкцияларни қоралашини айтди. Руҳоний бу санкцияларни Эрон иқтисодий тараққиётини ортга сураётган ва кўпроқ бу мамлакатнинг тинч аҳолисига қарши қаратилган маданиятсиз, хавфли прецендент деб атади.

-Мен баёнот бераманки, сиёсий эркнинг мавжудлиги ҳолатида ўзаро ҳурмат мақсадида, умумий манфаатларни таъминлаш ва Эрон халқи ҳуқуқларини амалга ошириш учун Эрон ядровий дастури тинч йўналишга эга эканига кафолат бера олади, -деди Руҳоний.

Унинг айтишича, “бундай кафолотга ўзаро ишончни мустаҳкамлаш орқали қисқа фурсатларда эришиш мумкин”.

Саммит давомида Россия президенти Владимир Путин Теҳрон атом қувватидан тинч мақсадда фойдаланиш ва уранни бойитиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.

Россия раҳбари Теҳроннинг ўз ядровий дастури борасида халқаро ҳамжамият билан музокаралар олиб боришга тайёр эканини олқишлади.

Саммитдан сўнг имзоланган Бишкек декларациясида ШҲТга аъзо давлатлар Эронга нисбатан ҳарбий куч қўллаш таҳдиди ва айрим давлатларнинг Эронга қарши бир томонлама санкцияларни жорий этилишини қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат сифатида баҳолаши таъкидланди.

АҚШ ва бир қатор ғарб давлатлари Эрон ядровий дастури ҳарбий мақсадларни кўзлашидан ташвиш билдириб келади. Бу борада халқаро ташкилотлар воситасида ўтказилган бир қатор учрашувларда ғарб давлатлари Эрон расмийлари билан муросага кела олмаган эди. Шундан сўнг Вашингтон ва бир неча Европа давлатлари томонидан Эронга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этилганди.

Бишкек саммитидан кейин Владимир Путиннинг Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан музокара ўтказиши режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG