Линклар

13 сентябр куни кечқурун Ўзбекистон телеканали орқали илк бор намойиш этиладиган "Одноклассники. ру" деб номланган фильм ҳозирга қадар асосан тарғибот-ташвиқот йўналишидаги фильмлар ҳозирлаб келаëтган режиссёр Ҳилол Насимов тарафидан суратга олинган.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олингани айтилаётган макзур филмда Ўзбекистондаги энг машҳур ижтимоий тармоқ ҳисобланмиш Одноклассники.ру хизматининг ёшларга бўлган салбий таъсири ҳақида гап боради.

Филмда бош ролларни Шоҳруҳ Насимов, "Ориат-Доно" радиоканали бошловчиси Акмал Мирзо, Асал Шодиева, Замира Бешимова, Ҳилол Насимовнинг ўзи ва бошқалар ижро этган.

Жорий йил апрел ойида "Даракчи" газетасига берган интервюсида Ҳилол Насимов "ёшлар Интернетда ўзининг қадрли вақтини йўқотиб, бизга ёт оқимларга илашиб қолишаётгани ҳақида филм қилиш" буюртмасини олгани ҳақида айтиб ўтган эди.

"Одноклассники.ру" филми кинотеатрларга чиқиши кутилаётган айни кунларда Ўзбекистон расмий телевидениеси ва матбуотида ҳам ёшларни Интернетдаги салбий ахборотлардан ҳимоя қилишга қаратилган кампания кетаётганини кузатиш мумкин.

Хусусан, Яқин Шарқ давлатларида рўй бераётган норозиликларда ёшларнинг иштирок этаётгани ва бу жараёнда Интернет, ижтимоий тармоқлар катта рол ўйнаётганига эътибор қаратилиб, “Интернетдан келаётган таҳдид” қабилидаги ҳужжатли филм ва мақолалар тайёрланмоқда.

Июл ойида Ўзбекистонда “Вояга етмаганларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир этувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Кузатувчилар фикрича¸ 13 сентябр куни намойиш этиладиган янги қисқа метражли бадиий фильм¸ ана шу "ҳимоя уриниши"нинг навбатдаги намунасидир.

Режиссёр Ҳилол Насимов бунгача тарғибот-ташвиқот йўналишидаги бир нечта филм, жумладан, аёлларнинг турли диний оқимларга кириб қолаётгани ҳақидаги “Алданган аёл” ва қизларни эрта турмушга беришга қарши қаратилган “Тубанлик” каби филмларини суратга олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG