Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:39

Пан Ги Мун: БМТ инспекцияси Сурияда кимёвий қурол қўлланилганини тасдиқлайди


БМТ инспекторларининг келаси ҳафтада эълон этилажак ҳисоботи Сурияда август ойида кимёвий қурол қўлланилганини тўлиқ тасдиқлайди.

Бу ҳақда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун жума кунги чиқишида таъкидлади. Аммо, у бундай қурол қўлланилганига ким жавобгар экани ҳақда гапирмади.

Сурияда кимёвий қурол қўлланилишига жавобгарларни аниқлаш БМТ инспекторлари зиммасида бўлмаган.

Шунга қарамай Пан Ги Мун Сурия раҳбари Башар Ассадни инсониятга қарши жиноят содир этганликда айблади.

Айни пайтда Женевада АҚШ ва Россия ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг Сурия кимёвий қуролларини халқаро назоратга топшириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича музокаралари давом этмоқда.

Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилгани даъволари боис АҚШ ва унинг иттифоқчилари Башар Ассад режимига қарши ҳужумлар ҳақида гапиришаётганди.

Россия эса Сурия қуролларини халқаро назоратга топшириб, уларни яксон этиш эвазига Сурияга ҳужум қилмаслик таклифини илгари сурганди.

Сурия бу таклифга рози бўлиши ортидан АҚШ президенти Барак Обама Конгрессда Сурияга қарши уруш очиш масаласи мухокамасини кечиктирди.
XS
SM
MD
LG