Линклар

logo-print

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Женева шаҳрида россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан уч кун давом этган музокаралар ортидан Москва ва Вашингтон Суриянинг кимёвий қуролларини халқаро назоратга олиш бўйича келишувга эришганини маълум қилди.


Жаноб Керрига кўра, Москва ва Вашингтон қандай кимёвий қуроллар Суриядан олиб чиқилиб, йўқ қилиниши борасида келишувга эришди.

Мазкур битмга асосан Дамашқ бир ҳафта ичида ўз кимёвий қуролларининг тўлиқ рўйхатини АҚШ ва Россияга тақдим этиши шарт.

Швейцарияда АҚШ ва Россия ўртасидаги келишув БМТ Сурия
бўйича резолюцияни қабул қилганидан сўнг кучга киради.

-Сурия бир ой эмас, бир ҳафта ичида ўз кимёвий қуролларининг тўлиқ рўйхатини тақдим этиши керак, - деди Жон Керри.

Айни пайтда томонлар Сурия олган мажбуриятларни бажармагани тақдирда бу мамлакатга куч қўллаш борасида келиша олмаганлар.

Россия "Сурияга қарши куч қўлаш" иборасининг резолюцияга киритилишига қарши чиқмоқда.

Қўшма Штатлар эса "резолюцияга шундай банднинг киритилиши ортиқчалик қилмайди", деган фикрда.

Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилгани иддао қилинган хабарлар ортидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари Башар Ассад режимига қарши ҳарбий куч қўллаш масаласини муҳокама қилаётган эди..

Россия эса Сурия кимёвий қуролларини халқаро назоратга топшириб, уларни яксон этиш эвазига Сурияга ҳужум қилмаслик таклифини илгари сурганди.

Сурия бу таклифга рози бўлиши ортидан АҚШ президенти Барак Обама Конгрессда Сурияга қарши уруш очиш масаласи муҳокамасини кечиктирди.

БМТ ҳисоботи Сурияда кимёвий қурол қўлланилганини тасдиқлайди

БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг таъкидлашича, халқаро инспекторларнинг келаси ҳафтада эълон этилажак ҳисоботида Сурияда август ойида кимёвий қурол қўлланилгани тўлиқ тасдиқланган.

Пан Ги Мун бу ҳақда жума куни баёнот берди.

–Инспекторларнинг тўлақонли ҳисоботи Сурияда кимёвий қурол қўлланилганини тасдиқлайди, - деди Пан Ги Мун.

Аммо БМТ Бош котиби кимёвий қурол қўлланилганига ким жавобгар экани ҳақда гапирмади. Жавобгарларни аниқлаш БМТ инспекторлари ваколатида бўлмаган.

Шунга қарамай, Пан Ги Мун Сурия раҳбари ўз чиқишида Башар Ассад инсониятга қарши кўплаб жиноятлар содир этганини айтиб ўтди.

- У инсониятга қарши кўплаб жиноятлар содир этди, аминманки, ҳаммаси ниҳоясига етганидан сўнг айбдорлар жавобгарликка тортилади, - деди БМТ раҳбари.

БМТ инспекторларининг Сурия бўйича ҳисоботи келаси ҳафтанинг қайси кунида расман эълон қилиниши ҳозирча маълум эмас.

АҚШ томони 21 август куни Сурия пойтахти Дамашқ атрофида ҳукумат кучлари уюштирган кимёвий ҳужум ортидан 1400 одам ҳалок бўлганини билдирганди.

Россия ва Хитой эса бу иддаоларнинг асоссиз эканини айтиб келади.

Президент Башар Ассад ҳукумати ҳам кимёвий қурол ишлатганлигини рад этган.

Сурия ҳукуматига кўра, кимёвий ҳужум қуролланган исёнчи гуруҳлар томонидан амалга оширилган.

Президент Владимир Путин бир неча ҳафта олдин Москвада қилган ўз чиқишларидан бирида Ассаднинг ҳақиқатан ҳам ўз халқига қарши кимёвий қурол қўллагани исботланса ва БМТ санкция берса, Россия ҳам Сурия режимига қарши ҳарбий амалиёт бошлаш режасини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG