Линклар

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини бухоролик фаол Бобомурод Раззоқовга нисбатан очилган жиноий ишни бекор қилишга чақирди. Раззоқов устидан навбатдаги суд 16 сентябр куни бўлиши кутиляпти. 60 яшар фермер одам савдосида айбланмоқда.

Раззоқов Бухоро вилояти ИИБ томонидан шу йилнинг 10 июл куни ҳибсга олинган ва ҳануз ҳибсда қолмоқда. Ҳуқуқ фаолига нисбатан биринчи суд жараёни август ойининг охирларида бўлиб ўтган эди.

Агар унга қўйилган айблов исботини топгудек бўлса, кекса фаол беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиши мумкин.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти бухоролик фаолга нисбатан жиноят ўйлаб топилган дея, унинг шартсиз озод этилишини талаб этмоқда.

“Эзгулик” жамияти бунга қадар ёйинлаган баёнотида одам савдосидек қалтис айблов Бобомурод Раззоқовнинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари эвазига уюштирилган провокация экани таъкидлаган.

“Эзгулик” жамиятига кўра, Бобомурод Раззоқов устидан жиноят иши Гулшан Каримова деган аёлнинг шикоят аризаси асосида очилган. Бу даъво аризасига кўра, гўё Бобомурод Раззоқов Гулшан Каримовани Дилфуза Равшанова исмли аёлга мажбурлаб бериб юборган, у эса Гулшан Каримовани эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов Озодлик радиосига Бобомурод Раззоқовнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган ариза муаллифининг ўзи милиция рўйхатида турган шахс эканини айтган эди:

- Биз бу аёлнинг шахсини яқиндан ўрганиб чиқдик. Маълум бўлишича, Гулшан Каримова милициянинг махсус рўйхатида турадиган, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг131-моддаси, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш билан айбланиб, аввал икки марта судланган аёл экан. У яшаётган маҳалла фаоллари ҳам унинг аҳлоқий бузуқлиги ҳақида бир неча марта турли идораларга аризалар ёзган. Бу шикоят аризаларининг нусхаларини биз қўлга киритдик.

60 яшар фермер Бобомурод Раззоқов инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси сифатида фаолият олиб борар эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG