Линклар

Ўзбекистон чегарасини ёпгач қирғизлар қашшоқлашди


Қорасув бозори аввалгидай гавжум эмас.

Қорасув бозори аввалгидай гавжум эмас.

Ўзбекистон ўз чегараларини тўсиб қўйгани муносабати билан Қирғизистон жанубидаги йирик бозорларда савдо-сотиқ тўхтаб қолгани маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Улрага кўра, Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистонлик савдогарларнинг Қирғизистонга тўсиқсиз келишлари учун барча имкониятларни ишга солиши шарт.

Абдуғани Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Холмиён шаҳри бозорида арава тортади. У Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси ёпилганидан бери даромади камайиб кетгани ва деярли ишсиз ўтирганидан нолийди:

-“Бой бойни боқади, бой қашшоқни боқади”, деган гап бор. Бозорда савдо бўлсагина бизнинг аравага ҳам иш топилади, беш –ўн сўм ишлаб топамиз. Чегара очиқ пайтларда ўзбекистонлик савдогарлар келарди ва ҳар куни камида 700-800 сўм (таҳминан 20 доллар- муаллиф) пул топар эдик. Ҳозир эса хатто ўзимиз тушлик қилиш учун ҳам пул топа олмаяпмиз, -деди аравакаш Абдуғани.
Холмиён бозоридаги савдогарлар Ўзбекистон чегараларининг тўсиб қўйиши ортидан бозор касодга юз тутганини, савдо-сотиқ мутлақо тўхтаб қолганини айтадилар.

-Бизнинг маҳсулотларимизни асосан, юз фоиз десак ҳам янглишмаймиз, Ўзбекистондан келганлар олиб кетар эди. Ўзбекистон бир ярим ойдан бери чегарани беркитиб қўйган. Бир ярим ойдан бери битта нарса ҳам сотганим йўқ. Ҳозир солиқ ва бозор учун ижара ҳаққини қайси пулдан тўлашни билмай бошим гаранг бўлиб қолган. Бундан ташқари, банкдан кредитим ҳам бор. Ўзбекистон чегарани тўсиб қўйгани биз учун жуда қаттиқ зарба бўлди, -деди Холмиён бозорида савдо қилувчи Раҳима Ўринбоева.

Бундай вазиятни нафақат Холмиён бозорида, балки Марказий Осиёдаги энг йирик ҳисобланган Қорасув бозорида ҳам кузатиш мумкин. Бу бозорнинг асосий харидорлари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон фуқаролари эди. Қорасув бозоридаги савдо-сотиқнинг 80 фоиздан кўпи ўзбекистонликлар ҳиссасига тўғри келар эди.

Маҳаллий кузатувчи Назгул Алдашева Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарияти ўн минглаб одамларнинг оилаларини боқаётган чегара олди савдоси масаласига панжа ортидан қараётганини, бу масала давлатлараро миқёсда муҳокама қилинмаётганини айтди:

-Жаҳонда глобаллашув жараёни кучайиб, савдо-сотиқ муносабатлари либераллашиб бормоқда. Бироқ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида бунинг акси бўлаётир. Икки қўшни давлат ўртасидаги чегара муносабатлари оддий халқнинг ҳеч қандай талаб ва эҳтиёжларига жавоб бера олмайди, -деди Назгул Алдашева.

Ўзбекистон 9 август куни Ўзбек-Қирғиз чегарасида ишлаётган ягона "Дўстлик" чегара ўтиш пунктини ёпиб қўйган эди. Ўзбекистон ҳеч бир огоҳлантирувсиз чегарани ёпиб қўйгани боис, қариндош ва яқинлари ҳолидан хабар олиш истагида бўлган икки мамлакат фуқаролари борди-келди қилиш ҳуқуқидан ажралиб қолди. Қирғизистон расмийлари чегара икки кундан кейин очилишини билдирган эди. Лекин чегара шу кунгача ҳам очилган эмас.

Қирғизистон Бош вазири ўринбсоари Тўқун Мамитов Ўзбекистон томонидан чегараларнинг ёпиб қўйилишига “Жалолобод вилоятининг Ақси туманидаги чегара қисмида Ўзбекистон чегарачилари билан Қирғизистон чегарачилари ўртасида чиққан можаро сабаб бўлган”, деган тахминни айтган. Июл ойида қирғиз чегарачилари томонидан Ўзбекистоннинг икки чегарачиси ўққа тутилган ва улар ҳалок бўлган эди.

Ўзбекистон томони чегара ёпилиши сабабларини изоҳлагани ва ўтказиш пункти қачон очилиши ҳақида расман билдирганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG