Линклар

WhatsApp Пахтакор: Теримга бормаган борганнинг оиласини боқаркан!


Ўзбекистонда Пахта-2013 йиғим-терим мавсуми бошланмоқда. Ушбу мавсумда пахта даласию штабига айланадиган юртдан олганимиз барча хабарлар “WhatsApp Пахтакор” блогида! Марҳамат, Сиз ҳам хирмонга ҳиссангизни қўшинг! WhatsApp + 420 608 549 460


Пулини тўлаб пахтага борадиганлар рўйхати тузилмоқда

Озодликка манзили ва исмини сир сақлашимиз шарти билан мактуб ёзган муштарий у яшаб турган ҳудудда ўқитувчилар пахта теримига мажбурий сафарбар қилинаётгани ҳақида ёзди.

Унинг ёзишича, пахта теримига боролмайдиган ўқитувчилар ўрнига теримчи йўллаш учун пул йиғиб бериши керак.

Ҳашарчилар пахта теримига олиб кетиляпти.

Ҳашарчилар пахта теримига олиб кетиляпти.

​Қизиғи, бу мактубда пахтага бормаслик имкони фақат ёш боласи бор ўқитувчиларга берилаётгани ва боролмайдиганлар пахтага кетганларнинг оиласини боқиши шарт қилинаётгани ёзилган.

Қуйида ана шу мактубни ўзгаришсиз чоп этяпмиз:

"...yana bir malumot esdan chiqibdi o'tgan kuni bizni majlis qilgandan keyin bugun shoshilinch soat 16 da o'qituvchilarni telefon orqali chaqirib majlis qilibdi majlisda yana o'sha paxta muammosi kotarilgan unga ko'ra bu haftadan paxtaga chiqarishi kutilmoqda va oqituvchilar royxati tuzilib 1-2 patokga ajratilgan majlisda 3 yoshgacha bolasi bo'lgan oqituvchilar ro'yxati tuzilgan ularpaxtaga borishmasa uning o'rniga pulini tölab paxtaga boradiganlarning ro'zg'orimi töldirisharkan..."


Коллежнинг 1 курс талабалари пахтага чиқмайди

Озодлик муштарийсининг ёзишича, пахта теримига мажбурланаётган маҳаллий ҳокимиятлар зиммасига коллежларда узлуксиз ўқув жараёнини ҳам таъминлаш мажбурияти юкланмоқда.

Қуйида ана шу мактубни ўзгаришсиз чоп этяпмиз:

"...bormaydigan öqituvchilar borganlarning örniga birinchi kurslarga dars otishadi aytgancha bizning va boshqa kollejlarda 1kurs talabalari baxtaga olib borilmaydi bunin sababini surishtirganimda paxta vaqtida yuqori hokimiyatdan kollejlarni tekshirishga kelganda bironta kollej yopiq bölmasligi normal holatda dars bölayotgan bölishi kerak ekan..."


Коллеж теримчиларининг кўрпа-тўшаги ётоққа шай!

Озодликка WhatsApp орқали мактуб ёллаган талабалардан бири у ўқиётган коллежда раҳбарият талабаларга тилхат ёздирмоқда.

Тилхатда талаба пахта теримига бормаса, курсдан-курсга қолдирилишига розилигини бўйнига олиши битилган.

Қуйида ана шу мактубни ўзгаришсиз чоп этяпмиз:

"Shu bugun bizni kollejda 3 kurslarni yig'ib direktor asosan paxta masalasida majlis o'tkazdilar unfa ko'ra biz hozirdan paxtaga tayyorgarlik ko'rishimiz kerakli narsa(ko'rpa to'shak, raskladushka, va paxta terish u-n fartuk)larni hozirlab qo'yishimiz kerakligini aytishdi. Va bizni paxtaga aniq olib ketishini, lekin oborish joyi, vaqti malum emasligini hokimiyatdan start kutishayotganini aytib bizdan TILXAT olishdi quyida o'zim yozgan va namuna asosida berilgan tilxatni suratini yuboraman..."

Озодликка етиб келган тилхат нусхаси.

Озодликка етиб келган тилхат нусхаси.

Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллеж директори А.А.Носиров номига ёзилган тилхатнинг Озодлик электрон почта қутисига келиб тушган нусхасида шундай дейилган:

“Мен¸ ...¸ гуруҳ талабаси коллеж ички тартиб-қоидаларига тўлиқ бўйсунаман, дарсларга тўлиқ қатнашаман. Республикамизнинг миллий бойлиги бўлган пахта йиғим-теримига қатнашиб, ватаним, халқим, ота-онам олдидаги бурчимни сидқидилдан бажараман. Ахлоқий жиҳатларим билан устозларим ва коллеж раҳбарияти ҳурматини қозонишга сўз бераман. Техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қиламан. Агар мен юқорида кўрсатилган сўзимнинг устидан чиқмасам, курсдан-курсга қолдириш ҳамда қонунда кўрсатилган барча чораларни қўлланишига розиман.
Имзо.

Озодлик мухбири бу мактуб асосида воқеа содир бўлган Самарқанд вилояти мутасаддиларига боғланди ва коллеж мутасаддилари бу маълумот тасдиқлади.

Самарқанд шаҳридаги Иқтисодиёт коллежининг ўзини Гулчеҳра деб таништирган ходими, Озодлик билан суҳбатда талабалардан олинаётган тилхатни оқлашга уринди:

- Тўғри, тилхат олинаяпти. Пахтага бормаган талаба¸ агар қонунда кўрсатилган талаба бошқа жазоларга тортилмаса-да, ҳеч бўлмаса курсни қайта ўқийди. Агар шундай мажбур қилмасангиз¸ қайси талабани эркин пахта тердира оласиз, шуни айтинг сиз ҳам?, деди Озодлик мухбири билан тортишган коллеж ходими.


Қашқадарëда нефтчилар таҳдид билан пахтага жўнатилди

Озодликнинг электрон манзилига келиб тушган мактубларнинг бирида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган “Шўртаннефтгаз” корхонаси ишчиларининг мажбурлаб пахта теримига юборилгани ҳақида ёзилган:

9 ва 10 сентябрда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган "Шўртаннефтгаз" УШК ишчилари Касби ва Миришкор туманларига пахта теримига 800 та ишчи стационар тарзда (ёталақ) 15 кунга ҳайдалди.

15 кундан кейин яна шунча, 800 та ишчи кетиши керак. Мутахассислар бу ишлаб чиқаришга катта таъсир бўлади, дейишяпти. Чунки муҳим стратегик обект ҳисобланади бу завод”, деб ёзади Озодликнинг ўз шахси очиқланишини истамаган бу манбаси.

"Шўртаннефтгаз" давлат унитар корхонасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, ишчиларнинг пахта теримига юборилаётганини тасдиқлади:

- Одамлар қоладику бу ерда, ҳамма кетмайдику. Алмашиб бориб-келаверишади. Қаровсиз қолмайди. Бу элга келган тўй, пахта ризқ-рўзимиз, деҳқонларга ёрдам бериш керак, деди корхона мулозими.


“WhatsApp Пахтакор” блогига Сиз ҳам ёзинг!

Ўқиганингиз, Озодлик муштарийси “WhatsApp Пахтакор” блогига йўллаган мактуб. Ушбу блогда тилга олинган маълумотлар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Аммо, бундай мактубларни чоп этиш ва сиз муштарийни ҳам бунга чақиришдан мақсад блоггерлардан келган маълумотларга имкон қадар аниқлик киритиб, асл вазиятни ўрганишдир!

Марҳамат, мактуб ёзинг, Ўзбекистон пахтазорларидаги воқеъликни аниқ, холис ва ўз вақтида ёритишда Озодлик билан ҳамкорлик қилинг!


Манзилларимиз:

WhatsApp + 420 608 549 460
E-mail:
ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org
Skype: Ozodskype, issakovab
Twitter:
Mоб: +420 602 612 713 (SMS ва қўнғироқлар)
Факс: +420 2 2112 6604
XS
SM
MD
LG