Линклар

logo-print

“Ёҳуво шоҳидлари” Ўзбекистон дин ишлари қўмитасида қабул қилинди


Ўзбекистон Дин ишлари қўмитасида “Ёҳуво шоҳидлари” диний ташкилотининг Европа уюшмаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизматига таяниб, Кун.уз нашри берган хабарга кўра, “Ёҳуво шоҳидлари” ташкилоти вакиллари Лука Тоффоли ва Арно Тюнглерни қўмита раиси Ортиқбек Юсупов қабул қилган.

Хабарда айтишича, Лука Тоффоли Ўзбекистонда диний соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришларга “Ёҳуво шоҳидлари” вакилларининг ўзлари ҳам ҳисса қўшишлари лозимлигини қайд этган ҳолда, уларни амалдаги қонунчилик нормалари билан таништириш орқали қонун бузилишларининг олдини олиш мумкинлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон дин ишлари қўмитаси раҳбари Ортиқбек Юсупов Ўзбекистонда фаолият кўрсатиб келаётган диний ташкилотлар учун, уларнинг катта-кичиклиги, ислом ёки христиан бўлишидан қатъий назар, қонун ҳамма учун баробар эканлигини таъкидлаган.

Насроний оқимларидан бири бўлган “Ёҳуво шоҳидлари” бошқа диний гуруҳлар каби Ўзбекистонда тазйиқларга учраши айтилади. Диний эркинликларни ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган Forum 18 ташкилотига кўра, мазкур оқим издошлари Ўзбекистонда бир неча марта қамоққа олинган ва доимий тарзда ҳуқуқ-тартибот идоралари тазйиқларига учраб келади.

Ташкилот фаолияти Хитой, Шимолий Корея, Туркманистон, Тожикистон, Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ ва бошқа бир қатор мамлакатларда тақиқланган.
XS
SM
MD
LG