Линклар

Тошкентлик теримчилар колоннаси 16 сентябр куни тонгдан Жиззах вилоятига йўл олди. Пахта теримига бора олмайдиганлардан эса бу йил қатъий равишда маблағ йиғилмоқда. Пахта далаларидаги қарийб 2 ойлик оғир меҳнатга рози бўлмаганлар ҳар куни учун 20 минг сўмдан 40 минг сўмга қадар маблағ йиғиб бермоқда.



Тошкентдаги жамоат ва давлат ташкилотларидан пахта теримига ажратилган гуруҳлар Тошкент шаҳар ҳокимияти ажратган автобусларда Жиззах вилоятига жўнатила бошлади.

Тошкент шаҳридаги шифохона, мактаб, санэпидстанция, электр тармоқлари корхоналаридан ажратилган теримчилар Жиззах вилоятининг Дўстлик, Арнасой, Пахтакор туманларига жўнатилмоқда.

Санитария-эпидемиология хизматининг Тошкент шаҳридаги бўлимларидан бирининг ходимаси бугун тонгда 20 ҳамкасби Дўтслик туманига кетганини айтди:

- Бугун эрталаб кетишди биринчи партия. 20 киши. Дўстликка кетишди, ўша ёққа кетиш. Автобусларни такшил қилиб беришди, у ёқда ётоқ шароитлари ҳам тайёр дейишди, деди Санитария-эпидемиология хизмати.

Унинг сўзларига кўра, 20 кишилик биринчи гуруҳ 15 кундан сўнг қайтади:

- Уже рўйхатлар бор. Мен учинчи партияда кетаман пахтага эди, деди суҳбатдошимиз.

Бундан аввал айни ташкилотнинг Яккасарой тумани бўлимида ишлайдиган ходим Тошкент шаҳридаги ҳар битта санитария-эпидемиология хизматига 20 нафардан ходимни пахтага чиқариш мажбурияти юкланганини айтган эди.

Тошкент шаҳридаги шифохоналар, мактаб, электр тармоқлари идоралари ва ҳатто, бозорлардаги дўконлар ходимлари ҳам пахтага жўнатила бошлагани хабар қилинмоқда.

Жумладан, Uzmetronom нашри Сирғалидаги автомобил бозори теграсида жойлашган дўкон эгаларига ё пахтага чиқиш, ёҳуд кунига 40 минг сўмдан пул йиғиб бериш мажбурияти юкланганаётгани, акс ҳолда дўконлари ёпилиши мумкинлигидан огоҳлантирилаётгани ҳақида ёзди.

Айни пайтда Тошкентдаги Олий ўқув юртлари талабалари ҳам пахта теримига ҳозирлик кўрмоқда.

Тошкент Молия институти магистратура бўлимида таҳсил оладиган талабанинг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, уларга эртага Тошкент шаҳридаги Шимолий Темир йўл вокзалига йиғилиш эҳтимоли ҳақида хабар беришган.

"Бугун кечқурун ёки эртага эрталаб старосталарга ректоратдан аниқ вақтини айтишар экан. Биз ҳам пойлаб турибмиз, ҳамма нарса тайёр. Жиззахга дейишди", деди Озодликка микрофонсиз сўзлаган талаба.

Ундан олинган маълумотга кўра, Молия институтидан ҳозирча фақат йигитлар пахтага чиқарилмоқда. Қизлар эса қолмоқда.

Норасмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, Тошкентдаги Аграр университети талабаларига ҳам 17 сентябр куни поездларда Сирдарё вилоятига жўнатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирув бўлган.

Озодликка Тошкент шаҳар Молия институтидан хабар йўллаган манбага кўра, магистратура босқичида ўқиётган қизлар ҳамда ўқитувчилар жамоасидан пахтага бормаслик эвазига ҳар кун учун 20 минг сўмдан пул йиғиб бериш сўралмоқда.

"Бу маблағ пахатага чиққанларни таъминлаш учун эканда. Энди боқиш учун бўлса керакда, содда айтганда", деб ёзди тошкентлик манба.

16 сентябрга келиб республиканинг аксар вилоятларида бу йилги пахта йиғим-терими бошлангани хабар қилинмоқда.

Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё, Навоий вилоятларида эса пахта терими 10 сентябрда бошланган эди.

Мажбурий болалар меҳнати боис халқаро босимлар остида қолган Ўзбекистон ҳукумати кейинги йилларда мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига чиқармасликка ҳаракат қилмоқда.

Шу боис, болалар ўрнига давлат бюжетидан молияланадиган корхоналар, ҳатто шифохоналар ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини дала ишларига мажбуран жалб қилинмоқда.

Бу йилги пахта терими мавсуми бошланиши билан Самарқанд, Тошкент вилоятларида коллеж ва мактаб ўқувчиларининг ота-оналаридан фарзандлари ўрнига пахта теримига чиқиш талаб қилинаётгани ҳақида норасмий маълумотлар келмоқда.

Ўзбекистонда бу йил уч миллион тоннадан ортиқ пахта териш режалаштирилган.

Бунча ҳосилни фермерлар ўз кучи билан йиғиб ола олмаслиги тайин бўлгани боис, ҳокимият бу йил ҳам пахта теримига корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари, олийгоҳ, коллеж ва лицейлар талабаларини “ҳашарчи” сифатида мажбуран жалб эта бошлагани кузатилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG