Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:37

“Пахта – 2013” нинг илк қурбони Қаршида қайд этилди


Қашқадарё вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул вакили Қаршидаги агросаноат коллежи талабасининг 9 сентябрь куни пахта теримида ҳалок бўлгани тўғрисидаги норасмий хабарларни тасдиқлади. Қашқадарё вилоят прокуратурасидаги Озодлик манбаси маълумотларига қараганда, Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова 9 сентябрь куни ҳалок бўлган.


Қашқадарё вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул вакили Қаршидаги агросаноат коллежи талабасининг 9 сентябрь куни пахта теримида ҳалок бўлгани тўғрисидаги норасмий хабарларни тасдиқлади.

Бошқарма вакили Озодликнинг фожеага оид саволларига коллеж раҳбариятининг махсус маълумотномаси ҳали бошқармага етиб келмаганини рўкач қилиб, жавоб беришни истамади.

Қашқадарё вилоят прокуратурасидаги Озодлик манбаси маълумотларига қараганда, Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова 9 сентябрь куни ҳалок бўлган.

Марҳума ўша куниёқ касалхона моргига олиб борилган ва жасади патологоанатомик текширувдан сўнг ота-онасига топширилган.

Фожеа тафсилотлари тўғрисида гапирар экан, прокуратурадаги Озодлик манбаси айнан мана бундай деди:

- Қиз ҳожатхонага бориб-қайтаётиб ариқда аввал қўлини ювган, кейин оёғини ювмоқчи бўлиб ариқ ёнидаги чироқ ўрнатилган темир устунлардан бирини ушлаган ва уни ток урган.

Манбанинг айтишича, вилоят прокурори ва вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи фожеа юз берган куниёқ воқеа жойига етиб борган. Воқеани шу кунда махсус комиссия ўрганмоқда. Комиссия хулосасининг бир ой ичида чиқиши кутилмоқда.

Талаба қизнинг ўлими учун унинг ота-онасига товон пули тўланадими, деган саволга жавобан манба жўяли бир гап айта олмади.

Прокуратурадаги Озодлик манбасининг айтишича, коллеж директорлари талабалардан “хавфсизлик техникасига риоя қиламан, аравага осилмайман, чўмилмайман“, деган мазмунда тилхатлар олган.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши кураш билан шуғулланувчи бир қатор халқаро ташкилотларнинг “Пахта кампанияси” коалицияси вакили Умида Ниёзованинг айтишича, коллеж ўқувчиларидан олинган тилхатлар амалдорларни ўқувчи ўлими учун жавобгарликдан сақлаб қололмаслиги керак.

Тилхатларни назарда тутар экан, Умида Ниёзова бундай деди:

- Албатта, бу ноқонуний ҳужжат дея олмайман, лекин улар асоссиз қоғозлардир. Коллеж ўз ўқувчиси билан қанақадир шартнома тузганми? Қайси шартлар билан у ишга жалб қилинган? Қанча ҳақ тўланади? Шунақа шартноманинг ўзи йўқ. Ўқувчилар ишга оғзаки буйруқ билан жалб этилган. Бу ҳолатда распискалар қонун доирасидаги документлар эмас.

Умида Ниёзованинг айтишича, марҳума Мухлиса Ражабова ва унинг коллеждошларини пахта теримига жалб этиш халқаро ва маҳаллий қонунларга хилофдир.

- Мажбурий пахтага олиб чиқилган ва у ерда ҳалок бўлган 16 яшар қиз болалар ҳуқуқлари конвенцияси бўйича бола ҳисобланади. Ҳатто бола ҳисобланмаса ҳам, мажбуран ишга жалб қилишнинг ўзи бу қонунбузарлик. Бу - ҳам Ўзбекистон меҳнат кодексини бузиш, ҳам халқаро конвенцияларни бузишдир,

деди Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши кураш билан шуғулланувчи бир қатор халқаро ташкилотларнинг “Пахта кампанияси” коалицияси вакили Умида Ниёзова.

Қашқадарё вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул вакилининг Озодликка айтишича, вилоятдаги коллежлар ўқувчилари 5, 6 сентябрдан бошлаб пахта теримига жалб этилган.
XS
SM
MD
LG