Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:58

Вашингтондаги отишма қурбонлари сони 13 кишига етди


АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Вашингтондаги мажмуасида душанба куни юз берган отишма натижасида 13 киши қурбон бўлди, 8 киши тан жароҳати олди.

Бу ҳақда Вашингтон мэри Винсент Грэй маълум қилди.

Ҳалок бўлганлар орасида отишмани бошлаган жиноятчи ҳам бор. Федерал текширувлар бюросининг маълум қилишича, бу одам АҚШ аввал ҳарбий-денгиз кучларида хизмат қилган, 34 ёшли Аарон Алексис бўлиб чиққан.

Асли техаслик бу Алексис бир ўзи ҳаракат қилганми ёки унинг шериклари ҳам бўлганми – ҳозирча бу аниқ эмас. Унинг бу ишни қилишига нима туртки бўлгани ҳақида ҳам ҳозирча ҳеч қанақа маълумот йўқ.

Вашингтон полициясининг сўнгги маълумотларига кўра, нохуш ҳодиса юзасидан камида бир киши қидирилмоқда. Айни пайтда Аарон Алексис бир ўзи ҳаракатлангани ҳам назардан соқит қилинмаяпти.

Аввалроқ мазкур ҳодиса бўйича икки киши қидирилаётгани ҳақида хабар қилинганди.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари мажмуасига кирувчи бинолардан биридаги отишма Вашингтон вақти билан эрталабки соат 8.30 ларда бошланган.

Ҳужумчи қўриқланадиган бинога қандай кира олгани номаълум. Содир бўлган воқеа сабабли Вашингтондаги кўплаб ҳукумат муассасаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган, бироқ, расмийларга кўра, бу нохуш ҳодисани террорчилик хуружи ўлароқ талқин қилишга ҳеч қандай асос йўқ.

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари мажмуаси Потомак ва Анакостия дарёлари қўшиладиган жойда, Оқ уйдан беш чақиримча нарида жойлашган. У ерда уч мингдан зиёд одам ишлаши айтилади.

Мазкур мажмуа 1799 йилда барпо этилган бўлиб, 19-аср бошида бу жойда АҚШ ҲДК кемаларига хизмат кўрсатилган.

Иккинчи жаҳон уруши чоғида бу объектда ҳарбий-денгиз кучлари учун қурол-аслаҳалар ишлаб чиқарилган. Бугунги кунда бу ерда АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг бошқарув органлари ва ҳарбий-денгиз кучлари тарихи маркази жойлашган.
XS
SM
MD
LG