Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:25

Қирғизистонда Сурия террор гуруҳи қўлга олингани иддао қилинмоқда


Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, август ойи охирларида қўлга олинган террорчи гуруҳ мамлакат мустақиллиги нишонланадиган 31 август ва ШҲТ саммити ўтказиладиган 13 сентябр кунлари террорчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 16 сентябрда тарқатилган баёнотда айтилишича, "Исломий жиҳод иттифоқи” деб аталган мазкур террорчи гуруҳ таркиби икки қирғизистонлик ва бир қозоғистонликдан иборат бўлган. Улар Сурияда президент Башар Ассадга содиқ кучларга қарши жангларда иштирок этган.

-Қирғизистоннинг икки, Қозоғистоннинг бир фуқаросидан иборат мазкур гуруҳ террорчилик ҳаракатларини содир этиш топшириғи билан Сурия араб давлатидан Қирғизистонга махсус жўнатилган. Қўлга олинганлар Сурияда террорчи ташкилотлар таркибида ҳукумат кучларига қарши жанг қилган. Тергов пайтида қўлга олинганлар шу йилнинг июн ойида террорчи ташкилотлар раҳбарларидан Бишкек ва Ўш шаҳарларида портлашларни содир этиш тўғрисида кўрсатма олгани аниқланди, -деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати расмийси Тилек Чокморов.

Террорчи гуруҳ қўлга олинди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:25 0:00
Бевосита линк

Махсус хизмат томонидан тарқатилган мазкур баёнотга қирғизистонлик таҳлилчилар ва сиёсатчилар турлича муносабатда бўлмоқда. Уларнинг айримлари: “Қирғизистонда ҳақиқатан ҳам Суриядан жўнатилган террорчи гуруҳ фаолият юритган бўлиши мумкин”, деган тахминни билдирса, баъзилари, бу маълумотнинг рост эканига шубҳа билдирмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарларидан бири Марат Иманкулов Қирғизистонда реал террорчилик таҳдиди мавжуд деб фикрловчилардан бири.

-Қирғизистон ҳудудида суд томонидан фаолияти тақиқланган Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Исломий жиҳод ҳаракати каби халқаро террорчилик гуруҳларининг ячейкалари мавжуд. Икки йил аввал Қирғизистонда радикал ёшларнинг “Жайшул Маҳди” ташкилоти ҳам тузилган. Террорчилик таҳдидини “Хизбут Таҳрир”дан ҳам кутса бўлади. Масалан, Россияда “Хизбут Таҳрир” биздаги каби экстремистлик эмас, балки террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган, -деди Марат Иманкулов.

Қирғизистон парламенти депутати Жоомарт Сапарбаев эса Қирғизистонга Суриядан жўнатилган террорчи гуруҳ ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлганига шубҳа билан қарайди:

-Бу фактни, биринчидан, чуқур текшириш керак. Бу фактни мен тасдиқланмаган маълумот деб биламан. Албатта, террорчилик ҳаракатларидан Қирғизистон ҳам сақланган эмас. Бироқ бу маълумот тўғри эканига шубҳам бор, - деди Жоомарт Сапарбаев.

Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари ҳам махсус хизмат тарқатган баёнотга ишонмасликларини, бу иш юзасидан текширув ўтказиш кераклигини айтмоқдалар.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эса қўлга олинган террорчи гуруҳ Бишкек ва Ўшдаги стратегик муҳим объектларда портлашларни уюштиришни режалаштиргани аниқланганини иддао қилаётир.Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг “Террорчилик”, “Ўқотар қуролни ноқонуний қўллаш ва сақлаш” каби моддалари асосида иш очилган.

2011 йилда ҳам Қирғизистонда террорчилик ҳаракатларида айбланган бир қатор шахслар қўлга олинган эди. Уларнинг ишлари айни пайтда судларга оширилган.
XS
SM
MD
LG