Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:51

Бирваракайига 4 ўғиллик бўлган тошкентлик она ëрдамга муҳтож


Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Каримларни бир-бири билан адаштириб қўймаслик учун оналари қўлларига белги боғлаб қўйган.
Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Каримларни бир-бири билан адаштириб қўймаслик учун оналари қўлларига белги боғлаб қўйган.

Ўтган ой бирданига тўрт ўғил кўрган тошкентлик 33 ёшли Гулшан Ҳайдарова чақалоқлари билан уйига кириб борди.

Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим исмлари берилган эгизаклар ва уларнинг онаси Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани “Чашма” маҳалласида 14 сентябр куни тантана билан кутиб олинди.

Туман ҳокимияти 23 август куни дунёга келган чақалоқларга тўртта бешик, “Чашма” маҳалласини оталиққа олган Ғафур Ғулом нашриёти эса эгизаклар учун коляскалар совға қилди.


Тошкентнинг Бектемир тумани “Чашма” маҳалласида яшовчи Гулшан ва Абдуллажон Ҳайдаровларнинг бундан аввал беш ёшли ўғли ва уч ёшли қизи бор эди.

Шу йилнинг 23 август куни ёш оилада бир варакайига тўрт ўғил туғилди ва улар энди биратўла олти фарзанднинг ота-онасига айланишди. Улар учун бу кутилмаган хол бўлди.

Эгизакларнинг онаси Гулшан Ҳайдарова Озодлик билан суҳбатда қорнида тўрт бола борлигини туғиш кунида билганини айтади.

- Туғишга борганимда тўртта дейишди. Тўрт ойлик ҳомила пайтим учта дейишганди. Операция қилиб, туғдиришди. "Манови биринчиси, манови бир ярим килолик туғилган иккинчиси" деди. Кейин учинчи ва тўртинчиси туғилди. "Тўрттаси ҳам ўғил экан, табриклаймиз", дейишди. "Қанақасига, тўртта ўғиллик бўлдимми , ростданми", десам "мана ўзингизни қорнингиздан чиққан болалар" деб, тўртовини ҳам кўрсатишди,- дейди Гулшан Ҳайдарова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:01 0:00
Бевосита линк


Кеча икки, бугун олти фарзанд онаси

Ҳозир Ҳайдаровлар оиласи чақалоқлар парвариши билан банд. Шиша бутилка, бакалашка йиғиб, уларни сотиш билан шуғулланадиган ота Абдуллажон Ҳайдаров ҳам ишини йиғиштириб, чақалоқлари билан оввора.

Гулшан Ҳайдарованинг икки синглиси ва онаси Раҳима опа ҳам чақалоқларга қарашга ёрдамга келган.

- Тўртта эмизикли болага қараш қизимга осон бўлмаяпти. Бириси тинса, иккинчиси йиғлайди. Эмизишга сути ҳам камлик қиляпти. Қўшимча сут ҳам беряпмиз. Қийналсак ҳам болаларга қараймиз, нима қиламиз энди,- дейди эгизакларнинг бувиси Раҳима опа.

Гулшан Ҳайдарова чақалоқлари туғилиши ортидан стерилизация қилингани ва бошқа фарзанд туғиш нияти йўқлигини айтади.

- Мендан сўрашди, шунақа қилсак бўладими, деб бўлади дедим. Ўзимни ҳам бошқа фарзанд кўриш ниятим йўқ, туғолмайман ҳам энди,- дейди Гулшан Ҳайдарова.


Ислом, Карим, Абдуғаничи...

Чақалоқларнинг бувиси Раҳима опа Ўзбекистон президенти шарафига янги туғилган невараларининг бирига Ислом, яна бирига Карим деб исм қўйганини айтади.


Ҳасан, Хусан, Ислом, Карим деб исм берилган эгизаклар ва уларнинг онаси Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани “Чашма” маҳалласида тантана билан кутиб олинди.
Ҳасан, Хусан, Ислом, Карим деб исм берилган эгизаклар ва уларнинг онаси Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани “Чашма” маҳалласида тантана билан кутиб олинди.
- Мени ўзим қўйдим шу исмларни. Катталарига Ҳасан, Хусан деб қўйдик. Эгизак туғилса қўйиладиган исм бу. Кенжаларига президентимизни изидан борсин деб, Ислом, Карим, деб исм бердим.

Абдуғаничи, деб сўраймиз Раҳима опадан.

- Учта фарзанд бўлса Ислом, Карим, Абдуғани, деб қўйишади, одатда. Лекин, бизда тўртта бўлгани учун Ҳасан, Хусан, Ислом, Карим деб ном бердик,- дейди эгизакларнинг бувиси Раҳима опа.

Гулшан Ҳайдарова эгизакларини адаштирмаслик учун қўлларига ёрлиқ осиб қўйган.

- Энг каттам Ҳасан, қўлига тақилган белгисидан танийман. Энг кенжаси Карим, боши озгина эзилган. Туғилганида шундай бўлиб қолган, ҳозир яхши. Бундан ташқари, иккитаси оқ, иккитаси қора. Ўшандан ҳам ажратяпман. Ҳасан, Ҳусан бири-бири билан, Ислом, Карим бири-бири билан ётади. Адашиб қўймай, деб қўлига эмблемасини ҳам тақиб қўйганмиз,- дейди Гулшан Ҳайдарова.

Тўрттадан памперс, тўрттадан ўйинчоқ

Ҳозир, Гулшан ва Абдуллажон Ҳайдаровлар янги туғилган эгизаклари учун ҳар бир нарсани тўрттадан олишларига тўғри келяпти.

- Тўрттадан памперс, тўрттадан кийим. Шиша-идишлари ҳам тўрттадан. Сутим камлик қиляпти, қўшимча оляпмиз. Битта пачкаси 20 минг сўм. Шу битта пачка уч кунга зўрға етяпти. Ўйинчоқ, бошқа нарсаларни айтмасам ҳам бўлади,- дейди Гулшан опа.

Келажакда эса Гулшан ва Абдуллажон Ҳайдаровлар олдида эгизакларини бир вақтни ўзида боғчага бериш, суннат тўйи қилиш, мактабга бериш, уйлантириш, ўқитиш ҳаражатлари турибди.

- Аллоҳ тўрттани берди, ризқини ҳам беради, Худо хоҳласа. Ҳозирги пайтда болаларни авайлаб-асраш керак. Худо хоҳласа ҳаммасини ўқитишга ҳаракат қиламиз. Ўзим ўқиганман. Болаларимни ҳам ўқитаман. Ўзим кийинмасам ҳам шуларни ўқитаман,- дейди Гулшан Ҳайдарова.

Айни пайтда Гулшан ва Абдуллажон Ҳайдаровлар чақалоқларини боқиш учун ҳокимиятдан етарли ёрдамни ололмаётганликларидан нолишади.

- Ҳозир ҳокимиятдан ҳар бир болага 150 мингдан 600 минг ёрдам пули олдик холос. Ҳозирча шундан бошқа ёрдам олмадик. Келиб хабар ҳам олишгани йўқ ҳали. Бешик ва коляска совға қилишди. Бунинг учун президентимизга раҳмат. Докторларимизга ҳам раҳмат. Ўзимни пулимга бўлса ҳам, мени оёққа турғазиб беришди,- дейди Гулшан опа.

Тошкент шаҳар, Бектемир тумани, “Чашма” маҳалласи фаоллари эса бирваракайига тўртта эгизак туғилган Ҳайдаровлар оиласига етарли ёрдам берилаётганини айтишмоқда.

Бирваракайига тўрт ўғиллик бўлган бу оилага моддий ëрдам бериш истагида бўлган муштарийлар Гулшан Ҳайдарованинг +998 90 315 26 06 рақамига қўнғироқ қилиб¸ бу ëрдамни қандай ва қаерга юборишни сўраб билишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG