Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:43

Тошкент вилоятида коллеж ўқувчилари пахтага чиқишни бошлади


Тошкент вилоятидаги коллежларнинг 2-ва 3-курс ўқувчилари 17 сентябрдан пахта теримига олиб чиқила бошлади. Коллежлар мамурияти 1-курс ўқувчилари коллежларда узлуксиз ўқув жараёнини таъминлаш мақсадида пахтага олиб чиқилмаётганини айтмоқда.



Тошкент вилоятидаги Саноат қурилиши касб-ҳунар коллежи маъмурияти 2- ва 3-босқич талабалари 16 сентябр куни вилоятнинг пахта етиштириладиган туманларига пахта теримига олиб чиқилгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

- Ҳозир кураторлари бормаган ўқувчиларга телефон қилиб, уларни йиғаяпти. Эртага соат 7 ярим 8 лардан кетади. Улгурмаганлар болаларини ўзлари олиб бориб ташлайди кейин,- деди коллеж маъмурияти ходими.

Исмини очиқламаётганимиз бу ходим пахта мавсумида коллеждаги ўқув жараёнини узлуксиз давом этиши, шу боис 1-босқич ўқувчилар олиб қолинаётганини айтди.

- 1-курсларимиз ҳозир бораётгани йўқ ҳали, ўқишда, деди коллеж ходими.

Айни коллежда таҳсил оладиган ўқувчилардан бири Озодликнинг “WhatsApp Пахтакор” блогига ёзган мактубида пахта теримига чиқишни истамаганлар дипломини ололмаслигидан огоҳлантирилаётгани ҳақида ёзган эди.

Қуйида ўша мактуб ўзгаришсиз келтирилмоқда:

"... ман колеж окувчисиман агар пахтага бормасен дипломингни бермимиз курсдан курсга колдирамиз дийишвоти шунга хаклиги борми колеж мамуриятини..."

Озодлик бу мактубга номи тилга олинган коллеж маъмуриятидан ҳозирча бирор изоҳ ололмади.

Аммо, исмини очиқламаётганимиз ходим пахта теримига чиқиш мажбурий эканини таъкидлади.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам коллеж ўқувчилари пахта теримига чиқарилаётганини тасдиқлар экан, бу жараён қишлоқ хўжалиги сохаси ходимлари кўнгилли ёрдам тариқасида амалга оширилаётганига ишора қилди. Бу ходим Озодликка интервью беришдан бош тортди.

Айни пайтда республиканинг Самарқанд, Наманган ва Жиззах вилоятларида ҳам касб-ҳунар коллежларининг юқори курс ўқувчилари пахта теримига олиб чиқила бошлади.

Жумладан, Самарқанд вилоятидаги Тиббиёт касб-ҳунар коллежи маъмурияти айнан бугун вилоят ҳокимлиги вакиллари иштирокида йиғилиш бўлгани ва унда ўқувчиларни қайси ҳудудларга пахтага юбориш масаласи муҳокама қилинганини айтди.

"Ҳозир катта мажлис бўлди ва ўқитувчиларга ҳаммасини тушунтиришди. Энди улар болаларга айтадида. Ҳозир ўзи ҳамма пахтага тайёрку", деди Тиббиёт коллежи маъмуриятида Озодлик қўнғироғига жавоб берган ходим.

Самарқанд Темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи маъмурияти ходими эса ҳозирча коллеж ўқувчилари пахта даласига олиб чиқилмаган бўлсада, теримга тахт эканини айтди.

"Ҳали бизга чиқинглар, дейишмади. Лекин ўқувчилар нарсаларини тайёрлаб қўйган. Қачон чиқ, деса чиқишади. Лекин пахтага чиқилади, аниқ", деди коллеж маъмурияти вакили.

Бунга қадар Самарқанд вилоятидаги Ижтимоий иқтисодиёт коллежида ўқувчилардан пахта теримига чиқиш мажбуриятини зиммасига олиш мазмуни акс этган тилхатга қўл қўйиш талаб қилингани кузатилган эди.

Коллеж директори номига ёзилган тилхатнинг Озодлик электрон почта қутисига келиб тушган нусхасида ўқувчининг пахта теримига ўз ихтиёри билан чиқиши, ўз хавфсизлиги учун жавобгарликни зиммасига олиши ва чиқмаган тақдирда, курсдан-курсга қолдирилишига рози экани ёзилган.

Республиканинг бошқа вилоятларидаги муштарийлардан келаётган мактубларда ёзилишича, деярли барча вилоятларда коллеж ўқувчиларини пахта теримига олиб чиқиш қарори қабул қилинган.

Озодликка келиб тушган маълумотларга кўра, Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятларида коллеж ўқувчилари пахтага олиб чиқилган, бошқа вилоятларда эса кейинги бир неча кун ичида олиб чиқилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда жами 1400 та касб ҳунар коллежи бор. Мавжуд тартибга биноан ўрта махсус касб-ҳунар таълими 2009 йилдан бошлаб мажбурий ҳисобланади.

Умумий ўрта таълим мактабининг битирувчиларига фақат ўқиш йўналишини танлаш — академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида давом эттириш ихтиёри берилган, холос.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, коллежда ўқиётганлар "ўқувчи" мақомидадир.

"Коллежда ўқийдиганлар "ўқувчи", деб аталади. Улар ҳали "талаба" эмас", деди ушбу бошқарма мутасаддиларида бири.

Яъни, Ўзбекистондаги ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ёши 14-15 ёшдан 17-18 ёшгачадир.

Ўзбекистон қонунчилигига биноан ўқувчилар 18 ёшга қадар вояга етмаган, деб ҳисобланади ва бу давлат ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга мувофиқ¸ 18 ëшгача бўлган ўқувчиларнинг меҳнатга мажбурланиши тақиқланган.

Ўзбекистонда бу йил уч миллион тоннадан ортиқ пахта териш режалаштирилган.

Кейинги икки йил давомида мажбурий болалар меҳнатини тўхтатиш борасида кучайган халқаро босимлар остида Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда Болалар мажбурий меҳнатини тугатишга қаратилган қонун қабул қилган.

Бундан ташқари, 2011-2012 йиллар давомида хусусий фермерларга болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳам қаттиқ тақиқланди.

Шу боис, 2011-2012 йилларда пахта йиғим-терими мавсумида, ҳатто Тошкент шаҳридаги хусусий боғчалар, клиникалар, савдо муассасалари зиммасига ҳам пахтага теримчи йўллаш топшириғи юкланди.

Теримчи йўллай олмаганлар эса бир кунда териладиган пахта нормаси ҳамда ёлланган теримчининг ётоғию емагига кетадиган ҳаражат миқдорида пул беришга мажбурланди.

Озодлик Тошкент шаҳридаги касалхоналар шифокору-ҳамшираларининг пахта теримига олиб чиқилиши ва улар маошларидан пул ушлаб қолинаётгани ҳақида ҳам хабарлар берган.

Пахта-2013 мавсуми аввалида расмий идоралар ва Озодлик манбалари йўллаган хабарлар мазмунига кўра, Ўзбекистонда бу йилги пахта ҳам, асосан, давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусий корхоналар ва айниқса, таълим муассасалари ходимлари, талабалар ҳамда ўқувчилар қўли билан териб олиниши кутилмоқда.

Бир неча йиллик музокаралардан сўнг БМТ қошидаги Халқаро Меҳнат ташкилоти ишчи гуруҳи жорий йилда пахта мавсумида Ўзбекистонга бориб¸ болалар меҳнатидан фойдаланаëтгани ҳақидаги маълумотларни жойида ўрганиш учун изн олди.

Аммо, шу кунларда ўзбек расмийлари билан пахта далаларини кезаётган халқаро ташкилот экспертлари ҳозирча матбуотга маълумот беришдан бош тортмоқда.
XS
SM
MD
LG