Линклар

logo-print

Бу ҳақда Озодлик саволларига жавоб берар экан, Қирғизистоннинг Хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва чегара масалалари бўйича вице-бош вазири Тўқўн Мамитов баёнот берди. Чегаранинг 9 августдан буён ёпиқ қолаётгани туфайли икки қўшни давлат фуқаролари ҳатто тиббий муолажа олиш имкониятидан ҳам мосуво қолаётганидан шикоят қилмоқда.


Қирғизистон вице-бош вазири Тўқўн Мамитов чегаранинг ёпиқ қолаётганини хабар қилар экан, уни очиш юзасидан “Ўзбекистон томони билан “музокаралар жараёни эндигина бошланганини, барча масалалар муҳокама қилинаётганини, шунинг учун хулосалар чиқаришга эрта эканлигини” билдирди.

Мамитовга кўра, “чегаранинг тахминан қачон очилиши тўғрисида ҳам бирон нима дейиш қийин, чунки музокаралар давом этмоқда”.

Озодликнинг чегарани очишга монелик қилаётган омиллар нималардан иборатлиги тўғрисидаги саволига жавобан вице-бош вазир “гап икки давлат ўртасидаги делимитациялаш ва демаркациялаш жараёнининг якунига етмаганлигида”, деди.

Озодлик: Ахир, 9 августгача ҳам Сиз айтаётган жараён якунига етмаган, лекин чегара очиқ эдику?

Тўқўн Мамитов: Ҳа, тўғри. Лекин биз бу масалада Ўзбекистон томонига мурожаат қилганмиз, лекин ҳали улардан жавоб олганимиз йўқ.

Масала юзасидан Ўзбекистон расмийларидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шуни айтиш керакки, Қирғиз – Ўзбек чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари, жумладан Ўш билан Андижон ўртасидаги йирик “Дўстлик” чегара масканини 9 августдан буён тақа-тақ ёпиқ, деб бўлмайди: чегарадан учинчи мамлакат фуқаролари ўтишига рухсат берилмоқда. Айни пайтда чегарани кесиб ўтишга икки қўшни давлат фуқароларига рухсат йўқ.

Озодликка қилинаётган мурожаатларга қараганда, чегаранинг ёпиқ қолаётгани туфайли фуқаролар ҳатто тиббий муолажа олиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлмоқда.

Масалан, ўзини Билолиддин, деб таништирган қирғизистонлик тингловчимиз Озодликка бундай деб ёзди:

“…”Дўстлик” чегарасининг қачон очилиши ҳақида маълумот олиш ниятида сизларга мурожаат қилмоқдаман. Сабаби шуки, аёлимни Ўзбекистонда даволаш зарурати борлиги учун ҳам интизорлик билан кутмоқдамиз чегаранинг очилишини...”

Билолиддин ва бошқа тингловчиларимизга шуни эслатиб қўймоқчимизки, чегарадан, жумладан Дўстлик масканидан ҳар икки давлат фуқаролари қариндош-уруғларининг касал бўлиб қолгани тўғрисидаги телеграммалари, таъзия маросимлари ва тўйларида қатнашиш учун таклифномлари мавжуд бўлган ҳолатда, ҳамда қўшни мамлакат аэропортларидан парвоз учун чипталари мавжуд бўлган ҳолатда ўтказилади.

Бу ҳақда ўз вақтида расман хабар қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG