Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:29

Жондорда сариққа чалинганлар бу йил 10%га кўпайди


Бухоро вилоят Жондор туман касалхонаси вакили Озодлик тингловчисининг касалхона ҳожатхонаси ахлати пахта даласига чиқариб ташлангани туфайли туманда инфекцион касалликларга чалинганлар кескин кўпайгани тўғрисидаги иддаоларини инкор этди. Айни пайтда у туманда вирусли гепатитга чалинганлар сони ўтган йилнинг шу даврига қараганда тахминан 5 – 10 фоизга кўп эканлигини ҳам яширмади.



Шу кунда Россияда меҳнат қилаётган жондорлик йигит оиласидан олган хабарларга таяниб Озодликка бундай шикоят қилди:

- Бухоро вилоят Жондор туманида яшайман. Инфекцион касалликлар касалхонаси ҳожатхонаси ахлатини фермерлар далага чиқариб ташлаган.
Болалар ёппасига сариққа чалинаяпти. Биргина мен яшайдиган кўчада 20 га яқин бола касалланиб больницага тушиб ўтирибди...

Жондорлик йигитдан бу хабарни олишимиз биланоқ биз туман марказий касалхонаси билан боғландик.

Касалхонанинг масъул ходимларидан бири Озодлик саволларига овозини ёзиб олмаслик шарти билан жавоб берар экан, тингловчимиз хабарини “асоссиз”, деб атади.

Унинг айтишича, касалхонанинг коммунал хўжалик корхонаси билан ҳожатхоналарни тозалаш юзасидан шартномаси бор ва бундан туман санитария ва эпидемиология хизмати ҳам хабардор.

Айни пайтда касалхона вакили ҳожатхонадан чиққан ахлатнинг қаерга ташланишидан хабари йўқлигини тан олди.

Суҳбатдошимиз туман аҳолиси орасида сариқ касаллиги тарқалиши даражаси аввалги йилларга қараганда кўпайганини ҳам эътироф этди.

- Грипп ва бошқа бир қатор касалликлар ўтган йилнинг шу давридагидан бироз камайган. Лекин гепатитга чалинганлар бироз кўпайди. Йил охирига бориб меъёрга тушиб қолади, деган умиддамиз. Аниқ ҳисоб-китоб қилганимизча йўқ. Шунинг учун 5 ёки 10 фоиздир, дея оламан, дейди Жондон тумани юқумли касалликлар шифохонаси врачи.

Мавзуни ўрганар эканмиз, жондорлик бир журналист билан ҳам суҳбатлашдик. Унинг айтишича, ҳожатхона ахлатининг далага ўғит сифатида чиқарилиши тўғрисидаги гап туманда ўтган йили ҳам пайдо бўлган.

Журналист мана бундай ҳикоя қилди:

“Ҳожатхоналар ахлатининг далага чиқарилгани тўғрисидаги гаплар ўтган йили ҳам пайдо бўлган эди. Ўшанда мен бу гап кетидан бориб, ўрганишга уринган эдим. Кўпчилик билан, масалага алоқаси бор ёки алоқаси бўлиши мумкин бўлганлар билан суҳбатлашганман. Касалхонага эса, тез-тез бориб тураман. Лекин ўша миш-мишларни исботловчи далилларни топа олмаганман”, деди жондорлик журналист.

Жондор туман касалхонаси ҳожатхонаси ахлати далага ўғит сифатида чиқарилгани ва натижада туманда инфекцион касалликлар кўпайгани тўғрисида Озодликка шикоят қилган тингловчи икки маҳаллий фермернинг исм-фамилиясини ҳам айтдики, тингловчимиз иддаосича, ахлатни далага айнан шулар олиб чиққан.

Биз фермерларнинг ўзлари билан боғлана олмаганимиз учунгина уларнинг исм-фамилияларини келтирмаяпмиз.

Ҳар қалай, жондорлик тингловчи шикояти асоссиз эмасга ўхшайди. Бунга туманда гепатитга чалинганлар бу йил кўпроқ эканлиги ҳам ишора қилаётгандай.
XS
SM
MD
LG