Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:14

“Исломий жиҳод иттифоқи” қандай ташкилот?


Террорчиликда гумонланиб Ўшда қўлга олинганлар Суриядаги жангларда иштирок этгани айтилмоқда.
Террорчиликда гумонланиб Ўшда қўлга олинганлар Суриядаги жангларда иштирок этгани айтилмоқда.

Қирғизистонда Суриядан келган “Исломий жиҳод иттифоқи” ташкилотига мансуб террорчи гуруҳ қўлга олингани ҳақида тарқатилган хабар ортидан “Бу гап ростми? Бундай ташкилот ўзи аслида мавжудми?” мавзусида баҳс-мунозаралар қизиди.

Хавфсизлик масалалари бўйича бишкеклик эксперт Артур Медетбековнинг айтишича, “Исломий жиҳод иттифоқи” террорчилик ҳаракати сифатида танилган. Бу иттифоқ 2002 йилда Ўзбекистон Исломий ҳаракати таркибидан ажралиб чиққан экан.

-Бўлиниб чиққанидан кейин бу ҳаракатнинг фаолияти тўлалигича террорчилик билан боғлиқ бўлган. “Исломий жиҳод иттифоқи” Европа ва Ўрта Осиё минтақаларида ўз ғояларини тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланади. Бу йўналишда улар жуда қаттиқ ишлашаяпти, -деди Артур Медетбеков.
Экспертнинг айтишича, “Исломий жиҳод иттифоқи” 2008 йилда Қирғизистон суди томонидан террорчи ташкилот сифатида эълон қилинган ва мамлакат ҳудудида мазкур ташкилот фаолияти тақиқланган.

16 сентябр куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Ўшда Суриядан Қирғизистонга терорчилик ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида юборилган “Исломий жиҳод иттифоқи”нинг уч кишидан иборат гуруҳи қўлга олинганини билдирган эди. Мана шу маълумот таҳлилчилар ва жамоатчилик ўртасида қарама-қарши фикрларни пайдо қилган. Таҳлилчилардан бир қисми Қирғизистонда Суриядан келган террорчилар қўлга олинганига ишонса, айрим сиёсатчилар бу баёнотни шубҳа остига олган эдилар.

Айни пайтда жорий йилнинг ёзида Қирғизистоннинг айрим шаҳар ва туманларидан ёш йигитлар Суриядаги урушга олиб кетилгани ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлган эди. Таҳлилчилар Қирғизистонга юборилган террорчилар ана шу одамлардан иборат бўлиши мумкин, деган таҳминни ҳам айтмоқдалар.

Қирғизистонлик таниқли теолог олим Қодир Маликовнинг айтишича, “Исломий жиҳод иттифоқи” таркибида ўзбек, қирғиз, қозоқ, татар ва Россиянинг Шимолий Кавказ минтақаси вакиллари бор. Теолог олим “Исломий жиҳод иттифоқи”нинг асосий мақсади Марказий Осиёдаги авторитар режимларга, исломий бўлмаган давлатларга ва ўз наздларида империалистик деб ҳисобловчи мамлакатларга қарши жиҳод қилишдан иборат эканини айтди.

-Бошқача айтганда, “Исломий жиҳод иттифоқи”нинг ғояси “Ал Қоида” мафкурасидан ҳеч қандай фарқ қилмайди, -деди Қодир Маликов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Ўшда қўлга олинган “Исломий жиҳод иттифоқи” гуруҳига мансуб уч кишидан икки нафари қирғизистонлик, бир нафари эса қозоғистонлик эканини билдирган. Махсус хизмат дастлабки тергов жараёнида қўлга олинганлар Ўш ва Бишкек шаҳарларида портлашларни режалаштирганларини тан олганини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG