Линклар

Ўзбекистонда буханка ноннинг нархи 9 фоизга оширилди. 15 сентябрга қадар 550 сўмдан сотилган биринчи нав ундан пиширилган 600 граммли бир буханка нон эндиликда 600 сўмдан сотилмоқда. Новвойхона ходимларига кўра, уннинг нархи оширилгани буханка қимматлашига сабаб бўлган.

Ўзбекистонда буханка ноннинг нархи 9 фоизга оширилди. 15 сентябрга қадар 550 сўмдан сотилган биринчи нав ундан пиширилган 600 граммли бир буханка нон эндиликда 600 сўмдан сотилмоқда. Новвойхона ходимларига кўра, уннинг нархи оширилгани буханка қимматлашига сабаб бўлган.


Тошкентдаги "Боғистон-нон" новвойхонасининг Озодлик билан суҳбатда бўлган ходими буханка нархи 15 сентябрдан бошлаб юқоридан келган буйруқ асосида оширилганини айтди.

- Бизда серий нон, буханка чиқиш баҳоси 519 сўм 93 тийин, сотилиш нархи 600 сўм бўлди. Буханка 550 сўм бўлган пайтда биздан чиқиш нархи 472 сўм 10 тийин эди. 12 сентябр 155 номерли буйруқ асосида ошган, - деди ўзини таништиришни истамаган новвойхона ходими.

"Тошкент-нон" уюшмасининг исми ошкор этилмаслигини сўраган расмийси Озодлик билан суҳбатда буханка нархи қимматлашишининг асосий сабаби ун нархи оширилгани эканини айтди.

- Ўздонмаҳсулот уннинг нархини оширди. Бир кило биринчи сорт уннинг нархи 803 сўм бўлди. Ун нархи ошгани ҳисобига ноннинг нархи ҳам ошган, - деди суҳбатдошимиз.

"Тошкент-нон" вакили буханка нархи Молия вазирлигидан келган ҳужжат асосида ошганини қўшимча қилди. Айни пайтда, уюшма вакили маиший хизматнинг барча жабҳаларида нархлар ошиб бораётган бир пайтда буханка нархининг 50 сўмга ошиши табиий ҳол эканини алоҳида таъкидлади.

- Арзимаган нарх-ку. Ҳозир, мисол учун, бир стакан сув ичсангиз ҳам фалон пул - 500 сўм. Ноннинг шунча меҳнати бор. Озгина кўтарилган. Мисол учун, электр энергия, транспорт, табиий газ, сув ошяпти. Ҳамма нарса ошганидан нон корхоналари "убитка"га кириб кетмаслиги керак-ку. Бу ҳам ҳисоб-китоб қилинади-ку. Харажат қимматлашганидан кейин, корхона ўзини-ўзи оқлаши керак. Фойда билан чиқиши керак. "Убитка" билан чиқсак, корхона банкрот бўлади, - дейди суҳбатдош.

"Тошкент-нон" уюшмаси расмийси буханка пиширишда фақат маҳаллий хом-ашёдан фойдаланилгани боис бошқа нонларга нисбатан буханканинг доим арзон бўлиб келганини қўшимча қилди.

- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган биринчи навли ун ишлатилади. Четдан олиб келинмайди. Қозоғистоннинг уни ишлатилмайди. Нон ишлаб чиқаришда четдан ҳеч нарса олиб келинмайди. Ҳамма нарса ўзимизники. Дрожи Янгийўлда ишлаб чиқарилади. Ёғ ҳам ўзимиздан. Фақат оборудование кўп жойда российский, ўзимизники ва немецкий оборудованиялар ҳам бор. Мисол учун, уларнинг ҳам харажати бор. Ремонт, запчаст дегандек. Уларни оқлаш керак. Харажатлар кўпайиб кетса ҳам бўлмайди. Шунинг учун нарх озгина ошган, - деди "Тошкент-нон" уюшмаси расмийси.

Унга кўра, ҳозирда Тошкент шаҳри бўйича бир кунда 350 тонна буханка нон пиширилади. Қиш фаслида бу кўрсаткич 400-450 тоннагача кўпайиши мумкин.

Ўзбекистонда фақат буханка ноннинг нархи давлат томонидан белгиланади. Бошқа турдаги нон маҳсулотлари нархи ҳукумат томонидан назорат қилинмайди.

Буханка қимматлагани ҳозирча хусусий новвойлар ёпаётган нонлар нархига таъсир этгани йўқ.

Ўзбекистонда буханка нархи 2011 йил 1 октябрида 25 фоизга, 2012 йил 25 сентябрда 10 фоизга оширилган эди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистонда 7 миллион 610 минг тонна дон етиштирилган. 2012 йилда бу кўрсаткич 7,17 миллион тоннани ташкил қилган.
XS
SM
MD
LG