Линклар

Йирик АҚШ ширкатлари Ўзбекистон билан яна бизнес қилмоқчи


АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси раисаси Carolyn B. Lamm хоним 2011 йилда президент Ислом Каримов қабулида.

АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси раисаси Carolyn B. Lamm хоним 2011 йилда президент Ислом Каримов қабулида.

2005 йилги Андижон қирғинидан сўнг ўзбек иқтисодига юзлаб миллион доллар сармоя олиб кирган Newmont Mining Corporation каби каттаю кичик Америка ширкатлари синдирилди ва Ўзбекистондан ҳайдаб чиқарилди. Орадан қарийб 10 йил ўтиб¸ Boeing, General Motors, Coca-Cola, Johnson&Johnson, Procter&Gamble ширкати Ўзбекистон бозорига қайта кириш ëхуд ўз фаолиятини кенгайтиришга жазм қилмоқда.

Ўзбекистон ҳақидаги алвон баëнотлар

Ўзбекистон расмий нашрларининг ëзишича¸ яқинда Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ-Ўзбекистон бизнес форумида қатнашган йирик АҚШ ширкати раҳбарлари табиий заҳираларга бой ва стратегик жойлашуви бизнес учун қулай деб қаралаëтган Ўзбекистон билан боғлиқ қатор лойиҳаларни очиқлаган.

АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси ҳомийлигида ўтказилган бу йиғинда мазкур палата раиси Carolyn Lamm Тошкент ҳукуматини хориж сармоядорлари учун қулай иқлим яратиб берганликда мақтаб¸ ана шу қулайлик боис ҳозирда Америка ширкатларининг ўзбек ҳамкорлари билан 4 миллиард долларлик сармоя ва савдо лойиҳаларини амалга ошираëтганини қайд қилган.

Форумда қатнашган Ўзбекистон расмийлари мамлакатни хориж сармоядорлари учун қарийб “жаннат” сифатида таърифлаб¸ АҚШ ширкатларини нефт ва газ¸ кимë¸ фармацевтика ва машинасозлик соҳасига сармоя ëтқизишга таклиф қилганлар.

Вашингтон форумида қатнашган Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиë бўлими мутасаддиси Veronica Bakalu Ўзбекистонни Марказий Осиëдаги “барқарорлик ороли” деб таърифлаб¸ мамлакат иқтисодининг юқори суръатлар билан ошиб бораëтганидан¸ истиқболнинг янада ëрқинроқ эканидан гапирган.

US Eximbank бошқарувчиларидан бири Brian San Angelo Ўзбекистон кредит рейтингининг халқаро майдонда баланд эканини таъкидлаган ва ўз банки Ўзбекистон билан бизнес қилмоқчи бўлган АҚШ ширкатларига молиявий ëрдам кўрсатишга ҳозирлигини билдирган.

Форумда қатнашган Boeing Халқаро фаолият бўлими дирактори Bryan M. Lopp Ўзбекистонни Марказий Осиëдаги асосий бизнес шериги деб билиши ва ўз ширкати Ўзбекистонда минтақада ягона Boeing таъмир маркази очишни режалаëтганини маълум қилган. Айтилишича¸ бу марказ Boeing-787 Dreamliner русумидаги энг янги учқичларга техник хизмат кўрсатади.

Айни шундай¸ Coca-Cola ширкатининг минтақавий директори Oleg Piletsky ўз ширкати Ўзбекистонда мева шарбати ва салқин чой ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун 50 миллион доллардан кўпроқ сармоя ëтқизишини баëн қилган.

Унутилган ўтмиш

АҚШ ширкатлари Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бошлаб мамлакат иқтисодига сармоя ëтқизишга киришди.

2005 йилга келиб ўзбек иқтисодига энг кўп сармоя олиб кирган АҚШ ширкатлари¸ уларнинг энг йириги эса¸ нафақат АҚШ¸ балки дунëдаги энг йирик кончилик ширкати Newmont Mining Corporation эди.

Бу ширкатлар 2005 йил баҳорига қадар нисбатан қулай иқлимда фаолият юритиб келдилар.

Аммо 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда юзага чиққан қонли воқеаларнинг расмий Вашингтон томонидан танқид қилиниши ортидан вазият тамом тескарисига ўзгарди.

2005 йил ëзида Хонободдаги АҚШ ҳарбий базаси ҳайдалиши баробарида Америка ширкатларига солиқ тўламаганлик каби жиддий айблар қўйилди¸ уларнинг бор-йўғи ҳукумат фойдасига мусодара қилинди¸ кечаги йирик сармоядорлар қуруқ қўл билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди.

48 миллион доллар миқдорида солиқ тўламаганликда айбланиб¸ Ўзбекистондаги бор-йўғидан айрилган Newmont ширкати Тошкент ҳукуматини Халқаро арбитраж судига тортди. Бир неча йил давом этган бу жанжалнинг ечим топгани айтилса-да¸ унинг тафсилотлари жамоатчиликка очиқланмади.

Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларидан кейин АҚШ ширкатлари ва сармоядорларини шу қадар қаттиқ сиқувга олдики¸ АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ўшандаги ëрдамчиси Ричард Баучер 2006 йил августида Тошкентга махсус сафар қилиб¸ Америка инвесторлари манфаатини ҳимоялашга уриниб кўрди:

- Биз Ўзбекистондаги Америка ширкатлари вазиятини яқиндан кузатиб турибмиз. Бу ширкатларнинг Ўзбекистонда бизнес қилиши тобора қийинлашиб бормоқда. Айрим вазиятларда АҚШ ширкатларига нисбатан қўлланилаëтган амаллар¸ сармоядорларни тегишли хулоса чиқаришга мажбур қилмоқда¸ деган эди Тошкентдан туриб Озодлик мухбири саволларига жавоб берган Баучер 2006 йил ëзида.

Бу хулоса эса¸ аксар Америка ширкатлари учун Ўзбекистонни кеч бўлмай туриб тарк этиш ва Тошкентда бизнес ва сармоя иқлими тубдан ўзгармагунича¸ бу мамлакатга қайтмаслик эди.

Ўзбекистонда сармоя иқлими ўзгардими?

Мамлакатда авжга чиққан коррупция¸ бевосита сиëсий элитага қарашли “откат” тизими боис кейинги йилларда нафақат АҚШ¸ балки аксар Европа ширкатлари ҳам Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди.

Ҳайдалган Newmont ширкати ўрнини эгаллашга уринган Британиянинг Oxus Gold корпорацияси ҳам Ўзбекистонда айни қисматга учради – 400 миллион долларлик сармояси ҳавога совурилганини иддао қилаëтган бу ширкат ҳам Ўзбекистон ҳукумати билан 2012 йилдан бери Халқаро Арбитраж судида тортишмоқда.

Ўзбек расмийлари билан узоқ йиллар “ўзбекча ўйин қоидалари”га кўра дўстлашиб келган Туркия ширкатларини ҳам бу яқинлик айни тақдирдан ҳимоя қила олмади – 2012 йилда Turkuaz савдо тармоғи синдирилиб¸ унинг раҳбарлари яна эски солиқ тўламаганлик каби айблар билан қамоққа олинди.

Ҳиссаларининг учдан бир қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliSonera телекоммуникация ширкатининг Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пор берганига оид хабар ва бу хабар ортидан Швецияда очилган жиноий иш¸ Ўзбекистондаги сармоя муҳитига жиддий эътибор қаратмай қолмади.

Айнан шундай¸ Гулнора Каримова билан келишмовчилик боис муаммоларга учрагани тахмин этилаëтган Россиянинг МТС ширкатининг синдирилиши ҳам¸ хориж сармоядорларига берилган яна бир огоҳлантирув бўлди.

Бугунга келиб¸ Ўзбекистон ҳукуматидан шикоят қилиб Халқаро арбитраж судига мурожаат қилган хорижий ширкатлар орасида Исроилнинг Metal-Tech, Ҳиндистоннинг Spentex Industries Ltd., Жанубий Кореянинг Kabool textiles каби ширкатлари бор.

2012 йил давомида TeliaSonera ва МТС мобил алоқа оператори билан юзага чиққан жанжал халқаро майдонда жиддий резонанс уйғотганидан сўнг¸ Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисодига хориж капиталини жалб этишни рағбатлантиришга қаратилган қатор ҳужжатларни қабул қилди.

Аммо ҳозирча бу уринишлардан кейин Ғарб инвесторларининг Ўзбекистонга пул ëтқизишга шошилгани кўрилмади.

Расмий маълумотларга кўра¸ Ғарб сармоядорлари ҳадиксираб турган ўзбек иқтисодида 2013 йилга келиб¸ Хитойнинг давлатга қарашли ëнилғи корпорациялари йирик инвесторларга айланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG