Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:28

Беларусдаги Тожикистон элчисининг ўғли героин билан қўлга тушди


Тожикистоннинг Беларус Республикасидаги элчиси Қозидавлат Қоимдодов.
Тожикистоннинг Беларус Республикасидаги элчиси Қозидавлат Қоимдодов.

Тожикистон Божхона хизмати расмийси Озодликка Беларусдаги Тожикистон элчисининг ўғли Қоимдод Қоимдодов 16 сентябр куни Душанбе аэропортида 2,5 килограмм героин билан қўлга тушганини айтган эди. Бир кун ўтиб ташкилот матбуот котиби Қоимдодов қўлга олинганини тасдиқлашдан бош тортиб, героин яширилган чемодан кимга тегишли бўлганини аниқлаш устида иш олиб борилаётганини айтди.


Тожикистон расмийлари 16 сентябр куни Душанбе халқаро аэропортида чемодан ичида топилган 2,5 килограмм героин Беларус Республикасидаги Тожикистон элчисининг ўғли Қоимдод Қоимдодовга тегишли бўлгани ёки бўлмаганини аниқлаш устида иш олиб борилаётганини билдирди.

Тожикистон Божхона хизмати матбуот котиби Нурулло Шарипов Озодликка героин яширилган чемодан кимга тегишли экани ҳозирча аниқ эмаслигини айтди:

- Транспорт полицияси багаж кимга тегишли эканини аниқлаши лозим. Бу масалага ойдинлик киритиш учун тергов давом этмоқда. Ҳозир аэропортда вазият шундай, йўловчи бир йўлакдан боради, унинг юки бошқасидан кетади. Героин топилган юк кимга тегишли бўлгани аниқланганидан кейин кимгадир айблов эълон қилиш мумкин бўлади, деди Нурулло Шарипов.

Душанбе аэропортининг ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган ходими Озодликка Қоимдод Қоимдодов ва унинг рафиқаси Муштари Муборакшоева 16 сентябр куни Москвага учиб кетаётган пайтда ушланганини айтган эди.

Божхона ходимлари сканнер ёрдамида юкларни текшираётган пайтда чемодан ичига яширилган 2,5 килограмм героин борлигини аниқлаган.

Ҳозирда эр-хотиннинг Тожикистон Божхона хизмати изоляторда экани айтилмоқда.

Озодлик мухбирига кўра, айни воқеага алоқадорликда гумонланиб Қоимдод Қоимдодовнинг қариндоши ҳам қўлга олинган.

Тожикистоннинг Беларус Республикасидаги элчиси Қозидавлат Қоимдодовнинг ўғли бўлган Қоимдод Қоимдодов Минск шаҳридаги МДҲ Иқтисодий судида референт бўлиб ишлайди.

Душанбе аэропортида қўлга олинган пайт у рафиқаси билан Минск шаҳрига Москва орқали учиб кетишга ҳозирлик кўраётган бўлган.

Тожикистон парламентининг собиқ спикери ва собиқ бош вазир ўринбосари Қозидавлат Қоимдодов 2005 йилда Тожикистоннинг Туркманистондаги элчиси этиб тайинланган.

Қозидавлат Қоимдодов 2009 йил 30 октябридан Тожикистоннинг Беларусдаги элчиси лавозимида ишлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG