Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:00

Тошкентдаги мардикорлар пахта теришни истамаяпти


Тошкент шаҳридаги корхона, ташкилот ва муассасалардан пахта йиғим-теримига ҳашарчи етказиб беришга оид ҳокимият талаби ўз навбатида мардикорларга бўлган талабни оширди: турли сабабларга кўра пахтага боролмайдиганлар ўз ўрнига теримга мардикор юборишга ҳаракат қилмоқда.

Натижада мардикорлар пахта терими учун талаб қилаётган бир кунлик иш ҳақи миқдори ўтган йилгига қараганда, камида 30 фоизга ортди.


Асли сурхондарёлик 30 яшар Шерзод, одатда, иш берувчиларни Қўйлиқ бозорида кутади. У уч кундан бери пойтахтдаги хонадонлардан бирида ётиб ишламоқда:

- Ўтган якшанба куни менга ҳам пахтага боришни таклиф қилишди, дейди Шерзод, бир киши 40 кунга 900 минг сўм бераман, деди. Мен кўнмадим.

Ўша куниёқ Шерзодни талабалар ҳам пахта теримига ёлламоқчи бўлган.

- ТошМИда ўқийдиган талабалар бир ярим ой пахта теришга 300 доллар берамиз, дейишди. Мен йўқ, дедим, дейди Шерзод.

Шерзоддан яна сўрадик:

- Кунига неча пул беришса пахта терасиз?

- 35 минг.

- Шунча пул берса, ётоқ, озиқ-овқат ўзингиздан бўладими?

- Йўқ, озиқ-овқат қиммат. Бу пул қопламайди. Овқат билан ташкилот таъминлаши керак, дейди кундалик ишини Қўйлиқдаги мардикор бозоридан топадиган сурхондарёлик 30 яшар мардикор Шерзод.

18 сентябрь куни Тошкентдаги ҳамкорларимиздан бири “Уч қаҳрамон” қурилиш материаллари бозори олдидаги мардикор бозорига ишга ёлловчи сифатида бориб, мардикорлар билан гаплашди.

Унинг аниқлашича, ўтган йили мардикор пахта теримидаги бир иш куни учун сўрайдиган ҳақ 25 минг сўмдан бошланган эди. Бу йил эса, иш ҳақи камида 35 минг сўм бўлиши кераклиги талаб қилинмоқда:

- Мардикорларнинг мутлақ кўпчилиги пахта теримига оид таклифни эшитишни ҳам истамаяпти. Пахтага боришга тайёрлар эса, кўпи билан бир ҳафтадан ортиқ вақтга бормасликлари тўғрисида иш берувчини огоҳлантирмоқда, деди ҳамкоримиз.

Мана шундай шароитда Тошкент шаҳридаги меҳнат биржалари қошида пахта теримига боришни истамаганлар учун мардикор ёллаб берадиган воситачи гуруҳлар шаклланаётганини тушуниш қийин эмас.

Мардикорларнинг мустақил касаба уюшмасини тузганини эълон қилган гуруҳ вакили Фахриддин Тиллаев пахта терими бошланганидан бери пойтахт мардикор бозорларида кузатилаётган жонланишни эътироф этар экан, бундай деди:

- Мен бир-иккита ташкилот раҳбарлари билан суҳбатлашдим мардикорларни пахтага жалб қилиш масаласи бўйича. Уларга 10 кунга мардикор топасан, ҳар бир одам учун кунига 30 минг сўмдан пул тўлайсан, деган. Уларни 10 кун давомида озиқ-овқат билан таъминлайсан, деган, деди Фахриддин Тиллаев.

Бир томондан меҳнатнинг оғирлиги, иккинчи томондан иш ҳақининг меҳнатга мутаносиб эмаслиги туфайли мардикорлар пахтага боришни истамаяпти.

Бироқ муаммони жўнгина ҳал қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Сурхондарёлик 30 яшар мардикор Шерзод якшанба, 15 сентябрь куни Қўйлиқдаги мардикор бозорида ўзи гувоҳи бўлган воқеа тўғрисида айтиб берди:

- Иккита милиция Матиз автомашинасида келиб иккита ёшроқ мардикор болани пахтага олиб кетганини ўзим кўрдим, деди мардикор Шерзод.
XS
SM
MD
LG