Линклар

logo-print

Дамашқ кимëвий ҳужумни исëнчилар уюштирганини далилламоқчи


Россия ТИ вазири ўринбосари С.Рябков (ч) суриялик ҳамкасби В.Ал-Муаллим билан.

Россия ТИ вазири ўринбосари С.Рябков (ч) суриялик ҳамкасби В.Ал-Муаллим билан.


Сурия режими 21 август куни Дамашқ яқинида амалга оширилган кимёвий ҳужумни исёнчилар уюштиргани иддао қилинган материалларни Россияга топширди. Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Ал-Муаллим билан Дамашқда учрашганидан кейин журналистларга Москва Сурия ҳукумати тақдим этган материалларни “жиддий тарзда” ўрганиб чиқишини айтди.


Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков БМТ экспертларининг Суриядаги кимёвий қуроллар ҳужуми тўғрисида душанба куни Хавфсизлик кенгашига тақдим қилган ҳисоботини “сиёсийлашган, нотўғри ва бир томонлама” деб атаб, Россиянинг ҳисоботдан ҳафсаласи пир бўлганини қўшимча қилди.

Ғарб давлатлари БМТ экспертлари ҳисоботида Сурия режими кимёвий қуроллар ҳужумини амалга оширгани тўғрисида далиллар борлигини айтмоқда.

Бироқ Москва 1400дан ортиқ одам ўлган ҳужум провокация бўлган дейиш учун Россияда “жиддий асос” борлигини урғуламоқда.

Рябков Суриянинг кимёвий қуролларини халқаро назоратга ўтказиш ва тугатиш бўйича ўтган ҳафта АҚШ-Россия ўртасида Женевада эришилган шартномани муҳокама қилиш учун Дамашққа борди.

Келишувдан мақсад тинч аҳолига қарши кимёвий қурол қўллагани иддао қилинаётган президент Башар Ассад режимига қарши АҚШ етакчилигида ҳарбий ҳужум уюштиришининг олдини олишдан иборат.

АҚШ-Россия келишуви икки босқичда амалга оширилиши назарда тутилган. Биринчи босқичда, Сурия ҳукумати ўз кимёвий қуроллари ҳақидаги батафсил маълумотларни Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига тақдим этиши кўзда тутилган.

Иккинчи босқичда, халқаро назоратга ўтган Сурия кимёвий қуролларининг йўқ қилиниши назарда тутилган.

Дамашқда сўзлаган Рябков Сурия Ташқи ишлар вазирига келишув шартларини “қатъий ва тезда” бажариш муҳим эканини таъкидлаганини айтди.

Сешанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган беш давлат расмийлари Сурия кимёвий қуролларини йўқ қилиш борасидаги резолюция лойиҳасини муҳокама қилди.

Бироқ сўзлашув натижасиз тугади. Музокараларнинг чоршанба куни давом этиши режаланган.

Франция, Британия ва АҚШ БМТ резолюциясида¸ агар Сурия ҳукумати АҚШ-Россия келишувини бажармаса, ҳарбий чора кўрилиши қайд этилишини хоҳламоқда.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Британия Бош вазири Дэвид Камерон билан Лондонда бўлиб ўтган музокарадан сўнг Сурияга нисбатан ҳарбий куч қўллаш резолюцияда акс этиши кераклигини таъкидлади:

- Ҳарбий ҳужум ҳақида жиддий таҳдид бўлганидан сўнггина дипломатик уринишлар самара берганига ишонаман. Дипломатик ва сиёсий уринишлардан самара чиқишини таъминлаш учун ҳарбий чора қўллаш эҳтимоли бундан сўнг ҳам сақланиб қолиши керак деб ўйлайман, дея баёнот берди НАТО Бош котиби.
XS
SM
MD
LG