Линклар

logo-print

Индонезиянинг Бали оролида “Дунë гўзали” конкурсининг ўтказилаëтгани Индонезия мусулмонларининг норозилигига сабаб бўлди. “Дунë гўзали” конкурси танқидчилари бу танловга “исломий алтернатива” билан жавоб беришга қарор қилди.

Дунëдаги энг кўп мусулмон истиқомат қиладиган бу ўлкада чоршанба куни муслима аëллар ўртасида “Muslimah World” тадбирига старт берилди.

Франс-пресс ахборот агентлигига кўра¸ “Муслималар гўзали” танлови “Дунë гўзали” конкурсидан фарқланади.

Бу танловда қатнашаëтган 20 нафар мусулмон соҳибжамоллари ҳижобни чиройли ўраш ва Қуръон тиловат қилиш бўйича беллашади.

Шу билан бирга танловда қатнашаëтган қизлар ҳижоб кийишга қай йўсинда қарор бергани ҳақидаги ўз ҳикоясини сўзлаб беришлари лозим бўлади.

“Муслималар гўзали” танловини уч йил муқаддам рўмолини ечишдан бош тортгани учун телевидение суҳандонлигидан ҳайдалган Эка Шанти уюштирмоқда.

Эка Шантининг матбуотга билдиришича, “Муслималар гўзали” танловида иштирок қилаëтган соҳибжамоллар ўзларида иффат, ҳаë, ибо ва ор тажассумини кўрсатиш билан биргаликда, муслима аëлнинг замонавий реаллик билан уйғун ҳаëт тарзини намоён қилади.

Конкурсда индонезияликлардан ташыари Эрон, Малайзия, Бруней, Бангладеш ва Нигериядан келган соҳибжамоллар исломий либосларни ҳам кўз-кўз қилади.

Тошкентлик либос рассоми Лола Сайфий Москвада исломий либослар дизайни билан шуғулланади.

Лола Сайфий эронлик рассомлар билан ҳамкорликда исломий либосларни тиккани боис “Муслималар гўзали” танловини қўллаб-қувватлайди.

- Ислом маданияти, исломий меъморлик каби тушунчалар қаторида исломий либослар гўзаллиги бор. Масалан, мен бир-биридан гўзал ҳижоб, бурқа ва паранжиларни кўрганман. Бу исломий либосларни ўзига яраштириб кийган мусулмон аëлларнинг танлови бўлаëтганини қўллаб-қувватлайман, - дейди Лола Сайфий Озодлик билан суҳбатда.

Лола Сайфий ўтган йилнинг 6 апрелида Татаристон пойтахти Қозонда ўтган "Islamic clothes" ("Исломий либослар") танлови иштирокчисидир.

Лондонда истиқомат қилувчи ўз исми айтилишини истамаган ва ўзини эътиқодли муслима деб билган журналист аëл ҳижоблар танловига қарши эканлигини билдирди.

- Қуръонда аëлларнинг ҳижобда бўлиши ҳақида аниқ кўрсатма борлигини менга ҳеч бир мулла кўрсатиб бера олмади. Фақат Бақара сурасида бир ишорат бор. Аммо бу ҳам эркак муллаларнинг интерпретацияси. Аëлларни ўраб-чирмаб ташлашни истаган эркаклар интерпретацияси. Қуръонда кўкракни яшириш ҳақида аниқ кўрсатма бор, аммо аëлларнинг буткул чимматга ўралиши лозимлиги ҳақидаги аниқ буйруқни менга ҳеч ким кўрсата олмади. Мен эътиқодни ташқи омил белгиламайди, деб ўйлайман. Эътиқод ва Оллоҳ севгиси қалб тўрида, - деди Лондонда истиқомат қилувчи журналист аëл.

Тошкентлик муслима аëл Мўътабар Аҳмедова "Муслималар гўзали” танловиниинг бир жиҳатига эътироз билдирди:

- Танловда муслима аëлларнинг Қуръон тиловат қилишига қаршиман. “Аëлларнинг овози ҳам авратдир” деган тушунча бор. Аëлларнинг овози бошқаларнинг шаҳвониятини қўзғаши мумкин. Шу боис танловда уларнинг овози чиқмагани яхши бўлар эди. Умуман, Исломий гўзалликни намоëн қилиш маъносида бу танловни қўллаб-қувватлайман. Аммо “Дунë гўзали” конкурсини ва унда Ўзбекистон вакиласи қатнашаëтганини маъқул кўрмайман¸ - деди суҳбатдош.

“Муслималар гўзали” танловида Ўзбекистон вакиласи иштирок этмаяпти.

Индонезиянинг Бали оролида 8 сентябр куни бошланиб, 28 сентябр куни якунига етадиган “Дунё гўзали” конкурсида эса илк бора Ўзбекистон вакиласи - 18 ёшли Раҳима Ғаниева иштирок этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG