Линклар

Қаршилик талаба пахтада 4 талабани пичоқлади, бири ўлди


Пахтага олиб чиқилган ўзбекистонлик талабалар ётоқхонаси (Суратнинг Қаршида содир бўлган воқеага алоқаси йўқ)

Пахтага олиб чиқилган ўзбекистонлик талабалар ётоқхонаси (Суратнинг Қаршида содир бўлган воқеага алоқаси йўқ)

Қарши Давлат университети Тарих факультети миллий ғоя йўналиши 2 курс талабаси шу факультет 4 курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябрь куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган.

Воқеа университет талабалари пахта тераётган Нишон туманида содир бўлган.

Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасига кўра, 2 курс талабаси, 1990 йилда туғилган Ўролов Акрам Садатович 4 курс талабалари: 1990 йилда туғилган Козим Омоновни, 1990 йилда туғилган Самандар Нурматовни, 1988 йилда туғилган Зафар Тўхтаевни ҳамда 1989 йилда туғилган Воҳид Қодировларни пичоқлаган.

Айтилишича, инцидент 4 курс талабасининг 2 курс талабаларидан ўзи учун пахта теришни талаб қилганидан келиб чиққан.

Пичоқланган 4 талабадан бири - Козим Омонов воқеа жойида нобуд бўлган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги Озодлик манбасига кўра, Самандар Нурматов ва Зафар Тўхтаевлар шу кунда маҳаллий касалхонада даволанмоқда.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага кўра, воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97 – моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган, тергов амалиётлари олиб борилмоқда.

Баъзи кузатувчилар мазкур воқеани Ўзбекистондаги ўқув юртлари талабалари орасида “дедовшчина” иллати тарқалгани далили, айниқса пахта далаларида мажбурий меҳнатга жалб этилган шароитда юқори курс талабаларининг қуйи босқич талабалари устидан зўравонлиги одат тусига кириб қолгани далили сифатида баҳоладилар.

Талаба Козим Омоновнинг ўлими сўнгги бир ҳафта ичида пахта теримига олиб чиқилган талабалар орасидаги иккинчи ўлим ҳолатидир.

9 сентябрь куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб ҳалок бўлган эди.

Ҳар йили пахта теримига жалб этилган талабалар орасида ўнлаб қурбонлар қайд этилади.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари йиллардан буён Ўзбекистон ҳукуматини ўқувчи ёшларни мажбурий қишлоқ хўжалик ишларига жалб этишни тўхтатишни талаб қилиб келади.

БМТ қошидаги Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертлари шу кунларда Ўзбекистон пахта далаларида пахта теримини мониторинг қилади ва мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларини қайд этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG