Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:24

ЕИ расмийси Ўзбекистоннинг болалар меҳнатига барҳам бериш уринишларини мақтади


ЕИ расмийси Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам бериш жараëнида ижобий ўзгаришлар кузатилганини қайд этиб турган айни кунларда Озодлик манбалари болаларнинг далага чиқарилаëтганидан хабар бермоқда.
ЕИ расмийси Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам бериш жараëнида ижобий ўзгаришлар кузатилганини қайд этиб турган айни кунларда Озодлик манбалари болаларнинг далага чиқарилаëтганидан хабар бермоқда.
Европа Парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси чоршанба кунги йиғинида Ўзбекистонда пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммосини муҳокама қилди. Йиғинда Европа Иттифоқининг Марказий Осиë бўйича махсус вакили Патрисия Флор бу вазият юзасидан қўмита аъзоларига ҳисоб берди.

- Кейинги икки йил давомида аҳëн-аҳëнда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиëтини йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларда илгари силжишга гувоҳ бўлдик. Аввалига бу жараëн Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида бошланган бўлса¸ ўтган йили бу жараëннинг миллий миқëсга чиққанини кўрдик. Аммо афсуски бу жараëн фақат 16 ëшгача бўлган болалар меҳнатини тугатишга оид¸ холос¸ деди Флор айни кунларда яна халқаро эътиборга тушаëтган Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммосига тўхталиб.

Ўзбекистон ҳукуматининг пахта йиғим-терим мавсумида миллионлаб мактаб ва коллеж ўқувчисини оммавий равишда далага чиқариб келаëтгани йиллардан бери Ғарб ҳуқуқ ташкилотларининг жиддий норозилигига сабаб бўлиб келмоқда.

Бу норозилик ифодаси сифатида бир неча йилдан бери Ғарбда болалар қўли билан терилган ўзбек пахтасини бойкот қилиш кампанияси олиб борилмоқда. Ана шу норозиликка муносабат тариқасида БМТ қошидаги Халқаро Меҳнат ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати билан болалар меҳнатига оид вазиятни бевосита пахта мавсумида мамлакат ҳудудидан туриб кузатиш юзасидан музокара олиб борди.

Флор хоним бу музокараларнинг ўтмишда самара бермаганини қайд этди:

- Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнати муаммосини ҳал этиш уринишлари ўтганда Халқаро Меҳнат ташкилоти кузатувисиз бўлди ва бизнинг нуқтаи-назаримизда 18 ëшгача бўлганларнинг ҳаммаси бола ҳисобланади ва шу боис болалар меҳнатини тугатиш бўйича жиддийроқ ҳаракат қилиниши лозим¸ деди Флор хоним.

Бир неча йиллик музокаралар¸ ниҳоят 2013 йилги пахта мавсуми арафасида ўзаро келишув билан якун топди ва ЕИ расмийси¸ бу келишувни “жиддий илгари силжиш” дея баҳолади:

- Жорий ëз давомида¸ биз ниҳоят Халқаро Меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон ўртасида пахта мавсумида кузатувчилар гуруҳини мамлакатга киритиш юзасидан олиб борилган музоакараларда ижобий силжишга гувоҳ бўлдик. Илк бор иккала томон бу кузатув шартлари ва вақтига оид келишувга эришдилар. Биз ҳозир бу ерда гаплашиб турган айни дақиқаларда Халқаро Меҳнат ташкилоти кузатувчилари Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнат вазиятини бевосита кузатиш билан бандлар¸ деди Флор.

Айни кунларда Халқаро Меҳнат ташкилотининг саккизта кузатувчилар гуруҳи Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнати вазиятини бевосита кузатишга уринмоқда. Ўзбекистон расмийлари ҳамроҳлигида амалга оширилаëтган бу мониторинг жараëнининг нақадар мақсадга мувофиқлиги мустақил кузатувчиларда шубҳа уйғотмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари¸ Ўзбекистон ҳукумати¸ халқаро кузатувчилар кўзини шамғалат қилиш учун турли усулларни ишга солаëтгани¸ уларга асл вазиятни айтишга журъат қиладиган ўзбекистонликларни топиш¸ тазйиқ ва таъқиблар боис¸ имконсиз бўлишидан хавотир билдирмоқдалар.

Бу хавотирларга муносабат билдирган ЕИ расмийси¸ ХМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги келишувда бу кузатув жараëни шартлари аниқ белгиланганини таъкидлади:

- Мен Халқаро Меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон ҳукумати келишиб олган кузатув методологиясига алоҳида тўхталмоқчиман. Бу келишувга кўра¸ халқаро кузатувчилар пахта далаларига тўсиқсиз ва олдиндан хабар бермай чиқишга ҳақли ва улар билан суҳбатлашган маҳаллий аҳолига нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмайди. Бу жиҳатлар¸ бизнинг назаримизда¸ ўта муҳимдир. Айни пайтда бу шартлар¸ Халқаро Меҳнат ташкилоти жаҳон бўйлаб ўтказадиган мониторинг жараëнига умумиятла хосдир.

Европа Иттифоқи номидан мен бу тўғри йўл сари ташланган дадил ва муҳим қадамни олқишлайман. Бу жуда муҳим илгари силжиш. Айни пайтда бу болалар меҳнати билан боғлиқ муаммо ҳал бўлганини англатмайди. Бу Ўзбекистондаги болалар меҳнатини йўқ қилиш учун қилинаётган кузатув жараёнининг бошланишидир, деди Флор хоним.

ЕИ расмийси¸ Ўзбекистондаги болалар меҳнатидан фойдаланиш жараëнининг узоқ бўлажагидан огоҳлантириб¸ бу йўлда натижага эришиш учун Тошкент билан конструктив мулоқотни давом эттириш лозимлигини таъкидлади:

- Пахта даласида болалар меҳнатидан фойдаланиш Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистонда азалдан чуқур отган муаммо эканини тан олишимиз лозим. Шу боис Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ўрта муддатлик истиқболи белгилаб олиниши¸ айни пайтда¸ ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги мулоқотни давом эттириш ўта муҳимдир¸ деди Флор.

Ўзбекистон билан Андижон қирғинидан сўнг ëмонлашиб кетган муносабатларни яхшилашга уринаëтган ЕИ расмийси¸ Европа Парламенти инсон ҳуқуқлари қўмитасида қилган чиқишида ўзаро мулоқотнинг боришига ижобий баҳо берди:

- Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнат муаммосига барҳам бериш учун келажакда мамлакат иқтисоди ва қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилиши лозим. Бу ислоҳотлар қишлоқ хўжалиги¸ хусусан пахта секторини либерализация қилиш¸ қишлоқ иқтисодини диверсификация қилиш ва умумиятла меҳнат шароитларини яхшилашни ўз ичига олмоғи лозим.

Мен шу ўринда бу муаммолар юзасидан Ўзбекистон билан муносабатларимизда ижобий жиҳатлар борлигини таъкидламоқчиман. Умид қиламанки¸ Ўзбекистон билан бу муносабатлар мамлакатдаги ўзингизга маълум бошқа инсон ҳақлари муаммоларини ҳал қилишда ҳам ëрдам беради¸ деди чоршанба куни Европа Парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнат муаммосига оид вазият юзасидан маъруза қилган ЕИнинг Марказий Осиë бўйича махсус вакили Патрисия Флор.
XS
SM
MD
LG