Линклар



Москва вилоятининг Володарский қўрғонида полиция ва ФМС олиб борган режали текшириш пайтида 200 нафар хорижлик, жумладан Ўзбекистон фуқаролари ушланди. Мигрантлар эски тикиш фабрикасида ноқонуний тарзда қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарганликда айбланмоқда.

Муҳожирлар тикувчилик цехида торт ва конфет тайёрлаган

18 сентябр куни Москва вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Федерал миграция хизматининг Ленинский тумани бўйича бўлими ходимлари вилоятнинг Ленинский тумани Володарский қўрғонидаги Централная кўчаси 30 манзили бўйича ёпилиб кетган тикув фабрикаси цехларида ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган 200 нафар меҳнат муҳожирини қўлга олди.

Москва вилоят полиция бошқармасининг расмий вакили Богдан Зименко Озодлик мухбирига ушланганларнинг постсовет республакаридан келган муҳожирлар эканини билдирди:

- Улар орасида Арманистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Ўзбекистон, Тожикистон фуқаролари бор. Улар”Ноқонуний мигрант” оператив-профилактика амалиёти давомида ушланди. Айтишим керакки, бу амалиёт режа асосида доимий равишда вилоятимизнинг барча туманларида олиб борилмоқда ва олиб борилади, деди Москва вилоят Ички ишлар бошқармаси расмийси Богдан Зименко.

Ушланганлар¸ полиция расмийсига кўра¸ тикув цехларида санитария қоидаларига зид равишда торт, конфет ва бошқа ширинликлар ишлаб чиқарган.

Богдан Зименко ҳозирда полиция ноқонуний меҳнат фаолиятини ташкил этган шахсларни аниқлашга уринаётганини маълум қилди.

Айрим маълумотларга кўра, яширин кондитерлик цехи “Русский Пекарь” ширкатига тегишли.

Полиция расмийси 200 мигрант барчасининг Ленинск тумани Ички ишлар бошқармасига олиб келингани ва уларнинг ҳужжатлари текширилаётганини билдирди.

Полициянинг Москва вилояти бўйича бошқармасида айни амалиётнинг 16 сентябр куни Солнечногорск туманида ҳам ўтказилганини маълум қилишди. Ўша куни туманнинг саноат зоналаридан бирида тротуар плитка ишлаб чиқараётган ва автосервисда ноқонуний ишлаб келган 50 та муҳожир ушланган.

Ушланганлар барчасининг Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирлари экани аниқланган. Бу муҳожирлар ишини клриб чиққан маҳаллий суд улардан 9 нафарини депортация қилиш, қолганларини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор чиқарган.

Ўзбекистонлик “қул бозори”ни ташкил этганликда айбламоқда

Москва вилоят полицияси хориж фуқароларининг ноқонуний меҳнат фаолиятини ташкиллаштирганликда айбланаётган икки кишини қўлга олди.

- Олиб борилган оператив амалиёт давомида 54 ёшли Озарбайжон Республикаси ва 55 ёшли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қўлга олинди. Айбланувчилар Волоколамский туманининг Чисмен қишлоғида ноқонуний меҳнат бозорини ташкил этган. Уларнинг пул эвазига харидорларга марказий осиёлик ишчиларни турли юмушларни бажаришга сотиб келгани бўйича исбот-далиллар йиғилди, деди Москва вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот маркази ходими Кирилл Полежаев.

Бундан ташқари, полиция ўзбекистонлик ва озарбайжонлик “қора бригадирлар” қўлида ишлаб келган 20 нафар ноқонуний меҳнат муҳожирини ҳам қўлга олган.



Аниқланишича, бундай таклифга мазкур туманда талаб жуда катта бўлган. “Қул бозорини” ташкил этганликда айбланаётган шахслар маҳаллий полиция ва миграция хизмати ходимлари билан келишиб, сотувга қўйилган ишчиларини қалбаки ҳужжатлар билан таъминлашни ўз зиммасига олиб келгани айтилди.

Ҳозирча исми ошкор этилмаётган бригадирларга нисбатан полиция бошқармаси томонидан “Ноқонуний миграция ташкил этиш”да аблов қўйилди ва жиноий иш очилди.

Полиция Москва вилоятида яна бир “қуллар бозори” ёпилганини эълон қилди.

Москвада ноқонуний миграцияга қарши кураш авж олмоқда

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бўйича бошқармаси 2013 йил бошидан буён 60 минг муҳожир маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар тарқатди.

Суд қарорига биноан аниқланган ҳуқуқбузарлардан 3 минг нафари Россиядан чиқариб юборилган.

“Полиция ходимлари томонидан Москвада жорий йилнинг 7 ойи давомида муҳожирлар содир этган 17 минг жиноят қайд этилди. Жумладан, 6720 жиноятни яқин хорижлик содир этган. Бундан ташқари, хориж фуқароларининг 274 минг маъмурий жиноятга қўл ургани қайд этилди”, дейилади Москва полицияси хабарномасида.

Миграция қонунчилигини бузган меҳнат муҳожирларига йил бошидан бери 103 миллион рубл миқдорида жарима солинган, бу эса ўтган йилги кўрсаткичлардан 10 баробар кўпдир.

Полициячилар навбатдаги текширув ва рейдлар нишони ўнлаб ноқонуний муҳожир яшаб келаëтган “резина квартиралар” бўлажагидан огоҳлантирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG