Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:31

Навоий КМК раҳбари иш ташлаган ходимлари билан учрашишдан бош тортди


Навоий кон-металлургия комбинати директори Қувондиқ Санақулов (чапдан иккинчи)нинг бошқарув услубидан ишчилар бир неча бор норозилик билдирган.
Навоий кон-металлургия комбинати директори Қувондиқ Санақулов (чапдан иккинчи)нинг бошқарув услубидан ишчилар бир неча бор норозилик билдирган.
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақулов иш ҳақларини ошириш, ижтимоий муҳофазани кучайтириш ва бошқа муаммолар ҳал этилиши талаби билан иш ташлаган ишчи-хизматчилар вакилларини қабул қилиш талабини рад қилди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган Навоий кон-металлургия комбинати мутахассисларидан бирининг айтишича, комбинатнинг Зарафшондаги 2-гидрометаллургия заводи ишчилари уч кун аввал иш ташлаш эълон қилган:

- Ишчилар асосан иккита талаб қўйган. Маошларни ошириш ва ижтимоий муҳофазани яхшилаш. Иш ташлаш уч кундан бери давом этаяпти. 17 сентябр куни завод ишчиларининг вакиллари бош директор Қувондиқ Санақулов қабулига келган. Бироқ Санақулов "Бор, йўқол ҳамманг, ўрниларингга 200 минг сўмга ишлайдиган одамларни қўяман", деб ҳайдаб солган, деди Озодлик манбаси.

Навоий кон-металлургия комбинати директорининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Илҳом Ражабов Озодлик билан суҳбатда, комбинатда иш ташлаш бошлангани ва норозилар ўз вакилларини раҳбариятга учрашиш учун йўллаганини рад қилди:

- Бизга ҳеч қандай гуруҳ шикоят билан келгани йўқ. Бизда ҳар битта шикоят, ҳар битта истак раҳбарият томонидан бирданига жойига чиқиб ҳал қилинади. Сиз айтаётган масалада бизга мурожаат бўлмаган. Бизларда комбинат ишчи-хизматчиларини қабул қилиш бўлими очилган, шу ерда ҳамма муаммолар ҳал қилинади, деди Илҳом Ражабов.

Навоий КМКига қарашли конлардан бирида ишлайдиган мутахассиснинг айтишича, корхонага Қувондиқ Санақулов директор этиб тайинлангандан сўнг, ишчилар маоши сурункали тарзда камайиб кетган ва уларнинг ижтимоий муҳофазаси эътиборсиз қолдирилган:

- Қувондиқ Санақулов комбинатга 2008 йилдан директор бўлганидан буён ойликлар фақат орқага қараб кетаяпти. Зармитон ва Учқудуқ конларида ишлаган жуда кўп рус ва бошқа миллатга мансуб мутахассислар ишни ташлаб Россияга кетди. Куни кеча маошларни 15 фоиз ошириш ҳақидаги президент фармони ҳам бизга таъсир қилмади. Ижтимоий ҳимояланишни эса гапирмай қўя қолай, нол, дейди корхона мутахсссиси.

Ўз исми айтилишини истамаган бу муҳандиснинг айтишича, Николай Кучерский ўрнига тайинланган НКМК директори Санақулов бир пайтлар гуллаб-яшнаган комбинатда зўравонлик ва диктатурага асосланган бошқарув тизими ўрнатган:

- Шу одам директор бўлгандан кейин халққа бирор оғиз яхши гапирмади. Жуда ҳам қўпол, қўл остидагиларни сўкади, уради. Ўз ҳаққини ёки маошлар оширилишини талаб қилган одам, директорнинг ғазабига учрайди. “Керак, бўлса сенларга икки халта ун бериб, юз минг сўмга ҳам ишлатаман”, деб гапирганларини эшитганман. Корхонада бир йилда 90 тонна олтин ишлаб чиқарилади. Агар шунинг атиги 10 фоиз миқдоридаги пулини ойлик қилиб берганда эди, халқ рози бўларди. Халқ 100 процент норози, лекин ҳеч ким миқ этолмайди, миқ этган тазйиққа учрайди, дейди комбинатнинг ўз хавфсизлигидан чўчиб исми-шарифи сир қолишини сўраган мутахассиси.

Навоий КМК да ҳайдовчилик қилаётган зарафшонлик Озодлик манбаси ҳам ишчиларнинг ижтимоий муҳофазаси ёмон аҳволда эканлигини айтади:

- Кучерский даври яхши эди, ойликлар ҳам кучли эди. Кейин касал бўлганларни санторийларга юбориш, уларни даволатиш¸ деган нарсалар бўларди. Техникалар ҳам янги эди. Ҳозир ҳаммаси чарчаб қолди, янгиланиш йўқ, дейди комбинат ишчиларидан бири.

Озодлик олган ишончли маълумотга кўра, Навоий КМКга қарашли Самарқанд вилоятининг Зармитон туманидаги гидрометаллургия заводида 25 миллард сўмлик камомад аниқланган ва завод директори Бахтиёр Иброҳимов Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибс қилинган.

2012 йил октябр ойида НКМКнинг Учқудуқдаги Шимолий кон бошқармаси ва Зарафшондаги Марказий кон бошқармасининг жами 6500 ишчиси маош озлиги боис ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган эди.

Навоий кон-металлургия комбинати бўлимлари республиканинг еттита ҳудудида жойлашган. Корхона меҳнат жамоасида 67 мингдан зиёд одам ишлайди.

Комбинат асосан олтин ва уран ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Бундан ташқари корхона фосфорит хом-ашёсини қазиб олиш, сульфат кислота ва олтин, кумуш буюмларини ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади.
XS
SM
MD
LG