Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:16

Ўзбекистон Водилда чегара назорати ўрнатмоқчи


Ўзбекистон Қирғизистон ичидаги Водил эксклавига иккита чегара бекати ўрнатмоқчи. Айни пайтда бу ҳудудда чегара ўтказиш пунктлари мавжуд эмас эди. Иккита чегара бекатининг ўрнатилиши ортидан нафақат ўзбекистонликлар, балки қирғизистонликлар ва учинчи давлат фуқаролари ҳам катта муаммоларга дуч келиши айтилмоқда.

Ўзбекистон ўзининг Водил эксклавига чегара бекталарини ўрнатиши тўғрисида Қирғизистоннинг Боткен вилояти расмийлари маълум қилди.

Маълумотда айтилишича, Ўш-Боткен йўлида жойлашган Водилга чегара бекатларининг ўрнатилиши ҳақида Ўзбекистон чегара расмийлари қирғиз томонини расман огоҳлантирган.

Мазкур чегара бекатларининг ўрнатилиши ортидан бу ердан эркин ўтиб юрган ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар борди-келдисига чеклов киртилиши, яъни икки давлат фуқаролари фақат паспорт назоратидан ўтибгина чегарани кесиб ўта олишлари, учинчи давлат фуқароларига эса Водилга кириш тақиқланиши белгиланган. Қирғиз расмийларининг Ўзбекистон чегарачиларига таяниб хабар беришича, учинчи давлат фуқаролари Водилга фақат расмий делегациялар таркибида ёки махсус рухсатнома билан кира олади.

Ўзбекистон томонидан олинган огоҳлантирувда чегара бекатлари 19 сентябрдан иш бошлаши айтилган. Бироқ Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакилининг хавфсизлик бўйича ходими Адибек Набиев ҳозирча йўллар тўсилмаганини билдирди:

-Бизга Ўзбекистон томонидан Қадамжой туманидан ўтувчи транзит йўлга чегара пости ўрнатилиши ҳақида маълумот келган. Бироқ ҳозирча йўл тўсилгани йўқ. Одамлар эмин-эркин ўтиб юрибди, -деди Адибек Набиев.

Қирғизистоннинг Ўш ва Боткен вилоятларини боғлаб турувчи ягона транзит йўлнинг 14 километри Ўзбекистоннинг Водил эксклави ҳудудидан ўтади. Шунинг учун ҳам Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон исталган пайтда чегараларини бир томонлама ёпиб қўйишини назарда тутган ҳолда, катта қийинчиликларга дучор бўлишларини айтмоқдалар.

Маҳаллий таҳлилчи Асқар Баймуратовнинг фикрича, Водилга чегара бекатининг ўрнатилиши Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги совуқ муносабатларни янада кучайтириши мумкин.

Ўзбекистон Водилдан ўтадиган йўлни транзит учун бекритиб қўйса, Қирғизистон жавоб чораси қаторида Водилни қамал қилиши мумкин. Бунинг оқибатида эса Ўзбекистоннинг Сўх ва Шохимардон эксклавлари аҳолиси қамал ҳолатида қолади ёки чегарани жуда узоқ йўл босиб, Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳри орқали кесиб ўтишга мажбур бўлади.

“Шунинг учун,- дейди таҳлилчи,- Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари Водилга чегара бекати ўринатмаслик масаласини келишиб олишлари керак”.

Ўзбекистон 2000 йилгача Водил эксклавига чегара бекатларни ўрнатган эди. Ўша пайтда бу бекатлар туфайли ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар ўртасида турли низолар ва норозиликлар кучайган.

Боткен вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Айбалаев Ўзбекистон билан келишиб, Водилдаги чегара ўтказиш пунктларини бекор қилишга муваффақ бўлган эди.

Орадан 13 йил ўтгач, Ўзбекистон Водилда яна чегара назорат пунктларини очишга қарор қилди.
XS
SM
MD
LG