Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:12

Кўчада қолган қорақалпоғистонлик оиласида фарзанд туғилди


Уч ой аввал уйлари бузилганидан сўнг кўчада қолган қорақалпоғистонлик Уббиниёзовлар оиласида ўғил туғилди. Шунга қарамай улар ҳамон Нукус шаҳри марказида, очиқ осмон остида қолишмоқда. Асли касби ўқитувчи бўлган оила бошлиғи айни пайтда ишсиз.

Убаниёзовлар Янги туғилган чақалоққа Суръат деб исм қўйишди. Боланинг отаси Мурод Уббаниёзов тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов шарафига ўғлига шундай исм қўйганини айтди:

- Бизни аҳволимизга шу киши биринчи бўлиб эътибор қаратди. Шунинг учун ўғлимизга шу одамнинг исмини бердик, - дейди Уббаниёзов.

Асли касби ўқитувчи бўлган Уббиниёзов ҳозир ишсиз. У хотини ва 9 яшар фарзанди билан Нукус шаҳридаги квартираларидан июн ойида чиқариб юборилганидан буён, пули йўқлиги сабабли кўчада қолган.

Уббиниёзовларга тегишли бўлган битта уйдаги икки ва уч хонали квартираларни биттага ҳисоблаб баҳолашган.

Натижада фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро суди бузилган уй учун 90 миллион сўм ("қора бозор" курсида 28 минг АҚШ доллари)миқдорида товон пули берилиши ҳақида ажрим чиқарган.

- Менга квартирам бузилгани учун арзимаган пулни таклиф этишди, ўрнига янгисини олишим учун у етмайди. Шунинг учун мен компенсация пулини олмадим. Мен улардан бузилган уйимга арзирлик пулни талаб этаяпман, беришмаяпти, -дейди Уббаниёзов.

Уббаниёзовлар Нукус шаҳар ҳокимияти олдида пикет ҳам ўтказмоқчи бўлишди, бироқ уларга ҳеч ким эътибор қаратмади.

Рафиқаси Муҳаббат Уббаниязова шу ой бошида чақалоғи билан ота-онасиникига вақтинча кўчиб ўтди. Муҳаббат опа хомиладорликнинг сўнгги ойларини кўчада ўтказишга мажбур бўлди.

- Хомиладорлик пайтдаги қийинчиликлардан ўғлим икки ярим кило туғилди. Ҳозир сутим ҳам етмаяпти, - дейди Муҳаббат опа.

Мурод Уббаниёзов эса 9 яшар ўғли билан ҳамон кўчада қолмоқда. Улар квартира учун пули йўқлиги сабабли кўчада, ипга тортилган чойшаблар соясида яшашга мажбур бўлишмоқда.

- Алоҳида квартирани кирага олишга пул йўқ. Ҳозир уйимиздан чиқариб ташланган нарсаларни, китобларни сотиб, овқатга зўрға пул топаяпмиз. Ўғлим мактабга ҳам бормаяпти, бу йил 4 –синфга бориши керак эди, - дейди Уббаниёзов.

Ҳозирда қорақалпоғистонлик Мурод Уббаниёзов бузилган уйига арзирлик товон пули олиш учун охиригача курашишини айтмоқда.

-Оҳиригача курашаман. Менга етарли тавон пулини беришмагунича шу ерда яшашни давом эттираман, - дейди Нукус марказида очиқ осмон остида қолган қорақалпоғистонлик Уббаниёзов.
XS
SM
MD
LG